Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
Жаҳон банки билан Олий таълим соҳасидаги лойиҳалар натижалари кўриб чиқилди
2023-04-20 | Таълим
Олий таълим, фан ва инновациялар вазири Иброҳим Абдураҳмонов Жаҳон банки вакиллари — таълим бўйича бош мутахассис, таълим ва глобал ўзгаришлар бўйича глобал етакчи Диего Абаш, таълим бўйича бош мутахассиc Хусейн Абдул-Ҳамид, таълим бўйича мутахассис Виктория Бабаходжаева ва бошқалар билан онлайн форматда учрашиб, олий таълим соҳасида якунланган лойиҳалар натижалари ҳамда келгусидаги ҳамкорлик алоқаларини янада жадаллаштириш масалаларини муҳокама қилди.

Суҳбат аввалида олий таълим тизими моддий-техник базасини мустаҳкамлаш лойиҳаси доирасида амалга оширилган ишлар натижасига тўхталинди. Жаҳон банки кўмагида олий таълим тизимини рақамлаштириш, олий таълим масканаларини замонавий ўқув ва илмий лаборатория жиҳозлари билан таъминлаш, уларга таълим сифатини кафолатлаш бўйича юқори сифатли консалтинг хизматларини кўрсатиш, Scopus халқаро маълумотлар базаларидаги журналларда илмий мақолалар чоп этиш борасидаги самарали ишлар мамнуният билан тилга олинди.
Вазир олий таълим соҳасида мавжуд муаммоларни, хусусан талабаларни иш билан таъминлаш масаласини кўтариб, уларни ҳамкорликда ҳал қилиш таклифи билдирилди.
Шунингдек, жорий йилнинг июнь ойида Самарқанд шаҳрида Жаҳон банки бошчилигида минтақадаги қўшни давлатлар иштирокида йирик халқаро анжуман ўтказиш масаласи ҳам муҳокама қилинди.
Мулоқот якунида томонлар истиқболдаги лойиҳаларни тақдимотлар асосида кўриб чиқиб, ҳамкорликни янада кучайтиришга келишиб олишди.
Манба: Ўзбекистон Республикаси Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги