Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
Air Products компанияси Ўзбекистон газ-кимё саноатига 1 миллиард доллар сармоя киритади
2023-05-25 | Иқтисодиёт
2023 йилнинг 25 май куни Ўзбекистон Республикаси Ҳукумати номидан Инвестициялар, саноат ва савдо вазирлиги, «Air Products» компанияси ва «Ўзбекнефтгаз» АЖ ўртасида «Air Products» компанияси томонидан 1 млрд. долларлик инвестиция эвазига Қашқадарё вилоятидаги табиий газни қайта ишлаш қурилмасини ривожлантириш бўйича Инвестиция шартномаси имзоланди.
Табиий газни қайта ишлаш саноат мажмуаси дунёдаги энг замонавий энергетика корхоналаридан бири бўлган «Uzbekistan GTL» заводининг ажралмас қисми бўлиб, йилига 1,5 миллион тонна юқори қўшимча қийматга эга синтетик суюқ ёқилғи ишлаб чиқаради ва келажакда ички истеъмол ва экспортга йўналтиради.
Маълумот учун: 2021 йил 25 декабрь куни Қашқадарё вилоятининг Ғузор туманида синтетик суюқ ёқилғи ишлаб чиқарувчи «Uzbekistan GTL» мажмуаси ишга туширилган эди. Ушбу мажмуа дунёда бешинчи ҳисобланади. Бунгача Қатар, Нигерия, Жанубий Африка ва Малайзияда ҳам шундай йирик мажмуалар қурилган.
«Air Products» директорлар кенгаши раиси, президенти ва бош директори Сейфи Гасем шартномани қуйидагича шарҳлади: «Ўсиш суръати юқори бўлган мамлакат – Ўзбекистонда ушбу стратегик ҳамкорлик орқали биз энг илғор технологиялар ва билимларимизни қўллаш имкониятига эга бўламиз. Бу келишув юқори сифатли арзон ёқилғи ишлаб чиқариш ва ўсиб бораётган ижтимоий эҳтиёжларни қондириш имконини беради. Биз ушбу узоқ муддатли ва барқарор шерикликни ривожланишини кутмоқдамиз, шунингдек, Ўзбекистон билан ҳамкорлик имкониятларидан мамнунмиз.
Маросимда таъкидланганидек, «Air Products» компанияси тажрибасидан «Uzbekistan GTL» заводида — табиий газни чуқур қайта ишлаш асосида юқори қўшимча қийматли маҳсулотлар ишлаб чиқаришда фойдаланиш орқали самарадорлик оширилади, маҳсулот таннархи пасайтирилади ва зарарли чиқиндиларни камайтиришга эришилади.
Манба: Ўзбекистон Республикаси инвестициялар, саноат ва савдо вазирлиги