Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
Андижон вилояти тадбиркорлари билан ижтимоий соҳа объектларидаги иситиш тизимларининг барқарор ишлашини таъминлаш юзасидан учрашув бўлиб ўтди
2023-04-11 | Жамият
Куни кеча муҳтарам Президентимиз томонидан ижтимоий соҳада муҳим ўрин эгаллаган иситиш тизимларини модернизасия қилишга оид «Ижтимоий соҳа объектларининг иситиш тизимларини давлат-хусусий шериклик асосида модернизасия қилиш тўғрисида» ги ПҚ-118-сон қарори тасдиқланди.

Мазкур қарор ижтимоий соҳа объектларида мавжуд ўткир муаммоларидан бўлган — иситиш тизимларининг куз-қиш мавсумида барқарор ишлашини таъминлаш, ушбу объектларга иссиқлик энергиясини узлуксиз етказиб бериш, энергия ресурсларидан оқилона ва самарали фойдаланиш, соҳани жозибадорлигини ошириш орқали хусусий инвестисияларни кенг жалб қилиш бўйича амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотларнинг ҳуқуқий асоси бўлиб хизмат қилади.
Қарорга асосан, ижтимоий соҳа объектларининг иситиш тизимларини 2023 йилда давлат-хусусий шериклик асосида модернизасия қилиш ишларини ташкиллаштириш бўйича республика ишчи гуруҳи тасдиқланган бўлиб, ижтимоий соҳа объектларининг иситиш тизимлари учун талаб этиладиган кўмир ва бошқа ёқилғи маҳсулотлари билан таъминлашга кўмаклашиш, лойиҳанинг олиб борилишини мунтазам мониторинг қилиб бориш ҳамда юзага келадиган муаммоларни аниқлаш ва бартараф этиш чораларини кўриш ишлари олиб борилади.
Хусусан, 2023 йил 11 апрель куни қарор ижроси доирасида республика ишчи гуруҳи штаби томонидан лойиҳага хусусий секторни кенг жалб қилиш мақсадида, Андижон вилоятининг салоҳиятли тадбиркорлари билан учрашув ўтказилди .
Учрашувда Иқтисодиёт ва молия вазири Ш. Кудбиев, Андижон вилояти ҳокими Ш.Абдураҳмонов, вазирликнинг мутасадди вакиллари иштирок этиб, тадбиркорларга лойиҳаларни амалга ошириш учун талабгорлар шаффоф ва очиқ шартларда ташкил қилинадиган тендерлар асосида танланиши, инвестисия қийматининг 50 фоиздан кам бўлмаган қисми хусусий инвестор томонидан ва қолган қисми бюджет маблағлари ҳисобидан молиялаштирилиши, лойиҳаларни бошқариш ва эксплуатасия қилиш даври давомида хусусий шериклар томонидан кўрсатиладиган хизматлар давлат томонидан кафолатланган тарзда молиялаштирилиши, эксплуатасия харажатлари йиллик тўловлар инфлясия даражасида давлат бюджети ҳисобидан 10 йил муддатда индексасия қилиниши, эксплуатасия харажатлари калькулясиясида ҳар йили таннархга нисбатан 10 фоиз миқдорда рентабеллик кўзда тутилиши, амортизасия суммаси ва соф фойда ҳисобига хусусий шерик киритган инвестисия харажатлари 5 йилда қопланиши, қолган 5 йил соф фойдага ишлаш имкониятлари тушунтириб ўтилди.
Учрашув якунида вазир томонидан Андижон вилояти Иқтисодиёт ва молия бош бошқармасига тадбиркорларга хизмат кўрсатувчи махсус Штаб ташкил этиш ҳамда тадбиркорларни қийнайдиган барча муаммоларга ўз вақтида ечим бериш юзасидан топшириқ берилди.
Мазкур учрашувларнинг ўтказилиши ўз навбатида, хусусий сектор вакиллари учун лойиҳаларда иштирок этиш иштиёқи ва соҳа жозибадорлигини оширишга хизмат қилади.
Манба: Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт ва молия вазирлиги