Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
Экология вазирлиги делегацияси Остона шаҳрида бўлиб ўтган «ECOJER: Carbon neytrality Pathways» халқаро конгрессида иштирок этди
2023-06-07 | Экология
2023 йилнинг 1–3 июнь кунлари Ўзбекистон Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазири Азиз Абдуҳакимов бошчилигидаги делегация Қозоғистоннинг Остона шаҳрида бўлиб ўтган ECOJER: Карбон нейтраллиги йўллари 3-халқаро конгрессида иштирок этди.
Ташриф давомида Остона кон-металлургия 13-конгресси доирасида Қирғизистон Республикаси Табиат ресурслари, экология ва техник назорат вазири Мелис Турғунбоев билан икки томонлама учрашув бўлиб ўтди. Томонлар Қирғизистон ва Ўзбекистонда экология ва атроф-муҳит соҳасидаги сўнгги ўзгаришлар, экологик қонунчилик, атмосфера ҳавоси мониторинги, биохилма-хилликни муҳофаза қилиш ва ягона минтақа сифатида халқаро платформаларда иштирок этиш бўйича минтақавий интеграцияни кучайтириш имкониятларини муҳокама қилдилар.
Вазир М.Турғунбоев Қирғизистон ва Ўзбекистон ўртасидаги ҳамкорликни чуқурлаштиришга тайёрлигини таъкидлади, шунингдек, 2023 йил июль ойида Бухорода Марказий Осиё мамлакатлари экология вазирлари йиғилишини ташкил этиш ташаббусини қўллаб-қувватлади.
Ўзбекистон делегацияси «Тоғ-металлургия» кўргазмасининг очилишида ва кўргазманинг VIP-турида ҳам иштирок этди. Шунингдек, Остона ботаника боғига ташриф буюрди ва бошқарув тажрибаси, шунингдек, айрим ўсимлик турларини етиштириш ва кўпайтириш бўйича олиб борилаётган илмий тадқиқотлар билан танишди. Русанов номидаги Тошкент ботаника боғи ва Остона ботаника боғи ўртасида ҳамкорликни йўлга қўйиш ва тажриба алмашиш имкониятлари муҳокама қилинди.
Ташриф чоғида вазир Азиз Абдуҳакимов «ECOJER: углерод нейтраллиги йўллари» 3-халқаро конгрессининг юқори даражадаги ялпи мажлисида иштирок этди ва Ўзбекистонда иқтисодиётни «яшил» трансформация қилиш бўйича амалга оширилаётган кенг кўламли чора-тадбирлар, энергетика ва саноат, шунингдек, мамлакатнинг углерод нейтраллиги бўйича мақсадлари ва ютуқлар ҳақида маълумот берди.
Қолаверса, 2030 йилга бориб иссиқхона газлари чиқиндиларини 35 фоизга қисқартириш, чиқиндиларни қайта ишлаш даражасини 65 фоиздан ошириш, қайта тикланадиган энергия улушини 30 фоизга етказишда республика ҳиссаси алоҳида қайд этилди. Шу билан бирга, 2030 йилга келиб яшил зоналар майдонини 30 фоизга етказишга қаратилган, ҳар йили 200 миллионта кўчат экиш кўзда тутилган «Яшил макон» умуммиллий ташаббуси тақдим этилди.
Маълумот учун, ECOJER халқаро конгресси давлат идоралари, молиявий ва саноат гуруҳлари, экологик фаоллар ва барқарор ривожланиш соҳасидаги экспертлар, яшил бизнес компаниялари ва халқаро ташкилотларнинг саъй-ҳаракатларини бирлаштирган эксперт мулоқоти платформасидир.
Учрашув давомида Марказий Осиё давлатларининг анъанавий билим ва амалиётларининг аҳамияти, шунингдек, ушбу билимларни янада чуқурроқ ўрганиш ва барқарор ривожланишга татбиқ этиш зарурлигига алоҳида эътибор қаратилди. Шу муносабат билан Бухорода Марказий Осиё атроф-муҳит ва иқлим ўзгаришларини ўрганиш университети қошида этноэкология илмий-тадқиқот маркази очилиши эълон қилинди.
Бундан ташқари, минтақавий интеграцияда ёшлар иштирокининг муҳимлигини инобатга олган ҳолда минтақавий ёшлар кенгашини ташкил этиш таклиф қилинди. Кенгашнинг асосий мақсади Марказий Осиё ёшларини экологик муаммоларни ҳал қилишда фаол жалб этиш, шунингдек, билим ва тажриба алмашишдир.
Халқаро конгресс доирасида делегация Барқарор ривожланиш бўйича давлатлараро комиссиянинг (ICSD) атроф-муҳитни муҳофаза қилиш, иқлим ўзгариши ва барқарор ривожланиш соҳасидаги Марказий Осиё минтақавий ҳамкорлигининг долзарб масалаларига бағишланган давра суҳбатида иштирок этди. Давра суҳбатини Қозоғистон Экология ва табиий ресурслар вазири Зулфия Сулаймонова ҳамда Ўзбекистон Экология вазири Азиз Абдуҳакимов очиб берди.
Давра суҳбатида ёшларни янада фаол жалб этиш, экологик қурултой ўтказиш ва этноэкология марказини ташкил этиш орқали минтақавий ҳамкорликни мустаҳкамлаш масалаларига эътибор қаратилди.
Манба: Ўзбекистон Республикаси Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазирлиги