Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
«Ўзбекистонда кичик ва ўрта бизнес ҳамда микромолиялаш» мавзусига бағишланган давра суҳбати бўлиб ўтди
2023-07-07 | Иқтисодиёт
Жорий йилнинг 6 июль куни «Ўзбекистон Республикаси Бош вазири ўринбосари Жамшид Қўчқоров бошчилигида “Ўзбекистонда кичик ва ўрта бизнес ҳамда микромолиялаш» мавзусига бағишланган давра суҳбати бўлиб ўтди. Тадбир Тошкент шаҳридаги «Триллиант» меҳмонхонасида ўтказилди.
Унда Жаҳон банкининг Ўзбекистондаги ваколатхонаси раҳбари Марко Мантованелли, халқаро молиявий институтлар ва Германия, Япония, Сингапур каби давлатлардан бир қатор экспертлар иштирок этди.
Давра суҳбати уч қисмдан иборат бўлиб, биринчи қисмда ёшлар ва аёллар, рақамли ҳамда инновацион тадбиркорликка қаратилган иқтисодий сиёсат, молиявий оммабоплик, рақобат муҳитини ўз ичига олган Ўзбекистонда Кичик ва ўрта бизнес ривожлантиришнинг янги стратегиясини ишлаб чиқиш бўйича ўзаро фикр алмашилди.
Тадбир давомида амалга оширилган ислоҳотлардан чиқарилган сабоқлар, кичик ва ўрта бизнесни ривожлантириш ҳамда молиявий ресурслардан фойдаланишни яхшилашни кейинги босқичларга олиб чиқишнинг муҳим йўналишлари кўриб чиқилди.
Иккинчи қисмда микромолиялаш соҳасини янада ривожлантириш, кичик ва ўрта бизнес субъектларининг молиялаштириш имкониятларини яхшилаш, молиявий инклюзивликни оширишда микромолия институтларининг ролини ошириш, кичик ва ўрта бизнесни ижтимоий қўллаб-қувватлаш дастурларидан олинган натижалар ва уларни тижоратлаштириш истиқболлари муҳокамаси бўлиб ўтди.
Сўнгги ўзгаришларнинг умумий кўриниши, микромолиялаштиришнинг кейинги босқичи ва микро, кичик ва ўрта бизнесни ривожлантириш учун молиявий ресурслардан фойдаланишни яхшилаш бўйича тавсиялар тингланди.
Давра суҳбатининг учинчи қисмида халқаро экспертлар ва маҳаллий тадбиркорлар билан интерактив мулоқот ўтказилди. Унда Ўзбекистонда кичик ва ўрта бизнес ва микромолиявий ривожланиш контекстида тадбиркорларнинг фикр-мулоҳазаларини тинглаш ва бирлаштириш мавзуси кўриб чиқилди.
Манба: Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт ва молия вазирлиги