Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
Туркияда ўтказилган халқаро туризм ва маданият фестивалида Ўзбекистон тақдим этилди
2023-06-08 | Туризм
Жорий йилнинг 2-4 июнь кунлари Туркиянинг Алания шаҳрида 21-Халқаро туризм ва маданият фестивали бўлиб ўтди.
Тадбирда Ўзбекистоннинг Анқарадаги элчихонаси, Истанбулдаги Бош консулхонаси, “Ўзбекистон маданияти, бирдамлик ва ҳамкорлик жамияти” ҳамда Аланиядаги Ўзбекистон диаспораси вакиллари биргаликда мамлакатимиз тарихи, маданияти, бой урф-одати, сўнгги вақтларда амалга оширилаётган инвестицион ва туризм соҳаларидаги ислоҳотларни қатнашчиларга етказиш мақсадида Ўзбекистон кўргазма майдонини ташкил этишди.
Мазкур фестиваль 2002 йилдан бошлаб ҳар йили Алания шаҳрида ўтказиб борилади. Унда турли давлатлардан 100 мингдан ортиқ маҳаллий аҳоли ва хорижлик сайёҳлар иштирок этишади.
Фестиваль ҳудудида Ўзбекистонга бағишланган кўргазма ташкил этилди. Унда мамлакатимизнинг иқтисодий, инвестициявий ва туризм салоҳиятини акс эттирувчи материаллар тарқатиш баробарида, тақдимотлар намойиш қилинди.
Шунингдек, тадбирда ўзбек халқининг миллий либослари, бой миллий мероси намойиш этиш билан бирга Ўзбекистондан ташриф буюрган “Мохи макон” гуруҳи ижросида Ўзбекистоннинг миллий қўшиқ ва рақслари тақдим этилди.
Фестиваль ташкилотчилари ҳамда иштирокчилари Ўзбекистон маданияти ва санъатига катта қизиқиш билдиришди. Айниқса ўзбек халқининг гўзал урф-одатларидан бири бўлмиш миллий никоҳ маросими ҳақидаги театрлаштирилган саҳна намойиши Туркия ва Европадан ташриф буюрган иштирокчиларнинг олқишларига сазовор бўлди.
Меҳмонлар Ўзбекистоннинг миллий пазандачилик намуналари, хусусан палов тайёрланиш жараёни билан танишдилар ҳамда сомса, патир, ҳолва ва бошқа таомларимиздан баҳраманд бўлишди.
Манба: “Дунё” ахборот агентлиги