Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
Осама Ал Шафар билан велоспорт ривожининг янги лойиҳалари муҳокама қилинди
2023-05-22 | Спорт
Бугун Тошкентга Осиё велоспорт конфедерацияси президенти Осама Ал Шафар ташриф буюрди. Мартабали меҳмоннинг ушбу сафардаги илк манзили Ўзбекистон Миллий Олимпия қўмитаси бўлди.
Жаноб Ал Шафарни МОҚда Ёшлар сиёсати ва спорт вазири Адҳам Икрамов, Қўмита Бош котиби Ойбек Касимов кутиб олишди. Шундан сўнг томонлар «Тошкент-2025» ёшлар Осиё ўйинлари учун қуриладиган янги велотрек мажмуасининг лойиҳасини муҳокама қилиш, велоспортнинг мамлакатимиздаги оммавийлигини кучайтириш мавзусида учрашув ўтказишди.
Унда МОҚ раиси ўринбосарлари Азизжон Камилов ҳамда Шерзод Ташматов, Ўзбекистон велосипед спорти федерацияси раисининг биринчи ўринбосари Козим Ўринбойхўжаев ҳам иштирок этишди. Даставвал Адҳам Икрамов юртимизда велоспортнинг оммавийлигини ошириш, профессионал спорт билан шуғулланаётган атлетларимиз учун яратилаётган шароитлар, бу борада Президентимиз бошчилигида миллий федерация раиси билан олиб борилаётган ишлар хусусида тўхталиб ўтди.
Шундан сўнг, кун тартибига мувофиқ «Тошкент-2025» ёшлар Осиё ўйинлари учун қуриладиган Олимпия шаҳарчаси ва ундаги велотрек мажмуаси хусусида фикр алмашилди. Ойбек Касимов лойиҳа бўйича батафсил маълумот берар экан, уни қуришда ҳар бир спорт туридаги экспертлар билан иш олиб борилаётгани, иншоотлар барча замонавий талабларга жавоб бериши хусусида гапирди. Ўз навбатида, лойиҳа билан танишган меҳмон унга юқори баҳо бериб, Осиё велоспорт конфедерацияси ҳам жараёнда ҳар томонлама ёрдам беришга тайёр эканини билдирди.
Самимий руҳда ўтган суҳбат давомида Олимпия шаҳарчасидаги велотрек мажмуаси битгач пойтахтимизда йирик нуфузли мусобақаларни ўтказиш, маҳаллий мураббий ва ҳакамларнинг малакасини ошириш учун семинарлар ташкил этиш, юртимизда велоспорт оммавийлигини оширишда хориж тажрибасини ўрганиш каби мавзуларда атрофича фикр алмашилди.
Манба: Ўзбекистон Миллий Олимпия қўмитаси