Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
Марказий Осиёда иқлим ўзгариши ва хавфсизлик бўйича минтақавий ҳамкорликни фаоллаштириш масаласи муҳокама қилинди
2023-06-22 | Экология
Жорий йилнинг 20–21 июнь кунлари Тошкентда Марказий Осиёда иқлим ўзгариши ва хавфсизлик бўйича минтақавий ҳамкорликни фаоллаштиришга қаратилган семинар бўлиб ўтди.
Тадбир Ўзбекистон Республикаси Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазирлиги, Европада Хавфсизлик ва Ҳамколик Ташкилотининг Иқтисодий ва экологик фаолияти координатори офиси ҳамда Берлин таҳлил маркази «Adelfi» томонидан ташкил этилди.
Мазкур семинарда тоғли ва пасттекисликдаги иқлим билан боғлиқ муаммолар ҳамда уларни биргаликда ҳал қилиш имкониятлари муҳокама қилинди.
Шунингдек, тадбир давомида тоғли ҳудудларда турмуш шароити, музликлар эришининг тоғли ва пасттекислик ҳудудларига ҳамда шу ҳудудларда яшовчи аҳоли ҳаётига таъсири, бунинг натижасида юзага келадиган хавфларни бартараф этиш бўйича эрта огоҳлантириш ва миграция каби масалалар ҳақида ҳам сўз юритилди.
Семинар якунида барча иштирокчилар Марказий Осиёда иқлим ўзгариши ва хавфсизлик бўйича минтақавий ҳамкорликни фаоллаштириш бўйича ўз фикрларини билдиришди.
Манба: Ўзбекистон Республикаси Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазирлиги