Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
Пухта амалиёт – бандликнинг муҳим омили
2015-12-24 | Сиёсат
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасида “Касб-ҳунар коллежлари битирувчиларининг ўқув ва ишлаб чиқариш амалиётини ташкил этиш ва уларнинг бандлигини таъминлашнинг долзарб масалалари” мавзуида давра суҳбати бўлиб ўтди.
Қонунчилик палатасининг Фан, таълим, маданият ва спорт масалалари қўмитаси томонидан ташкил этилган тадбирда вазирлик ва идоралар, банк-молия тузилмалари мутасаддилари, касб-ҳунар коллежлари раҳбарлари, оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этди.
Фан, таълим, маданият ва спорт масалалари қўмитаси раиси А.Шодмонов, Ўрта махсус, касб-ҳунар таълими маркази директорининг биринчи ўринбосари Х.Зикриллаев ва бошқалар Президентимиз Ислом Каримов раҳнамолигида таълим тизимини ислоҳ этиш борасида амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар мамлакатимизда янгича фикр ва дунёқарашга эга авлодни вояга етказиш, реал иқтисодиётнинг турли жабҳалари учун зарур мутахассислар етказиб беришда устувор аҳамият касб этаётганини таъкидлади.
Ўқитиш тизимидаги янгиланишлар ўрта махсус, касб-ҳунар таълими тизимида ҳам яққол кўзга ташланмоқда. Ўн икки йиллик узлуксиз таълимнинг муҳим бўғини бўлган мазкур тизим ёшларга ўқув предметларидан пухта билим бериши билан бирга икки ва ундан ортиқ мутахассислик бўйича касб-ҳунар ўрганишида асосий омил бўлмоқда.
Давлатимиз раҳбари ташаббуси билан мамлакатимизда 1500 дан ортиқ касб-ҳунар коллежи ва академик лицей барпо этилди. Ушбу билим масканлари ўз меъморий қиёфаси ва техник таъминотига кўра энг яхши олий ўқув юртларидан асло қолишмаслиги билан диққатга сазовордир. Касб-ҳунар коллежларидаги замонавий ўқув-лаборатория, компьютер ва ишлаб чиқариш асбоб-ускуналари ўқувчилар учун умумий фанлар бўйича наинки тўлиқ билимларни эгаллаш, айни вақтда ушбу ўқув юртларидаги замонавий техника ва технологияларни ўзлаштириш имконини ҳам беради.
Бугунги кунда юртимиздаги ўрта махсус, касб-ҳунар таълим масканларида бир ярим миллионга яқин ўқувчи таҳсил олмоқда. Уларга пухта билим бериш, ўқувчиларнинг давомати, фанларни ўзлаштириши, ишлаб чиқариш амалиётини муваффақиятли ўташи, коллеж битирувчиларини уч томонлама шартнома асосида ишга жойлаштириш каби долзарб масалалар юзасидан тизимли ишлар амалга оширилмоқда.
Ҳар йили умумтаълим мактаблари 9-синф ўқувчиларининг қизиқиш ва интилишлари ҳамда меҳнат бозоридаги эҳтиёждан келиб чиққан ҳолда, коллежлардаги мавжуд йўналиш ва ихтисосликларга ўзгартишлар киритилаётгани корхоналарни зарур мутахассислар билан таъминлаш имконини бермоқда. Коллежларда ўқув ва ишлаб чиқариш амалиёти самарали йўлга қўйилгани ёшларнинг билим ва кўникмаси, тажрибаси ортишига хизмат қилмоқда. Корхоналар ва коллежлар ўртасида йўлга қўйилган узвий ҳамкорлик, ишлаб чиқариш амалиётининг тизимли тарзда олиб борилиши битирувчиларни келгусида ишга жойлаштиришда асосий омил бўлмоқда.
Давра суҳбатида коллежларда ўрта мутахассислар тайёрлашни янада такомиллаштириш, иш билан таъминлашда ёш мутахассисларнинг меҳнат хавфсизлиги ва ҳуқуқий ҳимоясини кучайтириш, ўқув-лаборатория ускуналари, техник жиҳозлардан фойдаланиш самарадорлигини ошириш, тадбиркорликни бошлаш истагидаги битирувчилар учун яратилган имконият ва имтиёзларга доир ўқув курсларини мунтазам ташкил этиш, ёшларни ишга жойлаштиришда маҳаллий ҳокимликлар, солиқ, банк-молия тузилмаларининг масъулиятини ошириш юзасидан фикр юритилди.
Тадбир ташкилотчилари ва ҳамкорлари
Манба: Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси