Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
Депутатлар Ҳукуматнинг Давлат дастури ижроси юзасидан тақдим этган ҳисоботини маъқулладилар
2023-05-12 | Сиёсат
2023 йил 11 май куни Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг навбатдаги мажлисида Вазирлар Маҳкамасининг “2022 – 2026 йилларга мўлжалланган Янги Ўзбекистоннинг тараққиёт стратегиясини “Инсонга эътибор ва сифатли таълим йили”да амалга оширишга оид давлат дастурининг 2023 йил биринчи чорагида бажарилиши юзасидан ҳисоботи кенг муҳокама қилинди.
Таъкидланганидек, ўтган даврда аҳолининг ҳаёт даражасини янада юксалтириш, миллий иқтисодиётни жадал ривожлантириш, юқори ўсиш суръатларини таъминлаш, таълим сифатини ошириш борасида тизимли ишлар амалга оширилди. Хусусан, Давлат дастурида белгиланган тадбирларнинг бажарилишини таъминлаш ва доимий мониторинг олиб бориш юзасидан яхлит тизим яратилди, тегишли тақвим-жадвал тасдиқланди. Давлат дастури бажарилиши ҳар ойда таҳлил қилиниб, топшириқлар ижроси юзасидан ҳафталик мониторинг юритилди, масъулларнинг ҳисоботларини эшитиб бориш тартиби жорий этилди.
Давлат дастурида белгиланган бир қатор норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳаларининг ишлаб чиқилишида ҳукумат ва парламент ўртасида яқин ҳамкорликда фаолият олиб борилди. Қонунчилик палатасининг қўмиталари ва ҳукумат томонидан назорат-таҳлил тадбирлари доирасида кўтарилган масалаларни биргаликда ҳал этиш амалиётидан унумли фойдаланилди.
Ҳисобот даврида Давлат дастурида белгиланган вазифаларнинг ижроси юзасидан жами 41 та ҳужжат қабул қилинган. Давлат дастури доирасида амалга оширилган ишлар таҳлили, статистик кўрсаткичлар иқтисодий-ижтимоий соҳадаги ислоҳотларнинг самарадорлигини таъминлаш, ҳудудларни комплекс ривожлантириш борасида сезиларли натижаларга эришилганлигини кўрсатмоқда.
Қайд этилганидек, ялпи ички маҳсулот ўсиши ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 105,5 фоизга ўсган. Давлат бюджети даромадлари 47,3 трлн. сўмга ижро этилган. Аҳолининг ижтимоий ҳимоясини кучайтириш мақсадида Давлат бюджетидан ижтимоий соҳаларга йўналтирилган харажатлар 18,1 трлн. сўмни ташкил қилиб, ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 22,3 фоизга ошган. Ҳисобот даврида жами қиймати 2,55 млрд. долларлик хорижий инвестициялар ўзлаштирилган, товарлар ва хизматлар экспорти 3,2 млрд. долларга етган. Маҳаллийлаштириш дастури доирасида 6,2 трлн. сўмлик импорт ўрнини босувчи маҳсулот ишлаб чиқарилган.
Шунингдек, рақамли технологиялар ва сунъий интеллект соҳасидаги илмий-тадқиқот ишларини амалга ошириш дастури тасдиқланиб, унинг доирасида сунъий интеллект технологияларини жадал жорий этиш бўйича умумий қиймати 37,8 млрд. сўмга тенг 31 та лойиҳа молиялаштирилган.
Инсон қадрини юксалтириш ва эркин фуқаролик жамиятини янада ривожлантириш орқали халқпарвар давлат барпо этиш борасида белгилаб берилган устувор йўналишлар доирасида Ягона интерактив давлат хизматлари порталида жорий этиладиган ва мақбуллаштириладиган 72 турдаги давлат хизматлари ва сервисларини электрон шаклга ўтказиш бўйича чора-тадбирлар тасдиқланган.
Адолатли ижтимоий сиёсат юритиш, инсон капиталини ривожлантириш борасида ҳам тизимли ишлар бажарилган. Жумладан, оғир ижтимоий аҳволга тушиб қолган ишсиз хотин-қизларни давлат ҳисобидан меҳнат бозорида талаб юқори касб-ҳунарларга ўқитиш мақсадида 78 минг нафар хотин-қизларнинг манзилли рўйхати шакллантирилган.
Шунингдек, аҳолига тиббий ёрдам кўрсатиш самарадорлигини янада ошириш, репродуктив ёшдаги ва ҳомиладор аёллар учун юқори технологик тиббий ёрдам кўрсатиш тизимини такомиллаштириш мақсадида 46 та туманлараро перинатал марказларни тиббий асбоб-ускуналар билан жиҳозлаш бўйича тегишли шартномалар имзоланган. Хорижий давлатларда меҳнат қилиб қайтган фуқароларнинг бандлигини таъминлаш ва уларни реинтеграция қилиш мақсадида 80,2 минг нафарга яқин фуқаронинг бандлиги таъминланган.
Бундан ташқари, “Ёшлар дафтари”га жами 70 минг 798 нафар ёш киритилиб, уларнинг 24 минг 467 нафарига контракт тўлови, меҳнат қуроллари учун маблағ, муддатли ҳарий хизмат бадали, ҳайдовчилик курслари, касб-ҳунарга ўқиш ва даволаниш каби ёшлар орасида талаб юқори бўлган йўналишлардаги харажатлар учун 21,9 млрд сўм қоплаб берилди.
Мажлисда қайд этилганидек, Давлат дастуридаги жорий йил биринчи чорагида жами 59 та яхлит ва кичик банднинг ижросини таъминлаш белгиланган бўлиб, шундан 53 тасининг ижроси тўлиқ бажарилган, 6 тасининг ижроси юзасидан ишлаб чиқилган тегишли ҳужжат лойиҳалари кўриб чиқилмоқда.
Муҳокамаларга бой бўлган мажлисда депутатлар Давлат дастурининг айрим бандларида белгиланган вазифаларнинг долзарблигидан келиб чиқиб, уларнинг ижроси тўлиқ таъминланиб, аниқ натижаларга эришилмагунига қадар келгуси чоракларда ҳам бу каби бандларни ижродан олиб ташламаслигини алоҳида қайд этишди.
Давлат дастурининг ижросига оид ҳисобот юзасидан ҳар бир сиёсий партия фракцияси ўз нуқтаи назарини, фикр-мулоҳазаларини билдирди.
ЎзЛиДеП фракцияси партия мақсад ва вазифаларидан келиб чиққан ҳолда, Давлат дастурининг миллий иқтисодиётни жадал ривожлантириш, юқори ўсиш суръатларини таъминлаш бўйича амалга оширилган ишларга алоҳида эътибор қаратди. Фракция аъзолари рақамли иқтисодиётни асосий “драйвер” соҳага айлантириш мақсадида “Рақамли технологиялар ва сунъий интеллект соҳасидаги илмий-тадқиқот ишларини амалга ошириш дастури” тасдиқлангани, унга мувофиқ, сунъий интеллект технологияларини жадал жорий этиш бўйича умумий қиймати 37,8 млрд. сўмга тенг 31 та лойиҳа молиялаштирилганини эътироф этишди. Шунингдек, Давлат дастурининг ҳар бир бандида халқимизнинг турмуш шароитини яхшилаш, тадбиркорлар сафини кенгайтиришдек муҳим мақсадлар турганини айтиб, уларнинг ижросини ўз вақтида, сифатли таъминлаш бўйича қатор таклифлар берди.
ЎзМТДП фракцияси депутатлари таъкидлаганидек, фракция йиғилишида олий таълим муассасаларининг 6 та таълим муассасасида хорижий эксперт иштирокида ички ва ташқи таълим сифатни таъминлаш амалиётини жорий этиш, профессионал таълим ходимларига меҳнатга хақ тўлашни такомиллаштириш бўйича амалга оширилган ишлар борасида белгиланган вазифалар ижроси атрофлича кўриб чиқилди. Шундан келиб чиқиб, фракция таълим сифатини янги босқичга олиб чиқиш, педагог ва тарбиячилар тайёрлаш бўйича олиб борилаётган ишларни жадаллаштириш, жараёнга янги ёндошувларни жорий қилиш юзасидан таклифлар беришди.
“Адолат” СДП фракцияси аъзолари коррупцияга қарши курашиш ва коррупциявий ҳолатларнинг барвақт олдини олиш тизими самарадорлигини ошириш чоралари кўрилаётганини эътироф этиб, амалиётда бу борада ҳали-ҳануз айрим муаммолар, хусусан, инсон омили сақланиб қолаётганлиги, шу боис, айрим соҳаларда коррупцияни келтириб чиқарувчи ҳолатларнинг олдини олиш, адвокатура институти жозибадорлигини янада ошириш орқали соҳага ёш кадрларни жалб этишнинг самарали тизимини яратиш, адвокатурага ишга қабул қилиш тартибини янада соддалаштириш бўйича олиб борилаётган ишларни янада жадаллаштиришни мақсадга мувофиқ деб ҳисоблайди.
ЎзХДП фракцияси вакиллари таъкидлаганидек, Давлат дастурининг ижросида партия электорати учун муҳим аҳамиятга эга бўлган — адолатли ижтимоий сиёсат юритиш, инсон капиталини ривожлантириш йўналишларида эътирофга лойиқ ишлар амалга оширилган. Шу билан бирга, фракция Ҳукумат келгусида ишсиз ва иш қидираётган шахсларнинг 160 минг нафарини талабгор касбларга ўқитиш ҳамда улардан камида 5 минг нафарининг касбий малака даражаси тасдиқлаш ва уларга малака паспортларини тақдим этиш, реабилитация марказларида ногиронлиги бўлган шахсларни реабилитация чоралари билан қамраб олиш кўламини 5 бараварга ошириш масалаларга алоҳида эътибор қаратиш зарур деб ҳисоблайди.
Ўзбекистон Экологик партияси фракция аъзолари “Яшил макон” умуммиллий лойиҳаси доирасида баҳорги кўчат экиш мавсумида 127,7 млн. дона кўчат ва қаламчалар экилганини эътироф этиб, қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етиштириш ҳажмини ошириш мақсадида ирригация-мелиорация объектларини қуриш, реконструкция қилиш ҳамда суғориш қудуқдарини ўрнатиш оркали республика бўйича жами 1983 гектар ер майдонлари қайта фойдаланишга киритилганлиги қайд этилиб, жорий йилда белгиланган режани ўз муддатида амалга ошириш лозимлигини қайд этишди. Шунингдек, Оролбўйи ҳудудини экологик жиҳатдан тиклаш ишларини кенгайтириш, олис ҳудудларидаги аҳолини тоза ичимлик сув билан таъминлаш, маиший чиқиндиларни йиғиш ва уни қайта ишлаш тадбирларини ўз муддатида, сифатли ижросини таъминлаш борасида таклиф ва мулоҳазалар билдирилди.
Савол-жавобларга бой бўлган мажлисда депутатлар жорий йилнинг иккинчи чорагида Давлат дастурининг ижроси устидан тизимли равишда мониторинг ўрнатиш, парламент назоратининг барча шаклларидан унумли фойдаланиш лозимлигини қайд этдилар. Бундан ташқари, аҳоли фаровонлигини янада яхшилаш борасидаги тадбирларнинг самарали амалга оширилиши зарурлиги таъкидланди. Мазкур масалалар юзасидан ҳам депутатларнинг Ҳукуматга таклиф ва тавсиялари берилди.
Мажлисда Вазирлар Маҳкамасининг Давлат дастури ижроси юзасидан тақдим этган ҳисоботи маъқулланиб, Ҳукуматнинг тегишли фаолияти самарадорлигини оширишга қаратилган таклифлар акс этган тегишли қарор қабул қилинди.
Манба: Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси