Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
Самарқандда ёввойи ҳайвонларнинг кўчиб юрувчи турларини сақлашга доир конвенцияси Томонлар конференциясининг 14-йиғилиши бўлиб ўтади
2023-07-04 | Экология
2023 йилнинг 20 июнь куни Берлинда Ўзбекистон Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазири Азиз Абдуҳакимов ҳамда БМТ Ёввойи ҳайвонларнинг кўчиб юрувчи турларини сақлашга доир конвенцияси (CMS конвенцияси) Ижрочи котиби Э. Френкел ўртасида учрашув бўлиб ўтди.
Маълумот учун, CMS конвенцияси ёки Бонн конвенцияси 1979 йилда Боннда (Германия) қабул қилинган. Конвенцияга 133 та давлат аъзо. Ўзбекистон 1998 йилда конвенцияни ратификация қилган ва кўплаб кўчиб юрувчи жонзотлар: сайғоқ, қор қоплон, Бухоро буғуси, архар, қулан, жайрон, фламинго, Сибир турнаси ва бошқаларнинг ватани ҳисобланади.
Учрашув доирасида Ўзбекистон Республикаси Экология вазирлиги ва БМТ ўртасида жорий йилнинг 23–28 октябрь кунлари Самарқанд шаҳрида Конвенция Томонлар конференциясининг 14-йиғилишини (CMS COP-14) ўтказиш тўғрисида Битим имзоланди.
Шунингдек, 1200 га яқин иштирокчилар, конвенцияга аъзо мамлакатларнинг атроф-муҳитни муҳофаза қилиш вазирлари, халқаро экологик ташкилотлар (IUCN, UNEP, GEF, WWF) раҳбарлари, етакчи илмий доиралар ва оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этиши кутилаётган глобал тадбирга тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш бўйича ташкилий масалалар муҳокама қилинди.
Бундан ташқари, конференция доирасида расмий ва норасмий тадбирлар, кўргазмалар ташкил этиш масалалари ҳақида ҳам сўз юритилди.
Учрашувда конференциянинг расмий очилиш кунидан аввал Конвенция Доимий қўмитасининг 54-йиғилиши ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш вазирлари ҳамда халқаро ташкилотлар раҳбарлари иштирокида юқори даражадаги давра суҳбатини ташкил этиш бўйича келишувга эришилди.
Маълумот учун, Конвенция иштирокчилари конференциясининг аввалги 13-йиғилиши 2020 йилда Гандинагарда (Ҳиндистон) бўлиб ўтган. CMS COP га Филиппин, Эквадор, Италия, Германия, Швейцария каби давлатлар ҳам мезбонлик қилган.
Мазкур тадбир мамлакатларнинг табиий ҳудудларни бошқаришда трансчегаравий ҳамкорликни кучайтириш орқали миграция турларини сақлаш бўйича биргаликдаги саъй-ҳаракатларини бирлаштиришда муҳим аҳамият касб этади.
Қайд этиш керакки, CMS COP-14 натижасида бир қатор стратегик аҳамиятга эга ҳужжатлар қабул қилиниши, янги халқаро ташаббуслар бошланиши ҳамда ёввойи ҳайвонларнинг кўчиб юрувчи турлари ва уларнинг яшаш жойларини сақлаш соҳасида чора-тадбирлар режаси тасдиқланиши кутилмоқда.
Бундан ташқари, тадбир иштирокчилари Ўзбекистоннинг, хусусан, Самарқанд шаҳрининг туризм салоҳияти ва маданий мероси билан яқиндан танишиш имконига эга бўлади.
Манба: Ўзбекистон Республикаси Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазирлиги