Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
Самарқанд Туркий давлатлар ташкилоти мамлакатлари таълим вазирларининг учрашувига ҳозирлик кўрмоқда
2023-06-12 | Таълим
13-14 июнь кунлари Самарқандда Туркий давлатлар ташкилоти таълим вазирликлари ишчи гуруҳларининг 9-йиғилиши ҳамда ташкилотга аъзо мамлакатлар таълим вазирларининг 7-йиғилиши бўлиб ўтади.
Мамлакатимизнинг Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги ушбу тадбирнинг ташкилотчилари ҳисобланади.
Унда Ўзбекистон, Туркия, Озарбайжон, Қозоғистон, Қирғизистоннинг таълим вазирлари, Туркий давлатлар ташкилоти Бош котиби ҳамда Халқаро туркий академия президентининг маслаҳатчиси иштирок этиши режалаштирилмоқда.
Учрашув иштирокчилари мамлакатларнинг таълим ва фан соҳасидаги ҳамкорлигини муҳокама қиладилар.
Қайд этиш жоизки, Туркий давлатлар ташкилоти таълим ва илм-фан соҳасидаги ҳамкорликни ривожлантириш учун катта салоҳиятга эга. Бугунги кунда ушбу соҳадаги интеграция муҳим йўналишлардан бири ҳисобланади. Инновацион иқтисодиёт ва мамлакатлар тараққиёти, умуман олганда, илм-фан ва таълимга таянади. Туркий давлатлар ташкилоти учун бу масала катта қизиқиш уйғотади. Низом ҳужжати – Нахичеван битимида илм-фан ва техника, таълим соҳасидаги ҳамкорликни кенгайтириш Туркий давлатлар ташкилотининг асосий мақсад ва вазифалари сифатида кўрсатилган.
Манба: “Дунё” ахборот агентлиги