Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
Адлия вазирлигида Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилотининг Демократик институтлар ва инсон ҳуқуқлари бўйича бюроси вакиллари билан учрашув бўлиб ўтди
2023-07-06 | Жамият
2023 йил 4 июль куни Адлия вазирлигида адлия вазири Акбар Тошқулов билан Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилотининг Демократик институтлар ва инсон ҳуқуқлари бўйича бюроси делегацияси раҳбари Урсула Гачек ўртасида учрашув бўлиб ўтди.
Учрашув бошида, адлия вазири меҳмонларга Ўзбекистонда сўнгги йилларда амалга оширилаётган ислоҳотлар ҳақида қисқача тўхталиб ўтиб, Адлия вазирлигининг сайлов жараёнларидаги ўрни хақида, хусусан, сайлов қонунчилиги соҳасида қилинган ишлар, сиёсий партияларни давлат рўйхатидан ўтказиш тўғрисида ҳамда сайлов участкалари аъзоларини ўқитиш бўйича қилинган ишлар ҳақида маълумот берди.
Хорижий томон Ўзбекистонда амалга оширилаётган ислоҳотларни юқори баҳолаб, ҳозирда давом этаётган сайлов жараёнларида Адлия вазирлигининг ўрни муҳим эканлигини таъкидлаб ўтди.
Шунингдек, учрашув давомида мехмонларнинг сиёсий партиялар ва нодавлат нотижорат ташкилотларини рўйхатга олиш билан боғлиқ жараёнлар ва уларнинг фаолияти тўғрисидаги саволларига батафсил маълумотлар тақдим қилинди.
Меҳмонлар маълумотлар учун ташаккур билдириб, сўнгги йилларда Ўзбекистонда амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотларни юқори баҳолаб, икки томонлама ҳамкорликни янада ривожлантиришга ишонч билдиришди.
Учрашув дўстона ва конструктив руҳда ўтди.
Манба: Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги