Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали

Архив
2024
Календарь

Воқеалар

Дш Сш Чш Пш Жм Шн Як
Порталда янгилик
  • Сен –қудрат манбаи, саодат маскани, жонажон Ўзбекистоним! Батафсил>>>
  • Оммавий савдолар орқали сотилиши белгиланган давлат мулки объектлари Батафсил>>>
  • "Давлат органлари ижтимоий тармоқларда" саҳифаси Батафсил>>>
  • Жонажон Ўзбекистоним, мангу бўл омон! Батафсил>>>
  • «Очиқ бюджет» саҳифаси Батафсил>>>

Ўзбекистон-Германия: икки томонлама ҳамкорликни фаол ривожлантириш

2023-05-02 | Иқтисодиёт

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Берлинга (Германия) ташрифи арафасида 2 май куни икки мамлакатнинг вазирлик ва идоралари, 250 дан ортиқ саноат бирлашмалари, йирик компания, холдинг ва саноат корхоналари ҳамда банклар раҳбарлари иштирокида бизнес-форум бўлиб ўтди.

Унда кириш сўзи билан минбарга чиққан Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари Жамшид Ходжаев сўнгги йилларда Ўзбекистон билан Германия ўртасидаги икки томонлама муносабатлар фаол ривожланиб бораётганини, бу икки давлат раҳбарларининг ишончи ва сиёсий иродаси туфайли эришилганини алоҳида таъкидлади.

Шунингдек, ўзаро товар айирбошлаш ҳажмининг ўсиши кузатилиб, беш йил ичида икки баравар ошгани ҳам айтиб ўтилди. 2022 йил якунига кўра ўзаро савдо кўрсаткичлари яна 50 фоизга ортиб, биринчи марта 1 миллиард евродан ошгани эътироф этилди. Сармоявий ҳамкорлик ва саноат кооперациясида ҳам изчил динамика кузатилмоқда. Ўзбекистонда Германия капитали иштирокида ташкил этилган корхоналар сони бир неча йил ичида қарийб 3 баробарга кўпайиб, 200 тадан ошди. 2017 йилдан бери ўзлаштирилган немис инвестицияларининг умумий миқдори 11 баробар ўсди ва бугунги кунда 4 миллиард евродан ортиқни ташкил этмоқда. MAN, CLAAS, Knauf, GP Papenburg, Viessmann, Deutsche Kabel ва LEMKEN каби кўплаб немис компаниялари Ўзбекистонда ўз бизнесини фаол олиб бормоқда ва ривожлантирмоқда, шунингдек, янги ишлаб чиқариш қувватларини ишга туширмоқда.

Германия ишбилармон доираларининг эътибори мамлакатимизда хорижий инвесторларнинг қулай меҳнат қилиши учун яратилган шарт-шароитлар, Ўзбекистон иқтисодиётининг кучли томонларига қаратилмоқда. Уларга юқори кадрлар ресурслари, стратегик географик жойлашуви, МДҲ давлатлари билан эркин савдо режимлари, GSP+ бенефициар мақоми, Жаҳон Савдо Ташкилотига аъзо бўлиш бўйича фаол ишлар, бой хомашё ресурслари ҳамда ушбу мақсадларни амалга оширишга йўналтирилган қўшма лойиҳалар ва ташаббусларнинг мамлакат раҳбарияти ва ҳукуматнинг бевосита қўллаб-қувватлаши киради.

Узоқ муддатли ҳамкорликни йўлга қўйишнинг энг истиқболли йўналишлари энергетика, кимё, озиқ-овқат ва тўқимачилик саноати, металлургия, автомобилсозлик, қишлоқ хўжалиги, қурилиш материаллари ишлаб чиқариш, электротехника, шунингдек, фармацевтика ва соғлиқни сақлаш соҳаларидир.

Германия билан қишлоқ хўжалиги соҳасида ҳамкорлик қилиш ҳақида гапирадиган бўлсак, форумнинг биринчи ярмида Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ хўжалиги вазирлиги делегацияси билан умумий қиймати 118 миллион АҚШ долларига тенг 6 та шартнома имзоланганини алоҳида таъкидлаш жоиз. Улар қишлоқ хўжалиги соҳаси мутахассислари ўртасида янги технологияларни ривожлантириш, таълим, тажриба алмашишга қаратилган.

Немис бизнеси вакиллари Ўзбекистонда амалга оширилаётган иқтисодий ислоҳотлар самарасини, хусусан, мамлакатимизда хорижий сармоядорлар учун қулай меҳнат шароитлари яратилганини юқори баҳолади. Шунингдек, ҳамкорликни кенгайтириш, янги қўшма лойиҳалар ишлаб чиқиш борасида қатъий ният билдирилди.

Форум дастури Б2Б музокаралар форматида давом этди. Шунингдек, Ўзбекистон иқтисодиётининг турли тармоқлари контекстида аниқ ҳолатлар ва лойиҳалар тақдимоти ўтказилди.

 

Манба: Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ хўжалиги вазирлиги

Поделиться