Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
Ўзбекистон Сув хўжалиги вазирлиги ҳамда Швеция Денгиз ва сув ресурсларини бошқариш агентлиги ўртасидаги ўзаро ҳамкорлик янада ривожланади
2023-04-03 | Экология
Мамлакатимизнинг Швеция Қироллигидаги элчихонаси томонидан Ўзбекистон Республикаси Сув хўжалиги вазирлиги ва Швеция Денгиз ва сув ресурсларини бошқариш агентлиги ўртасида Швеция ТИВ ҳамда иккала давлат экспертлари иштирокида сув ресурсларини бошқариш, тежаш ва қайта тикланувчи энергия манбаларидан фойдаланиш мавзусида онлайн семинар ўтказилди
Ушбу онлай тадбирда ҳаммаси бўлиб 100 нафардан зиёд иштирокчи қатнашди.
Шунингдек, Ж.Гранит жорий йил 23 март куни БМТнинг сув конференциясида Ўзбекистон делегацияси томонидан қайд этилган Орол фожеаси оқибатлари ва уларни бартараф этиш бўйича эришилган муваффақиятларни ҳамда бу борада амалга оширилаётган кенг кўламли ишларни юқори баҳолади.
Шу ўринда у Швеция Денгиз ва сув ресурсларини бошқариш агентлиги сув ресурсларини асраш, денгиз, дарё ва кўлларнинг ҳолатини баҳолаш ва мониторингини олиб бориш, био хилма-хилликни қўллаб-қувватлаш масалаларида Швеция халқаро сув институти билан яқиндан ҳамкорлик қилишини билдирди.
Семинар чоғида Ж.Гранит, Швеция Денгиз ва сув ресурсларини бошқариш агентлиги бошқарма бошлиқлари Жон Клинг, Микаэль Криселл, Патрик Стромберг ва таҳлилчи Ульрика Стенсдоттер сув ресурсларини бошқариш соҳасида Швеция тажрибасига доир тақдимотларни ўртоқлашдилар. Улар, шунингдек, ўзбек экспертларини қизиқтирган саволларга батафсил жавоб беришди.
Ўзбек томонидан Сув хўжалиги вазирлиги Ахборот-таҳлил ва ресурс маркази директори З.Ишпулатов Ўзбекистонда сув ресурсларини бошқариш ва қайта тикланувчи энергия манбаларидан фойдаланиш бўйича қилинган ишлар ва келгусидаги истиқболли режалар тўғрисида швед экспертларига маълумот берди.
Ж.Гранит Ўзбекистон ва Швецияда сув ресурслари бўйича вазиятни ва ушбу соҳада ёндошув бир-биридан фарқ қилишини қайд этар экан, жумладан, Қироллик асосий эътиборини сувни бошқаришда атроф муҳитини ҳимоя қилиш ва мамлакат иқтисодиётини ривожлантиришга ҳисса қўшишга қаратишини айтди.
Шу ўринда суҳбатдош экотизим ва сувдан фойдаланиш ўртасида мувозанатни сақлашнинг муҳимлигини алоҳида таъкидлади.
Унинг сўзларига кўра, Украинадаги уруш ҳам Европада озиқ-овқат ва энергетика хавфсизлигини таъминлаш билан боғлиқ вазиятга салбий таъсир кўрсатмоқда.
Музокаралар якунида Ўзбекистон Сув хўжалиги вазирлиги ҳамда Швеция Денгиз ва сув ресурсларини бошқариш агентлиги ўртасида ўзаро тажриба алмашиш бўйича ҳамкорлик алоқаларини давом эттириш, жумладан, семинар ва қўшма тадбирлар уюштириш, ўзаро ташрифларни ташкил этишга келишиб олинди.
Манба: “Дунё” ахборот агентлиги