Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
Халқчил давлат хизмати кўрсатиш – бугунги куннинг энг асосий талаби
2023-04-11 | Жамият
Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Давлат хизматини ривожлантириш агентлиги давлат хизматига қабул қилишда очиқлик ва холисликни таъминлашга қаратилган чора-тадбирларни амалга оширмоқда.
Танловлардан муваффақиятли ўтган кадрларнинг янги иш жойида самарали фаолият юритиши учун уларга зарур тавсиялар бериб борилмоқда.
Агентлик ахборот хизмати хабарига кўра, Қорақалпоғистонда танлов орқали давлат хизматига қабул қилинган кадрлар билан агентлик масъул шахслари мулоқот ташкил қилди.
2023 йил биринчи чорагида мазкур ҳудуд бўйича 123 вакант лавозимга очиқ танлов эълон қилинган. Танловда иштирок этиш учун 2 минг 843 нафар номзоддан ариза келиб тушган. Уларнинг энг малакалилари эса давлат хизматига ишга қабул қилинган.
Мулоқот давомида иштирокчиларга «Давлат фуқаролик хизмати тўғрисида»ги қонун, давлат фуқаролик хизматчиларининг одоб-ахлоқ қоидалари, коррупцияга қарши курашиш тўғрисидаги қонунчилик ҳужжатларининг мазмун-моҳияти тўлиқ тушунтирилди.
Давлат органлари ва ташкилотларига очиқ танлов орқали ишга кириш, жумладан, давлат фуқаролик хизматчилари вакант лавозимларининг ягона очиқ портали фаолиятидаги янгиликлар етказилди. Халқчил давлат хизматини кўрсатиш бугунги куннинг энг асосий талаби эканлиги тушунтирилди.
Очиқ мулоқот руҳида ўтган учрашувда иштирокчилар давлат хизматини самарали кўрсатишга доир саволларига жавоб олди.
Манба: ЎзА