Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
Тадбиркорликка оид барча талабларнинг электрон реестри юритилади
2023-06-13 | Технологиялар
Тадбиркорликни давлат томонидан тартибга солишнинг аниқ мақсад ва чегараларини белгилаш, бюрократик тўсиқларни қисқартириш – бизнес ва ишбилармонлик муҳитини яхшилашнинг муҳим омилларидан ҳисобланади.
Бугунги кунда тадбиркорликни тартибга солувчи 6 мингдан ортиқ меъёрий-ҳуқуқий ва 40 мингта техник ҳужжатлар мавжуд. Улардаги мавжуд айрим эски талаблар бизнесни ривожлантириш, янги маҳсулотлар, технологиялар ва хизматларни жорий этишни қийинлаштирмоқда.
Тадбиркорларнинг асосий фаолияти билан боғлиқ бўлмаган, масалан озиқ-овқат, умумий овқатланиш, қурилиш ва бошқа соҳаларда иккиламчи талабларнинг кўплиги тадбиркорларнинг ўз фаолиятини ривожлантиришига тўсқинлик қилмоқда.
Мазкур тўсиқларни бартараф қилиш, бизнес учун қўйилган талабларни тизимлаштириш мақсадида 2022 йил 9 ноябрдаги ПФ–244-сон Президент Фармонида тадбиркорлик соҳасидаги мажбурий талабларнинг ягона реестрини жорий қилиш белгиланган.
Электрон реестрга тадбиркорлик фаолиятини тартибга солиш воситалари бўйича ўрнатилган барча талаблар, уларнинг муддатлари, молиявий харажатлар, мувофиқликни тасдиқловчи ҳужжатлар, назорат қилувчи органлар, текширув шакллари ҳамда жавобгарлик чораларига оид маълумотлар киритилиши лозим.
Реестр икки босқичда шакллантирилади, биринчи босқич – 2023 йилда қурилиш, савдо, умумий овқатланиш, таълим ва транспорт соҳаларидаги мажбурий талаблар реестрга киритилади.
Иккинчи босқич – 2024-2025 йилларда барча соҳалардаги мажбурий талаблар реестрга киритилиб 2025 йил 1 июлдан тўлиқ ишга туширилади.
Ҳар бир мажбурий талабнинг долзарблиги танқидий таҳлил қилиниб тартибга солиш таъсири баҳолашдан ўтказилади ҳамда уларнинг сони қисқартирилади.
Реестрга киритилмаган талаблар бўйича тадбиркорга нисбатан жавобгарлик белгиланмайди.
Жорий йилнинг 13 июнида Адлия вазирлигида ташкил қилинган “Тадбиркорлик соҳасидаги мажбурий талабларнинг ягона электрон реестридаги маълумотларни шакллантириш” мавзусидаги ўқув семинарда юқоридагилар муҳокама қилинди.
Ўқув семинарда соҳага масъул 15 та вазирлик идораларнинг ходимлари ва мутахассислар иштирок этишди.
Манба: Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги