Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
«Ўзбекистон помидори – бу бренд. Бундай маҳсулотлар етиштиришни кўпайтириш лозим»
2023-04-28 | Иқтисодиёт
Иккинчи Тошкент халқаро инвестиция форумида «Қишлоқ хўжалиги учун сифатли инвестициялар» мавзусида давра суҳбати зарур кўрсатмалар, таклифлар ва фикр-мулоҳазаларга бой бўлди.
Давра суҳбатига Силверлеафе директори Ден Паттерсон модераторлик қилди. Шунингдек, суҳбатда Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ хўжалиги вазири Азиз Воитов, Европа Иттифоқининг Ўзбекистондаги элчиси Шарлотта Адриаэн, CNH Industrial вице-президенти Стивен Надҳерний, МДҲ ва Туркия тижорат директори Сергей Стефанов, BGI гуруҳи раиси ва ҳаммуассиси Ванг Жиан, Jon Deere вице-президенти Петер Саксе, AMC Overseas FZE директори Сувра Чакраборти иштирок этишди.
Замонавий қишлоқ хўжалиги ишлаб чиқариш жараёнига инновацион технологияларини кенг жорий этишни тақозо этмоқда. Шу боис мамлакатлар илмий-техникавий тараққиётга, ишлаб чиқариш қувватларини модернизация қилишга ва кадрлар тайёрлашга катта миқдорда инвестиция жалб этмоқда. Мазкур соҳага йўналтирилаётган инвестициялар қишлоқ аҳолисининг турмуш даражасини ошириш, янги иш ўринлари яратиш ва қишлоқда экологик вазиятни яхшилашга қаратилган. Ўзбекистон қишлоқ хўжалиги ерларидан имкон қадар самарали фойдаланиш учун қандай чоралар кўриши керак? Мазкур даврада мана шу масалалар муҳокама қилинди.
– Сўнгги йилларда Ўзбекистонда қишлоқ хўжалиги соҳасида катта ўзгаришлар юз берди, – дейди Азиз Воитов. – Хусусан, 2 йилда 4000 дан ортиқ тадбиркорларга 200 минг гектар ерлар бўлиб берилди, кичик фермерларни қўллаб-қувватлаш мақсадида 30 турдан ортиқ субсидиялар ажратилди. Илгари ерни тақсимлаш жараёни маҳаллий ҳокимиятлар орқали амалга оширилган бўлса, ҳозирда бу иш очиқ портал орқали онлайн тарзда амалга оширилмоқда. Мамлакатимиз иқлим шароитини ҳисобга олсак, бизга бугун сув тежовчи технологиялар жуда ҳам зарур. Айнан мана шундай технологияларни олиб келиш учун ҳам тадбиркорларга субсидия маблағлари ажратилмоқда. Сўнгги йилларда пахта тўқимачилик класстерлари борасида ҳам манфаатга эришдик, илгари бу борада ҳам муаммолар кўп бўлган. Болалар меҳнати ва мажбурий меҳнатдан озод этилгани ҳам жаҳон ҳамжамиятида имиджимизни яхшилашга ҳисса қўшди. Фермер хўжаликлари ва пахта тўқимачилик класстерлари билан деҳқончиликда хосилдорлик оширилмоқда. Шу мақсадларда 5 йилда 5 миллиард доллар инвестиция киритилди.
Давра суҳбати давомида Европа Иттифоқининг Ўзбекистондаги элчиси Шарлотта Адриаэн хоним меҳнат бозорига кириб келаётган ёш фермерларни, кичик фермер хўжаликларини ривожлантириш, уларнинг билим ва малакасини, маълумотлилик даражасини ошириш кераклиги ҳақида сўзлади.
– Сўнгги йилларда Ўзбекистон қишлоқ хўжалиги соҳасида либераллаштириш кўзга ташланяпти, – дейди Шарлотта Адриаэн. – Ҳар бир кичик тадбиркорга ҳам имконият бериляпти. Биринчи навбатда етиштирилаётган озиқ-овқат сифатини яхшилашга, жаҳон бозорида бу маҳсулотлар ўз ўрнига эга бўлишга эришиш зарур. Ҳозирда кичик фермерлардан ҳам яхши лойиҳалар чиқяпти, биз уларни қўллаб-қувватлаш билан бирга, инвесторлар ва улар орасида кўприк бўлишимиз керак.
Ўзбекистон иссиқ иқлим шароити кучайиб бораётганини таъкидлар экан МДҲ ва Туркия тижорат директори Сергей Стефанов шундай деди:
– 2030 йилда Ўзбекистонда сув оқими 25 фоизга қисқаради, бу дегани ҳосилдорлик ҳам шунчага қисқаради. Томчилаб суғориш технологияси сувни тежайди. Бу суғориш бўйича янги технологияларни олиб кириш, улар билан ишлаш кўникмасини ошириш, фермерлар ва ишчилар малакаси, салоҳиятини ривожлантиришни тақазо этади. Ҳар бир давлатнинг ўз бренд маҳсулоти бўлади, мен Ўзбекистон помидорини бренд деб ҳисоблайман, Москвадаги бирор дўконга кириб ҳар хил мамлакатлардан келган помидорлар турган жойда Ўзбекистондан келтирилганининг бозори «чаққон» эканини кўрасиз. Ерни яхши сақлаш, сувдан оқилона фойдаланиш, янги технологиялар ва рақамлаштириш жараёнини йўлга қўйиб, жаҳон бозорига мана шундай бренд маҳсулотларнинг турини кўпайтириш ва талаб даражасига қараб етказиб беришга эришиш мумкин.
Манба: Ўзбекистон Республикаси инвестициялар, саноат ва савдо вазирлиги