Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
Осиё тараққиёт банки вакиллари билан келгусидаги ҳамкорлик лойиҳаларини амалга ошириш бўйича фикр алмашилди
2023-05-01 | Иқтисодиёт
Иқтисодиёт ва молия вазири Шерзод Кудбиев Осиё тараққиёт банкининг Ўзбекистондаги доимий ваколатхонаси раҳбари Энрико Пинали ва банк вакиллари билан учрашди.
Тадбирда Иқтисодиёт ва молия вазири ўринбосари Илҳом Норқулов, давлат қарзи департаменти директори ўринбосари Зарифжон Олимжонов, давлат-хусусий шерикликни ривожлантириш ва давлат функцияларини қисқартириш департаменти директори ўринбосари Зокир Бозоров, хорижий давлатлар ва халқаро ташкилотлар билан ҳамкорлик, халқаро рейтинглар билан ишлаш департаменти директори ўринбосари Шухрат Маткаримов, жаҳон савдо ташкилоти билан ҳамкорлик бўлими бошлиғи Лолита Эргашева ҳамда меҳмонлар томонидан ОТБ бош иқтисодчиси Бегзод Жалилов, давлат бошқаруви бўйича иқтисодчиси Чиғдем Акин, хусусий секторни ривожлантириш бўйича бош мутахассис Адҳам Қўчқоровлар иштирок этди.
Учрашувда Осиё тараққиёт банки билан ҳамкорликда амалга оширилаётган ҳамда истиқболдаги лойиҳалар, буджетни қўллаб-қувватлашга қаратилган дастурлар ижроси, ҳамкорликнинг устувор йўналишлари муҳокама қилинди.
Хусусан, ОТБнинг Ўзбекистон билан 2024-2028 йилларга мўлжалланган ҳамкорлик Стратегияси ва унинг асосий стратегик ҳамкорлик йўналишлари, 2023-2024 йилларда ОТБ иштирокида амалга ошириладиган истиқболдаги лойиҳалар ҳамда иқтисодиётнинг турли тармоқларини ривожлантириш, хусусий сектор фаоллигини янада жонлантириш, ипотека бозорига ажратилаётган сармояларни янада кўпайтириш масалалари бўйича фикр алмашилди.
Шунингдек, учрашувда ҳамкорликни янада ривожлантириш, мамлакатимизда қайта тикланадиган энергия манбаларини ривожлантириш, иқтисодий самарадорликка эришиш масалалари бўйича келишувга эришилди.
Манба: Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт ва молия вазирлиги