Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали

Архив
2024
Календарь

Воқеалар

Дш Сш Чш Пш Жм Шн Як
Порталда янгилик
  • Сен –қудрат манбаи, саодат маскани, жонажон Ўзбекистоним! Батафсил>>>
  • Оммавий савдолар орқали сотилиши белгиланган давлат мулки объектлари Батафсил>>>
  • "Давлат органлари ижтимоий тармоқларда" саҳифаси Батафсил>>>
  • Жонажон Ўзбекистоним, мангу бўл омон! Батафсил>>>
  • «Очиқ бюджет» саҳифаси Батафсил>>>

Тошкентда Савдо-иқтисодий ҳамкорлик бўйича Ўзбекистон-Грузия ҳукуматлараро комиссиясининг 9-йиғилиши бўлиб ўтди

2023-04-03 | Иқтисодиёт

Тошкентда Бош вазир ўринбосари Жамшид Ходжаев ҳамда Грузия Бош вазири ўринбосари, иқтисодиёт ва барқарор ривожланиш вазири Леван Давиташвили раислигида Савдо-иқтисодий ҳамкорлик бўйича Ўзбекистон-Грузия ҳукуматлараро комиссиясининг 9-йиғилиши бўлиб ўтди.

Унда тегишли вазирлик ва идоралар, икки мамлакат ишбилармон доиралари вакиллари иштирок этди.

Учрашувда инвестициявий, саноат, савдо-иқтисодий ва маданий-гуманитар соҳалардаги ҳамкорликни янада ривожлантириш масалалари муҳокама қилинди.

Ҳукуматлараро мулоқот доирасида ўзаро товар айирбошлаш ҳажми ўсишининг ижобий тенденцияси қайд этилди. Охирги 6 йил ичида икки давлат ўртасидаги ташқи савдо айланмаси қарийб икки баробар ошди. Биргина ўтган йилнинг ўзида Ўзбекистон ва Грузия ўртасидаги товар айирбошлаш ҳажми 30 фоиздан ортиқ ошди. Томонлар яқин йилларда товар айирбошлаш ҳажмини 500 миллион долларга етказишга келишиб олдилар. Ушбу мақсадга эришиш учун икки ҳафта муддатда ўзаро савдо миссияларини, шунингдек, икки давлат саноат маҳсулотлари кўргазмаларини ташкил этиш чора-тадбирларини қамраб олган 2023-2024 йилларга мўлжалланган савдо-иқтисодий ҳамкорликни янада чуқурлаштириш бўйича амалий чора-тадбирлар режасини ишлаб чиқиш ва тасдиқлаш таклиф этилди.

Ҳудудлараро муносабатларни мустаҳкамлаш ҳақида сўз борар экан, Грузия ва Ўзбекистоннинг барча ҳудудларини қўшма лойиҳа ва ташаббусларга жалб этиб ҳамкорликни ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратилди. Шу муносабат билан биринчи босқичда Самарқанд ва Батуми, шунингдек, Бухоро ва Мтсхета ўртасида икки томонлама шериклик алоқаларини ўрнатиш таклиф этилди.

Томонлар саноат кооперациясини йўлга қўйиш долзарблигини, унинг доирасида илғор фармацевтика маҳсулотлари, тайёр қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари, минерал ўғитлар, шунингдек, алкоголли ичимликлар ишлаб чиқариш бўйича кластерлар яратиш бўйича қўшма лойиҳаларни амалга ошириш имкониятларини кўриб чиқдилар.

Томонлар транспорт-логистика соҳасидаги ҳамкорликни ривожлантириш, хусусан, Боку-Тбилиси-Карс транспорт йўлаги ва Грузиянинг ривожланган Қора денгиз порти инфратузилмасидан фойдаланишни кенгайтиришга алоҳида эътибор қаратдилар.

Тадбир якунлари бўйича қатор икки томонлама ҳужжатлар, жумладан, йиғилишнинг Якуний баённомаси, Ўзбекистон Республикаси Ҳукумати ва Грузия Ҳукумати ўртасида техник жиҳатдан тартибга солиш, стандартлаштириш, метрология ва мувофиқликни баҳолаш соҳасида ҳамкорлик тўғрисидаги Битим, шунингдек, Ўзбекистон Республикасининг Жаҳон савдо ташкилотига (ЖСТ) қўшилиши доирасида Грузия ва Ўзбекистон Республикаси ўртасида товар ва хизматлар бозорига чиқиш бўйича икки томонлама музокараларни якунлаш тўғрисидаги Баённома имзоланди.

Манба: Ўзбекистон Республикаси инвестициялар, саноат ва савдо вазирлиги

Поделиться