Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
Маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг қонун ижодкорлигида ўрни ва масъулияти
2016-08-19 | Жамият
Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлигининг ташаббуси билан Қашқадарё вилоят Адлия бошқармасида маҳаллий давлат ҳокимияти органлари раҳбарларининг қонун ижодкорлиги, қабул қилинган қонунларни ижрочилар ва аҳолига етказиш, шунингдек уларнинг сўзсиз бажарилишини таъминлаш бўйича ишларни ташкиллаштириш юзасидан ўрни ва масъулиятига бағишланган тадбир бўлиб ўтди.
Тадбирда Адлия вазирлиги масъул ходимлари, маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг ушбу масалага масъул мансабдор шахслари, маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг ҳамда давлат бошқаруви ҳудудий органларининг юридик хизмати ходимлари ҳамда оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этишди.
Семинарда бугунги кунда жамиятни демократлаштириш ва янгилаш, мамлакатни ислоҳ қилиш ҳамда модернизациялаш жараёнида маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг норма ижодкорлиги ва ҳуқуқни қўллаш амалиёти соҳасидаги фаолиятини янада такомиллаштириш масалаларига алоҳида эътибор қаратиб келинаётганлиги, қонунларнинг халқчил, хаётий бўлиши уларнинг ижроси таъминланиши кўп жихатдан жойлардаги махаллий давлат ҳокимияти органларининг халқнинг ичига кириб бориши, мавжуд муаммоларни аниқлаши ва уларни бартараф этиш юзасидан тегишли идораларга таклифлар тайёрлаши ва киритишига боғлиқлиги хақида сўз юритилди.
Шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлигининг асосий вазифаларидан бири ҳам норма ижодкорлиги ва ҳуқуқни қўллаш амалиёти соҳасида фуқароларнинг конституциявий ҳуқуқ ва эркинликларини ишончли ҳимоя қилиш, қонун устуворлигини, давлат ва жамият қурилиши соҳасида қонунийликни таъминлашга қаратилган ягона давлат сиёсатини амалга ошириш ҳисобланиши ва бу йўналишда вазирлик томонидан тизимли равишда изчил фаолият олиб борилиши хақида таъкидланди.
Бундан ташқари, Қашқадарё вилоятида қонун ҳужжатларини такомиллаштириш бўйича таклифлар тайёрлашда вилоят ҳокимлиги ва вилоят Адлия бошқармаси томонидан бир қатор ишлар амалга оширилганлиги, хусусан, ўтган давр мобайнида, Ўзбекистон Республикасиниг Жиноят ва МЖтК кодексларига, “Маҳаллий давлат ҳокимияти тўғрисида”ги қонунига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш бўйича таклифлар
тайёрланганлиги, шу билан биргаликда тадбирда мазкур йўналишдаги муаммоли масалаларни бартараф этиш ва бу йўналишда намунавий тизим ташкил этишга қаратилган чора-тадбирлар режасини ишлаб чиқиш хамда унда бир қатор тадбирларни амалга ошириш бўйича тегишли кўрсатмалар берилди.
Тадбир иштирокчилари томонидан бир қатор таклифлар ўртага ташланди. Хусусан, қонунларнинг ижросини таъминлашда юридик хизматнинг ролини ошириш бўйича аниқ чора-тадбирлар кўриш мақсадга мувофиқлиги айтиб ўтилди.
Бахс ва мунозаралар билан ўтган ушбу тадбирда иштирокчилар керакли маълумотларни олдилар.
Манба: Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги