Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
Миср делегацияси билан қанд лавлаги етиштириш борасидаги ҳамкорлик муҳокама қилинди
2023-05-30 | Иқтисодиёт
Қишлоқ хўжалиги вазирлигида Ўзбекистонга ташриф буюрган Мисрнинг «Orascom Investment Holding» компанияси раиси Нажиб Савирис бошчилигидаги делегация билан учрашув мўтказилди.
Учрашувда Миср инвестициялари иштирокида Ўзбекистонда қанд лавлагини етиштириш ва шакар ишлаб чиқариш борасида ҳамкорликни йўлга қўйиш масалалари муҳокама этилди. Ўзбекистонга 2022 йилда умумий қиймати 2,2 млрд долларга тенг кундалик озиқ-овқат маҳсулотлари импорт қилинган бўлиб, унинг асосий қисмини тўрт турдаги озиқ-овқат маҳсулотлари – гўшт маҳсулотлари, дон маҳсулотлари, кунгабоқар ёғи ва шакар ташкил этган.
Шу жиҳатдан, Миср томони билдирган қанд лавлаги етиштириш ва шакар ишлаб чиқариш лойиҳасини амалга оширишга қизиқиш Ўзбекистон Қишлоқ хўжалиги вазирлиги томонидан мамнуният билан қабул қилинди. Ушбу ҳамкорлик лойиҳаси учун Жиззах вилоятининг Ғаллаорол тумани ва Тошкент вилояти Оҳангарон туманида ер майдонлари билан танишиш таклиф этилди. «Orascom Investment Holding» компанияси вакиллари лойиҳанинг дастлабки фазасида тахминан 200–300 млн доллар миқдорида инвестиция киритилиши, 30–50 минг гектар ер майдонида қанд лавлаги етиштирилиши режалаштирилганини маълум қилди.
Учрашув якунида ҳамкорлик ишларини жадаллаштиришга келишиб олинди ва қатъий режалар белгиланди.
Манба: Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ хўжалиги вазирлиги