Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
БМТ Оролбўйида экологик вазиятни яхшилаш бўйича амалга оширилаётган ишларни юқори баҳолади
2023-05-11 | Экология
Ўзбекистон делегациясининг АҚШга расмий ташрифи доирасида Табиат ресурслари вазири Азиз Абдуҳакимов БМТ Бош котиби ёрдамчиси, БМТ Тараққиёт дастурининг (БМТТД) Европа ва МДҲ бўйича бюроси директори И. Зивкович ва БМТТДнинг Табиат, иқлим ва энергетика бўйича директори П. Курукуласурия билан учрашди.
Учрашувда томонлар амалга оширилаётган қўшма дастур ва ташаббуслар доирасида атроф-муҳитни муҳофаза қилиш, табиий ресурслардан оқилона фойдаланиш ва экотизимларни тиклаш соҳасида икки томонлама ҳамкорликка эътибор қаратдилар.
Шу билан бирга, БМТ томони Оролбўйида экологик вазиятни яхшилаш бўйича амалга оширилаётган кенг кўламли ишларни алоҳида таъкидлади. Хусусан, Ўзбекистон Республикаси Президенти ташаббуси билан қабул қилинган ва Оролбўйи ҳудудини экологик инновациялар ва технологиялар зонасига айлантиришга қаратилган БМТ Бош Ассамблеясининг Махсус резолюциясини юқори баҳолади.
Учрашув якунида Глобал экологик жамғармаси (GEF) ва Яшил иқлим жамғармаси (GCF) грант маблағлари ҳисобидан амалга оширилаётган қўшма лойиҳалар портфелини кенгайтириш бўйича келишувга эришилди, ҳозирда бу портфель умумий қиймати 20 миллион долларлик 7 та грант лойиҳасини ўз ичига олади.
Шу билан бирга, БМТТД раҳбарияти Самарқанд шаҳрида бўлиб ўтадиган БМТнинг учта йирик тадбири – чўлланиш бўйича глобал тадбир (UNCCD CRIC-21), Ёввойи ҳайвонларнинг кўчиб юрувчи турларини сақлаб қолишга доир Конвенциясининг 14-Томонлар конференцияси (CMS COP-14) ва Бутунжаҳон туризм ташкилоти (UNWTO) Бош Ассамблеясининг 25-сессиясига таклиф этилди.
Манба: Ўзбекистон Республикаси Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазирлиги