Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали

Архив
2025
Календарь

Воқеалар

Дш Сш Чш Пш Жм Шн Як
Порталда янгилик
  • Сен –қудрат манбаи, саодат маскани, жонажон Ўзбекистоним! Батафсил>>>
  • Оммавий савдолар орқали сотилиши белгиланган давлат мулки объектлари Батафсил>>>
  • "Давлат органлари ижтимоий тармоқларда" саҳифаси Батафсил>>>
  • Жонажон Ўзбекистоним, мангу бўл омон! Батафсил>>>
  • «Очиқ бюджет» саҳифаси Батафсил>>>

Ўзбекистонда озиқ-овқат нархлари пасаймоқда

2023-04-10 | Иқтисодиёт

Халқаро бизнес марказида қатор вазирлик ва идоралар раҳбарлари, йирик импортёрлар, улгуржи ва чакана савдо тармоқлари эгалари, Ўзбекистоннинг таниқли тадбиркорлари иштирокида давра суҳбати бўлиб ўтди

Давлатимиз раҳбари ташаббуси билан ички бозорда харидоргир бўлган бир қатор озиқ-овқат маҳсулотларига жорий этилган имтиёзларни амалда қўллаш мавзуси кун тартибидаги асосий масала бўлди.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2023 йил 23 мартдаги “Истеъмол бозорларида нархлар барқарорлигини таъминлашга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги фармонига мувофиқ, 36 турдаги озиқ-овқат маҳсулотларини импорт қилишга 2024 йилгача (яна 2 таси – 2023 йил 1 сентябргача) божхона божининг ноль ставкасини жорий этиш тўғрисида қарор қабул қилинди.

Инвестициялар, саноат ва савдо вазирининг ўринбосари Бадриддин Обидов йиғилиш иштирокчиларига мурожаат қилар экан, Ўзбекистон Республикаси Президентининг нархлар мувозанатини таъминлаш ва бозорларни арзон озиқ-овқат маҳсулотлари билан тўлдириш бўйича қабул қилинган фармонининг долзарблиги ва аҳамиятини алоҳида таъкидлади.

Президентимизнинг ушбу ташаббуси ҳар йили 15-20 фоиз даражасида давом этаётган глобал озиқ-овқат инфляциясига нисбатан пухта ўйланган, самарали жавоб чорасидир. Хусусан, ўсимлик ёғи, сут ва гўшт нархлари сўнгги 30 йил ичида, дон маҳсулотлари ва шакарнинг эса сўнгги 10 йил ичида рекорд даражада ўсиши кузатилди.

Таҳлилларга кўра, ноль ставкалар жорий этилгандан кейинги дастлабки 10 кун давомида (яъни жорий йил 4 апрель ҳолатига) божхона имтиёзлари асосида импорт қилинган 36 турдаги  товарларнинг 24 тури бўйича улгуржи нархларнинг пасайиши кузатилди. Айниқса хурмо – 16 фоиз, олма, беҳи ва нок – 42 фоиз, консерваланган балиқлар – 50 фоиз, минерал сувлар – 40 фоиз, оқ шоколад ёки таркибида какао бўлмаган конфетлар – 24 фоизга арзонлашди. Мутахассисларнинг тахминларига кўра, нархларнинг пасайиши чакана савдода ҳам кузатилади.

Президентимиз фармонида белгиланган вазифаларни самарали амалга ошириш юзасидан кўрилаётган чора-тадбирлар маълум қилинди. Хусусан, ички бозордаги нархлар ўзгариши динамикасини мониторинг қилиш ва уларни барқарорлаштириш чора-тадбирларини ишлаб чиқиш бўйича ишчи гуруҳ тузилганлиги қайд этилди.

Давра суҳбати иштирокчилари бўлиб ўтган савол-жавоблар сессияси давомида ўзларининг фикрлари ва таклифларини ўртоқлашдилар.

Манба: Ўзбекистон Республикаси инвестициялар, саноат ва савдо вазирлиги

Поделиться