Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
«Қишлоқ қурилиш банк» томонидан кичик бизнес субъектларига 517,6 миллиард сўм кредит ажратилди
2016-08-19 | Иқтисодиёт
Миллий матбуот марказида «Қишлоқ қурилиш банк» акциядорлик-тижорат банки томонидан кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъектларини молиявий қўллаб-қувватлаш юзасидан амалга оширилаётган ишларга бағишланган матбуот анжумани ўтказилди.
42 филиал, 48 минибанк ва 186 банк шохобчаси орқали 692 мингдан зиёд мижозга банк хизматларини кўрсатиб келаётган «Қишлоқ қурилиш банк» томонидан бу борада муайян ишлар амалга оширилмоқда.
2016 йилнинг етти ойида банк томонидан кичик бизнес субъектларини қўллаб-қувватлашга 517,6 миллиард сўм кредитлар, жумладан, микрокредитларга 152 миллиард сўм ажратилди. Рақобатбардош истеъмол товарларини ишлаб чиқаришни кенгайтириш, ички истеъмол бозорини бойитиш, янги корхоналар очиш ҳамда мавжудларини модернизациялаш, технологик қайта жиҳозлашга йўналтирилган кредитлар миқдори 212,4 миллиард сўмни ташкил этди.
2009-2015 йиллар давомида инвестициявий лойиҳаларни молиялаштириш, ижтимоий-иқтисодий инфратузилмани янада ривожлантириш, хусусан, қишлоқ жойларда замонавий уй-жойларни барпо этиш мақсадларига 4511,2 миллиард сўм миқдорида узоқ муддатли кредитлар, шундан бевосита иқтисодиётнинг реал секторини қўллаб-қувватлаш учун 1183,7 миллиард сўм миқдорида инвестиция кредитлари ажратилди.
2009-2016 йиллар давомида банк томонидан 32,6 миллион АҚШ доллари миқдоридаги 7 кредит линияси жалб қилиниб, мазкур маблағлар ҳисобидан 80 дан ортиқ лойиҳа молиялаштирилди.
Президентимизнинг 2015 йил 21 сентябрдаги “Халқаро тикланиш ва тараққиёт банки иштирокидаги “Ўзбекистон Республикасида мева-сабзавотчилик секторини ривожлантириш” лойиҳасини амалга ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорига асосан жалб қилинган кредит линияси доирасида 2016 йилда амалга оширилган 17 лойиҳага 8,6 миллион доллар миқдорида имтиёзли кредитлар берилди.
Анжуманда банк томонидан амалга оширилиши кўзда тутилаётган истиқболли лойиҳалар, банк фаолиятининг келгусидаги асосий йўналишлари бўйича журналистларни қизиқтирган саволларга жавоб қайтарилди.
Манба: ЎзА