Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
Ҳамдўстлик мамлакатлари ўртасидаги ҳамкорлик янада фаоллашади
2023-04-14 | МДҲ
Самарқанд шаҳрида 14 апрель куни Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлиги Ташқи ишлар вазирлари кенгашининг йиғилиши бўлиб ўтди.
Тадбирда Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазири вазифасини бажарувчи Бахтиёр Саидов, Арманистон Республикаси Ташқи ишлар вазири Арарат Мирзоян, Беларусь Республикаси Ташқи ишлар вазири Сергей Алейник, Қирғиз Республикаси Ташқи ишлар вазири Жээнбек Кулубаев, Қозоғистон Республикаси Бош вазири ўринбосари – Ташқи ишлар вазири Мурат Нуртлеу, Россия Федерацияси ташқи ишлар вазири Сергей Лавров, Тожикистон Республикаси Ташқи ишлар вазири Сирожиддин Муҳриддин, Озарбайжон Республикаси ва Туркманистон Ташқи ишлар вазири ўринбосарлари Халаф Халафов ва Вепа Хаджиев ҳамда МДҲ Бош котиби Сергей Лебедев иштирок этди.
Тор ва кенг доирадаги йиғилишларда Ҳамдўстлик мамлакатлари ўртасидаги кўп қиррали ҳамкорликни янада фаоллаштириш, долзарб минтақавий ва халқаро масалалар юзасидан фикр алмашилди.
Ўзбекистон томони Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Ҳамдўстлик доирасида савдо-иқтисодий ҳамкорлик, саноат ва технологик кооперация, маданий-гуманитар алоқаларни ривожлантиришга қаратилган ташаббусларини амалга ошириш бўйича келгусидаги саъй-ҳаракатлар муҳимлигини таъкидлади. Рақамли трансформация, яшил иқтисодиёт, туризм ва ёшлар масалалари бўйича янги қўшма лойиҳаларни амалга ошириш долзарблиги таъкидланди.
Йиғилишда МДҲга аъзо давлатларнинг кўп босқичли ташқи ишлар вазирликлараро Маслаҳатлашувлари режаси ҳамда 2022 йилда ташкилотга аъзо давлатлар ташқи ишлар вазирликлари ўртасидаги шерикликни кенгайтириш бўйича Ҳаракатлар дастури ижроси юзасидан ахборот эшитилди.
Ҳамдўстликка аъзо давлатларнинг ҳукумат раҳбарлари кенгаши ва давлат раҳбарлари кенгашига кўриб чиқиш учун киритиладиган ҳужжатлар, шу жумладан Самарқанд шаҳрини 2024 йилда МДҲнинг “Маданият пойтахти”, Тошкент шаҳрини эса “Ёшлар пойтахти” деб эълон қилиш бўйича ҳужжатлар лойиҳалари кўриб чиқилди ва тасдиқланди.
2023 йилда Беларусь Республикасининг Минск шаҳрини, 2024 йилда эса Арманистоннинг Гюмри шаҳрини МДҲнинг “Спорт пойтахти” деб эълон қилиш тўғрисидаги қарор маъқулланди.
Йиғилиш иштирокчилари имконияти чекланган болалар ўртасида МДҲ давлатларининг спартакиадаси тўғрисидаги масалани ҳам муҳокама қилдилар. Мазкур спорт мусобақаларини ҳар тўрт йилда бир марта, қишки ва ёзги спорт турлари бўйича алоҳида ўтказиш режалаштирилган. Биринчи мусобақаларни 2024 йилда Россияда қишки спорт турлари бўйича, 2026 йилда ёзги спорт турлари бўйича ўтказиш таклиф қилинди. Спартакиадага Паралимпия ва Сурролимпия (дефлимпия) спорт турлари бўйича спорт мусобақалари киритилади.
Ташқи ишлар вазирлари кенгаши Россия Халқлар дўстлиги университетига Ҳамдўстликка аъзо давлатларнинг журналист кадрларини тайёрлаш ва қайта тайёрлаш бўйича асосий олий ўқув юрти мақомини бериш тўғрисида қарор қабул қилди
Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлиги Ташқи ишлар вазирлари кенгашининг навбатдаги йиғилишини 2023 йил 12 октябрь куни Қирғиз Республикаси Бишкек шаҳрида ўтказиш тўғрисида қарор қабул қилинди.
Йиғилишдан сўнг ўтказилган брифингда МДҲ Бош котиби Сергей Лебедев ташқи ишлар вазирларининг навбатдаги мажлиси юксак савияда ўтгани, ташкилот истиқболи ва унга аъзо давлатлар ўртасидаги турли соҳаларга оид алоқаларни янада ривожлантириш бўйича келишувларга эришилганини таъкидлади.
– Кейинги йилларда ташкилотимиз ишини янада ривожлантириш ва аъзо давлатлар ўртасидаги алоқаларни мустаҳкамлашда Ўзбекистон фаол иштирок этаётганини алоҳида қайд этишни истардим, – деди С.Лебедев. – Айниқса, кейинги икки йилда йирик халқаро форумлар майдонига айланиб бораётган Самарқандда бир неча бор учрашдик. Бугунги анжуман ҳам юқори савияда ташкил этилганини барчамиз эътироф этамиз. Бунинг учун Ўзбекистон раҳбариятига миннатдорлик билдирамиз. Фурсатдан фойдаланиб, Ўзбекистонда яқинда ўтказиладиган референдум муваққиятли ўтишини тилайман ва ушбу сиёсий тадбирда ҳам МДҲ кузатувчилар миссияси фаол иштирок этишини билдираман.
Шунингдек Самарқанд шаҳрида Марказий Осиё мамлактлари ва Россия ташқи ишлар вазирлари учрашуви ҳам бўлиб ўтди.
Самарқанд учрашувлари туркумини якунловчи “Марказий Осиё – Россия” шаклидаги мулоқот минтақа давлатлари ва халқлари ўртасидаги ишончли ва ўзаро манфаатли алоқаларнинг долзарб аҳамиятини тасдиқлаётгани таъкидланди.
Учрашувда сиёсий-дипломатик, савдо-иқтисодий, транспорт, энергетика, маданий-гуманитар соҳаларда ҳамкорликнинг истиқболли йўналишлари муҳокама қилинди.
Шу тарзда кейинги икки кун давомида Самарқанд яна асосий халқаро мулоқот майдони сифатида минтақавий ва глобал масалалар муҳокама этилган йирик форумларга мезбонлик қилди. Унда кўриб чиқилган масалалар минтақа давлатлари ўртасидаги ҳамкорликни мустаҳкамлаш, тинчлик ва барқарорликни таъминлашга хизмат қилиши, шубҳасиз.
Ғолиб ҲАСАНОВ
Манба: ЎзА