Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали

Архив
2024
Календарь

Воқеалар

Дш Сш Чш Пш Жм Шн Як
Порталда янгилик
  • Сен –қудрат манбаи, саодат маскани, жонажон Ўзбекистоним! Батафсил>>>
  • Оммавий савдолар орқали сотилиши белгиланган давлат мулки объектлари Батафсил>>>
  • "Давлат органлари ижтимоий тармоқларда" саҳифаси Батафсил>>>
  • Жонажон Ўзбекистоним, мангу бўл омон! Батафсил>>>
  • «Очиқ бюджет» саҳифаси Батафсил>>>

Спорт, гўзаллик ва бирдамлик байрами

2014-11-29 | Спорт

Пойтахтимиздаги бадиий гимнастика бўйича болалар-ўсмирлар республика ихтисослашган олимпия захиралари спорт мактабида хотин-қизлар ўртасида "Гимнастика барча учун" анъанавий мусобақаси бўлиб ўтди.

Ўзбекистон Хотин-қизлар қўмитаси, Маданият ва спорт ишлари, Халқ таълими вазирликлари, Республика гимнастика федерацияси ва "Соғлом авлод учун" халқаро хайрия фонди, Болалар спортини ривожлантириш жамғармаси каби қатор давлат ва жамоат ташкилотлари ҳамкорлигида ташкил этилган мусобақада мамлакатимизнинг барча ҳудудларидан 160 нафардан зиёд иштирокчи ғолиблик учун баҳслашди.

Мусобақа очилишида Президентимиз Ислом Каримов раҳнамолигида хотин-қизларнинг жамиятдаги ўрни ва нуфузини ошириш, ҳуқуқ ва манфаатларини таъминлаш, ижодий-интеллектуал, маънавий ва жисмоний салоҳиятини юксалтириш, саломатлигини мустаҳкамлаш масалаларига доимий эътибор қаратилаётгани алоҳида таъкидланди.

Хотин-қизлар ўртасида жисмоний тарбия ва спортни оммалаштириш оилаларда соғлом муҳит шаклланишига, қизларнинг ҳар томонлама баркамол бўлиб вояга етишига хизмат қилмоқда. Айниқса, спортнинг қизларга мос турларини ривожлантириш борасида олиб борилаётган кенг кўламли ишлар самарасида спорт билан мунтазам шуғулланаётган қизлар сафи муттасил кенгайиб бораётгани қувонарлидир. Масалан, бугунги кунда 7 миллиондан зиёд қиз спортга жалб этилган бўлса, шундан 3 миллиондан ортиғи спорт билан мунтазам шуғулланмоқда. Улар орасида бадиий гимнастика, синхрон сузиш, кураш, теннис каби спорт турлари тобора оммалашмоқда.

Юртимиз спортчи қизларининг халқаро мусобақаларда эришаётган натижалари ҳам йилдан-йилга ортмоқда. Хусусан, яқинда Жанубий Кореянинг Инчеон шаҳрида бўлиб ўтган XVII Осиё ўйинларида спортчи қизларимизнинг қўлга киритган ютуқлари таҳсинга лойиқ.

Аҳоли, айниқса, хотин-қизлар ўртасида бадиий ва спорт гимнастикаси, аэробика, акробатика, трамполин, замонавий рақс ва фитнес машғулотларини ўзида бирлаштирган гимнастрада ҳам тобора оммалашмоқда. Ушбу спорт тури бўйича мусобақаларнинг мунтазам ташкил қилинаётгани бунда муҳим аҳамият касб этаётир. Бу жиҳатлар "Гимнастика барча учун" анъанавий мусобақасида ҳам ўз ифодасини топди.

Мусобақа иштирокчилари орасида гимнастрада билан мунтазам шуғулланаётган спортчилар билан бирга мактаб ўқувчилари, уй бекалари, корхона ва ташкилотлар ходимлари ҳам борлиги мамлакатимизда спорт аҳолининг барча қатлами ўртасида кенг оммалашаётганидан далолатдир.

– Гимнастика билан мунтазам шуғулланаман, – дейди сурхондарёлик Дилрабо Холиқулова. – Бу каби турнирлар ўз салоҳиятимизни намойиш этиш, спорт орқали соғлом турмуш тарзи тамойилларига амал қилишимизда муҳим аҳамиятга эга. Келажакда нуфузли мусобақаларда иштирок этиш ниятидаман.

Мусобақада жамоалар тайёрлаган композициялар ижро маҳорати, рақс ва гимнастика элементларини бажариш қобилияти бўйича баҳоланди.

Наманган вилоятининг "Фантазия" жамоаси биринчи, Навоий вилоятининг "Қизилқум гавҳари" жамоаси иккинчи, Самарқанд вилоятининг "Самарқанд юлдузи" жамоаси учинчи ўринни эгаллади. Турли номинациялар бўйича ҳам ғолиб жамоалар аниқланиб, ташкилотчилар томонидан муносиб рағбатлантирилди.

Тадбирда Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари, Республика Хотин-қизлар қўмитаси раиси Э.Боситхонова сўзга чиқди.

Манба: ЎзА

Поделиться