Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
Ўзбекистонда инклюзив таълим лойиҳаси самаралари
2016-08-19 | Жамият
Республика болалар ижтимоий мослашуви марказида Ўзбекистонда инклюзив таълимни ривожлантириш бўйича узоқ муддатли миллий стратегия лойиҳасига бағишланган давра суҳбати бўлиб ўтди.
Европа Иттифоқи ҳамкорлигида амалга оширилаётган «Ўзбекистонда алоҳида эҳтиёжли болалар учун инклюзив таълим» лойиҳаси доирасидаги ушбу тадбирда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси депутатлари, вазирлик ва идоралар, марказлар, олий таълим масканларининг вакиллари, педагоглар, ҳуқуқшунослар, экспертлар иштирок этди.
Республика болалар ижтимоий мослашуви маркази директори В.Алимова, Ўзбекистон Республикаси халқ таълими вазири ўринбосари Д.Кенжаев, Ўрта махсус, касб-ҳунар таълими маркази директорининг биринчи ўринбосари Х.Зикриллаев ва бошқалар Президентимиз раҳнамолигида мамлакатимизда амалга оширилаётган ислоҳотлар кучли ижтимоий ҳимоя тамойилига таяниши, ҳар бир фарзанднинг таълим олиши, ҳуқуқ ва манфаатларини таъминлаши, қизиқиши ва лаёқатига мос касб-ҳунар эгаллашига доимий эътибор қаратилаётганини таъкидлади.
Таълим, бола ҳуқуқларининг кафолатларига оид миллий қонунчилик миллати, ижтимоий, тиббий ҳолатидан қатъий назар, барча болаларнинг тўлақонли таълим олиши учун тенг ҳуқуқий замин яратмоқда. Физиологик имконияти турлича бўлган болаларнинг умумтаълим мактабида биргаликда таҳсил олишини назарда тутувчи инклюзив таълим алоҳида эҳтиёжли ўғил-қизларнинг жамиятга фаол интеграциялашувида, уларда ўзига бўлган ишонч, ирода ва қатъиятни мустаҳкамлашда, ёш авлодда бағрикенглик, меҳр-мурувват туйғуларини янада кучайтиришда катта аҳамиятга эга.
Мамлакатимизда инклюзив таълимга оид бир қатор лойиҳалар муваффақиятли амалга оширилди. Ўзбекистон ҳамда Европа Иттифоқи ҳамкорлигидаги «Ўзбекистонда алоҳида эҳтиёжли болалар учун инклюзив таълим» лойиҳаси 2014 йилдан бошланган. 2016 йилнинг сентябрь ойига қадар мўлжалланган мазкур лойиҳа доирасида 15 мактаб ва 15 мактабгача таълим муассасасига алоҳида эҳтиёжли болалар кенг жалб этилди. Педагог ходимлар, тиббий-педагогика ва психологик комиссияларда фаолият кўрсатаётган мутахассисларнинг масъулияти, касб малакаси оширилди. Юртимизнинг турли ҳудудларида фаолият бошлаган ресурс марказлари алоҳида эҳтиёжли болалар, уларнинг ота-оналарига, оилалар, инклюзив таълимга дахлдор мутахассисларга зарур маслаҳатлар бермоқда.
Бу борадаги саъй-ҳаракатларнинг изчил, тизимли, ўзаро мувофиқлаштирилган тарзда, ижтимоий шериклик асосида олиб борилиши тиббий имконияти ҳар хил бўлган болаларни умумий таълимга кенгроқ жалб этиш, ўқувчилар, педагоглар, маҳалла, кенг жамоатчиликнинг ижтимоий инклюзияга оид хабардорлигини янада оширишнинг муҳим омилидир.
– Ўзбекистондаги инклюзив таълим бу соҳадаги халқаро андозаларни ўзида тўлиқ уйғунлаштиргани билан бирга, барча учун тенг, очиқ ва бир хил шароитларнинг яратилгани, инсонпарварлиги билан диққатга сазовор, – дейди «Ўзбекистонда алоҳида эҳтиёжли болалар учун инклюзив таълим» лойиҳаси раҳбари Стефания Алишаускиене. – Бу йўналишда узоқ муддатли миллий стратегиянинг қабул қилиниши қонунчилик, инклюзив таълим амалиётини янада такомиллаштиришда муҳим аҳамият касб этади.
Давра суҳбатида муҳокама этилган масалалар бўйича фикр алмашилди.
Манба: ЎзА