Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
Иқлим шароитига мослаштирилган кўчат навлари – мутахассислар муҳокамасида
2023-05-15 | Иқтисодиёт
Глобал иқлим ўзгариши ва экологик вазият боғдорчиликда янгича навлар яратиш ва кенг татбиқ этишни тақозо қилмоқда.
Бутун республикадан Самарқанд вилоятига ташриф буюрган қишлоқ ва сув хўжалиги ҳудудий бўлинмалари мутасаддилари, фермерлар ва соҳа мутахассислари «Сув ресурсларидан оқилона фойдаланиш ва сув хўжалиги объектларидан фойдаланиш борасида давлат-хусусий шерикликни кенгайтириш» мавзусида республика кўргазмали семинари доирасида Жомбой туманидаги «SAG AGRO» МЧЖда бўлиб қарашли «In vitro» лабораторияси фаолияти ва сув тежовчи технологияларни ишлаб чиқариш жараёни билан танишдилар.
Бу ерда семинар қатнашчилари мевали дарахтларнинг турли касаллик ва зараркунандалардан холи бўлган ҳамда қурғоқчиликка чидамли, маҳаллий турли иқлим шароитига мос навларининг клон пайвандтаглари ва пайвандланган кўчатларни етиштириш ишлари билан яқиндан танишдилар.
Хусусан, иқлим ўзгаришига бардошли ёнғоқ, бодом, шафтоли, гилос, ўрик, нок ва узум навларининг кўчатлари меҳмонларда катта қизиқиш уйғотди.
Айтиш ўринлики, «SAG AGRO» МЧЖга қарашли «In vitro» лабораторияси 2019 йилда ишга туширилган, лойиҳа қиймати 2,6 млн АҚШ долларини ташкил қилганди. Лаборатория чет элнинг энг замонавий асбоб-ускуналари билан таъминланган бўлиб, ҳозирда 140 нафар ишчи меҳнат қилмоқда.
- Муассаса жами 24 гектар ер майдонига эга бўлиб, Ўзбекистон Республикасида учрамайдиган 65 хил мевали дарахтлар кўчатлари, оналик материаллари бу ерга олиб келиниб парвариш қилинмоқда.
«In vitro» лабораторияси 2024 йилда тўлиқ қувват билан ишлай бошлайди ва шунда унинг йиллик қуввати 20 млн дона ўсимлик материаллари ишлаб чиқаришга тенг бўлиши кўзда тутилган.
Лабораториянинг фаолияти билан танишиб чиққач, семинар иштирокчилари Самарқанд шаҳридаги диққатга сазовор жойларни зиёрат қилдилар ва кўргазмали семинар ишини давом эттириш мақсадида Нарпай туманига йўл олдилар. У ерда бутун мамлакатимиздан йиғилган мутахассислар бир қанча сув хўжалиги ташкилотлари фаолияти билан танишишлари режалаштирилган.
Манба: Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ хўжалиги вазирлиги