Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
Жаҳон банки вакиллари билан учрашув: ҳамкорликдаги лойиҳалар янги босқичга кўтарилди
2023-05-27 | Иқтисодиёт
Жорий йилнинг 26 май куни Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт ва молия вазири Шерзод Кудбиев Жаҳон банкининг Ўзбекистондаги вакили Марко Мантованелли билан учрашди.
Тет-а-тет тарзида бўлиб ўтган учрашувда Иқтисодиёт ва молия вазири ўринбосари Илҳом Норқулов ҳамда тегишли департамент ва бошқарма вакиллари иштирок этди.
Мулоқот бошида М. Мантованелли Жаҳон банкини доимий қўллаб-қувватлагани учун самимий миннатдорлигини билдирди.
Учрашув давомида Жаҳон банкининг Ўзбекистон билан 2022-2026 йилларга мўлжалланган ҳамкорлик дастури доирасида амалга оширилган ишлар муҳокама қилинди.
Намкорлик дастури мамлакатни ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришнинг муайян устувор йўналишлари асосида ишлаб чиқилган ва аниқ натижаларга эришишга қаратилган шериклик учун асос яратадиган ҳужжат экани алоҳида таъкидланди.
Шунингдек, ушбу дастур давомида ҳамкорликнинг учта асосий йўналишлари муҳокама қилинди:
- инклюзив иқтисодий ўсиш ва уни ривожлантиришда хусусий сектор иштирокини таъминлаш;
- инсон капиталини ривожлантиришга сармоя киритиш;
- «яшил» иқтисодиётига ўтиш.
Шу билан бирга, энергетика бозорини ривожлантириш, қишлоқ хўжалиги ва озиқ-овқат хавфсизлиги энергия самарадорлигини ошириш бўйича амалга оширилаётган лойиҳаларнинг жорий ҳолати ва истиқболлари юзасидан фикр алмашилди.
Учрашув якунида томонлар қўшма лойиҳалар бўйича ҳамкорликни янада мустаҳкамлашга келишиб олди.
Манба: Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт ва молия вазирлиги