Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
Ҳар хонадонда байрам шукуҳи
2016-08-19 | Жамият
Фарғона вилоятининг Бувайда туманида “Гўзал ва бетакроримсан, муқаддас Ватаним, жоним сенга фидо, Ўзбекистоним!” шиори остида маданий-маърифий тадбир бўлиб ўтди.
Мустақиллигимизнинг йигирма беш йиллиги муносабати билан ташкил этилган тадбирда Ўзбекистон Касаба уюшмалари федерацияси кенгаши раиси Т.Норбоева ва бошқалар Президентимиз раҳнамолигида амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар, аввало, инсон ва унинг манфаатларига хизмат қилаётганини алоҳида таъкидлади. Бунинг самарасида аҳолининг ижтимоий ҳимояга муҳтож қатлами, кексалар, ногиронлар ва кам таъминланган оилалар давлат ва нодавлат ташкилотлари томонидан ҳар томонлама қўллаб-қувватланиб, уларга зарур тиббий, ижтимоий ёрдам кўрсатилмоқда. Эзгу мақсад йўлидаги бу саъй-ҳаракатларда касаба уюшмаларининг ҳам ўз ўрни бор.
Тадбир доирасида тумандаги ёлғиз ва ижтимоий ҳимояга муҳтож кексалар, эҳтиёжманд оилалар ҳолидан хабар олиниб, уларга моддий-маънавий ёрдам кўрсатилди. Бир гуруҳ хотин-қизларга электр маиший техника жиҳозлари, санаторияга йўлланмалар топширилди.
– Энг улуғ, энг азиз байрамимиз олдидан бундай тадбирлар вилоятимизнинг чекка ҳудудларида ўтказилмоқда, – дейди Фарғона вилояти касаба уюшмалари ташкилотлари бирлашмаси раиси Т.Саримсоқов. – 362 нафар оилага электр маиший техника жиҳозлари, 7 кишига соғлиғини тиклаш учун сиҳатгоҳга йўлланма берилди. 29 иқтидорли талаба-ёш касаба уюшмалари стипендияси сертификатини олди. Хизмат бурчини бажариш чоғида ҳалок бўлган ҳарбий хизматчиларнинг оилаларига моддий ва маънавий ёрдам кўрсатилмоқда.
Тадбирда санъаткорлар иштирокида концерт намойиш этилди.
Манба: ЎзА