Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
Жаҳон банки билан кўп қиррали ҳамкорлик алоқалари ривожланмоқда
2023-06-05 | Иқтисодиёт
Жорий йилнинг 2 июнь куни Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт ва молия вазири Шерзод Кудбиев Жаҳон банкининг Европа ва Марказий Осиё минтақаси бўйича вице-президенти Антонелла Бассани билан учрашди.
Учрашув аввалида Иқтисодиёт ва молия вазири Ш. Кудбиев А. Бассанини Жаҳон банкининг Европа ва Марказий Осиё бўйича минтақавий вице-президенти лавозимига тайинланганлиги билан ҳамда Ўзбекистонга илк маротаба ташрифи билан қутлади. Келгусида ҳамкорлик янги босқичга олиб чиқилишига умид билдирилди.
Учрашувда Иқтисодиёт ва молия вазири ўринбосари Илҳом Норқулов, тегишли таркибий тузилма раҳбарлари ҳамда Жаҳон банкининг Марказий Осиё бўйича минтақавий директори Татяна Проскурякова, Ўзбекистондаги ваколатхонаси раҳбари Марко Мантованелли, лойиҳалар бўйича менежери Рахимжан Ассангазиев, етакчи иқтисодчи Девид Найт, вице-президент махсус ёрдамчиси Силвия Малгиоглио иштирок этди.
Учрашув кун тартибида Жаҳон банкининг жорий инвестицион лойиҳалар портфели ҳамда 2023–2024 йиллардаги истиқболли лойиҳалар муҳокама қилинди.
А.Бассани: «Ўзбекистонда эришилган макроиқтисодий барқарорликни барча эътироф этмоқда. Ўзбекистон бунга эришган минтақадаги саноқли мамлакатлардан биридир. Охирги 3 йилги инқирозли даврда жуда кам сонли мамлакатлар бунга эришган».
Шу билан бирга, учрашув давомида хорижий ҳамкорга бугун халқаро майдондаги геосиёсий вазиятга қарамай, мамлакатимизда аҳоли даромадлари ошаётгани, тадбиркорлик, хусусан, кичик бизнес ривожланаётгани иқтисодий ўсиш замин яратаётгани ҳақида маълумот берилди.
Шунингдек, Ислоҳотлар дастури доирасида мамлакат учун муҳим бўлган энергетика, телекоммуникациялар, кимё саноати, транспорт, ижтимоий ва гендер каби устувор йўналишлар бўйича фикрлар алмашилди. Жаҳон банки билан ҳамкорликда мазкур йўналишлардаги ишларни давом эттиришга келишилди.
Жаҳон банки вакиллари томонидан бир соҳада амалга ошириладиган ислоҳотлар иқтисодиётнинг бошқа тармоқлари ривожланишига таъсир кўрсатиши ҳамда уларнинг трансформациясига ҳисса қўшиши алоҳида таъкидланди.
Бундан ташқари, учрашув доирасида Жаҳон банки билан «Чорвачилик соҳасини ривожлантириш, 2-босқич» ҳамда «Молия секторини ислоҳ қилиш» лойиҳалари бўйича ҳужжатлар имзоланди.
Манба: Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт ва молия вазирлиги