Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали

Архив
2024
Календарь

Воқеалар

Дш Сш Чш Пш Жм Шн Як
Порталда янгилик
  • Сен –қудрат манбаи, саодат маскани, жонажон Ўзбекистоним! Батафсил>>>
  • Оммавий савдолар орқали сотилиши белгиланган давлат мулки объектлари Батафсил>>>
  • "Давлат органлари ижтимоий тармоқларда" саҳифаси Батафсил>>>
  • Жонажон Ўзбекистоним, мангу бўл омон! Батафсил>>>
  • «Очиқ бюджет» саҳифаси Батафсил>>>

Жорий йилда “Янги Ўзбекистон – рақобатбардош маҳсулотлар юрти” дастури доирасида экспортчи корхоналар сони 200 тага етказилади

2023-03-31 | Иқтисодиёт

АОКАда Инвестициялар, саноат ва савдо вазири ўринбосари ва мутасаддилари иштирокида бўлиб ўтган матбуот анжуманида 2022 йилда амалга оширилган ишлар ҳамда жорий йилдаги устувор вазифалар ҳақида маълумот берилди.

I. Инвестиция масалалари бўйича

2022 йилда жами 11,9 млрд долларлик хорижий инвестициялар ўзлаштирилиб, белгиланган прогноз 102 фоизга бажарилди. Хусусан:

- тўғридан-тўғри хорижий инвестициялар ва кредитлар 10,1 млрд доллар (102 фоиз);

- халқаро молия институтлари ва хорижий ҳукумат молия ташкилотлари маблағлари 1,8 млрд долларни (100 фоиз) ташкил қилди.

а) Тўғридан-тўғри хорижий инвестициялар ва кредитлар бўйича тармоқ корхоналари 4,4 млрд доллар ҳамда ҳудудий лойиҳалар бўйича 5,7 млрд доллар маблағлар ўзлаштирилди.

Тармоқлар бўйича кимё саноати (1,9 баробар), энергетика (1,8 баробар) ва кон-металлургия (1,2 баробар) соҳаларида ўтган йилнинг мос даврига нисбатан юқори ўсиш суръатлари кузатилган бўлса, ҳудудлар бўйича асосий ўсиш Самарқанд (2 баробар), Андижон (1,6 баробар) ва Фарғона (1,3 баробар) вилоятлари ҳиссасига тўғри келмоқда.

б) ХМИ ва ХҲМТ маблағларининг асосий қисми ОТБ (517,9 млн доллар), Жаҳон банки (508,5 млн доллар), Ислом ТБ (128,7 млн доллар), Хитой (106,1 млн доллар), Европа ТТБ (99,3 млн доллар), Япония (94,9 млн доллар) ҳиссаларига тўғри келди.

Ушбу маблағлар энергетика (21,0 фоиз), қишлоқ ва сув хўжалиги (20,3 фоиз), коммунал хўжаликка (14,7 фоиз), транспорт инфратузилмаси (10,2 фоиз), соғлиқни сақлаш (7,5 фоиз), нефтгаз ва кимё саноати (7,2 фоиз), таълим (3,5 фоиз ёки 63,1 млн доллар) соҳаларига йўналтирилди.

в) инвестиция дастурлари доирасида 6,2 млрд долларлик 304 та йирик ва аҳамиятли лойиҳалар ҳамда 6,6 млрд долларлик 12 382 та ўрта ва кичик лойиҳалар ишга туширилиши ҳисобига 305,9 мингта (режа 273,6 мингта) янги иш ўринлари яратилди.

Мисол учун, Қибрай туманида қиймати 270 млн долларлик қуввати 230 ва 240 МВт бўлган иккита иссиқлик электр станциясини қуриш лойиҳаси ишга туширилиб, 160 та янги иш ўринлари ташкил этилди.

Ургут туманида "FEREXPO" МЧЖ томонидан қиймати 7 млн долларлик йилига 3 минг дона совуткичлар ишлаб чиқаришни ташкил этиш лойиҳаси ишга туширилиб, 85 та янги иш ўринлари ташкил этилди.

Ҳукумат комиссияси томонидан жойларда олиб борилган ишлар натижасида муддати 2023 йил қилиб белгиланган қиймати 38,6 млн долларлик 125 та лойиҳалар 2022 йилда ишга туширилиши таъминланди ва бунинг натижасида 1,2 мингта янги иш ўринлари яратилди.

Мисол учун, Учкўприк туманидаги "BAY HUA LIN" МЧЖ шаклидаги ҚК томонидан 2 млн доллар инвестициялар ҳисобига йилига 575 минг жуфт аёллар ва болалар пойабзали ишлаб чиқариш лойиҳаси муддатидан олдин ишга туширилиб, 80 та янги иш ўринлари яратилди.

Шу билан бирга, шаҳар ва туманларда “маҳаллабай” ишлар ташкил этилиши ҳамда молиявий ресурслардан самарали фойдаланиш натижасида 655 млн долларлик 1 776 та қўшимча (резерв) лойиҳалар ишга туширилиб, 31,6 мингта иш ўринлари яратилди.

Мисол учун, Каттақўрғон туманида "Anvarjon Biznes Invest" МЧЖ томонидан қиймати 1,6 млн долларлик йилига 5 минг тонна маиший чиқиндиларни қайта ишлаш лойиҳаси ишга туширилиб, 151 та янги иш ўринлари ташкил этилди.

4. Эркин иқтисодий зоналарда 2022 йилда қиймати 539,4 млн долларлик 91 та инвестиция лойиҳалари ишга туширилди ва 8 351 та янги иш ўринлари яратилди.

Саноат зоналари ҳудудларида фаолият кўрсатаётган 602 та корхоналар томонидан 29,4 трлн сўмлик маҳсулотлар ишлаб чиқарилган (114,2 фоиз) ва 673 млн долларлик маҳсулотлар экспортга чиқарилган.

Бундан ташқари, хабарингиз бор 2022 йилнинг 24-26 март кунлари Тошкент шаҳрида биринчи “Тошкент халқаро инвестиция форуми” ўтказилди.

Ушбу Форумга жаҳоннинг 56 та мамлакатидан йирик инвесторлар ва юқори мартабали меҳмонларидан иборат 2 мингдан ортиқ иштирокчилар ташриф буюрди.

Форум якунлари билан 7,8 млрд долл. аниқ шартномалар

ва инвестициявий битимлар пакети имзоланди. Шунингдек, қиймати 3,5 млрд долл. лойиҳаларни амалга ошириш бўйича дастлабки келишувларга эришилди.

II. Экспорт кўрсаткичлари ва ташқи иқтисодий алоқалар йўналишида

 

1. 2022 йилда товарлар ва хизматлар экспорти (махсус экспортсиз) 15,5 млрд долларни ёки ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 124 фоизни ташкил этди (прогноз – 107 фоиз).

Экспорт ҳажми асосан тўқимачилик (3,2 млрд доллар, 109 фоиз), электротехника (807 млн доллар, 1,4 баробар), қурилиш материаллари (611 млн доллар, 1,4 баробар) каби тармоқ корхоналари томонидан ҳисобига таъминланди.

Ҳудудларда Тошкент шаҳри (129 фоиз), Тошкент (129 фоиз), Қашқадарё (133 фоиз), Самарқанд вилоятларида (131 фоиз) экспорт ҳажмларида юқори ўсиш суръатларига эришилди. Шу билан бирга, 207 та туман ва шаҳардан 161 тасида экспорт ҳажмлари ўсиши таъминланганлиги ҳисобига 1,9 млрд доллар қўшимча экспорт амалга оширилди.

Экспорт географияси 52 та янги давлатлар бозорлари ҳисобига кенгайтирилиб, Италия ва Латвияга ипакдан аёллар кўйлаги, Камерунга мис сим маҳсулотлари, Туркия ва Эронга тикув машинаси, Молдовага кир ювиш машинаси, Исроилга миллий чолғу асбоблари, Кореяга мош уни ҳамда Анголага автомобил эҳтиёт қисмлари илк марта етказиб берилди.

Экспорт ҳажмлари 51 та асосий ҳамкор давлатларда ўсишга эришилди. Жумладан:

МДХ ва қўшни давлатлардан (7,2 млрд доллар, ўсиш 129 фоиз) Россия (3,1 млрд доллар, 147 фоиз), Қозоғистон (1,4 млрд доллар, 117 фоиз) ва Қирғизистон (979 млн доллар, 124 фоиз);

Европа давлатларидан (938 млн доллар, 136 фоиз) Польша (132 млн доллар, 148,5 фоиз), Буюк Британия (104 млн доллар, 130 фоиз), Латвия (103 млн доллар, 187 фоиз) ва Германияга (89 млн доллар, 123 фоиз);

Осиё давлатларидан (2 млрд доллар, 91,5 фоиз) Бирлашган Араб Амирликлари (114 млн доллар, 2 баробар), Хиндистон (36 млн доллар, 119 фоиз) ва Исроилга (15 млн доллар, 2,2 баробар) амалга оширилган экспорт ҳажмларида ўсиш таъминланди.

Шунингдек, АҚШ (69 млн доллар, 113 фоиз) ва Марокашга (14 млн доллар, 2,8 баробар) амалга оширилган экспорт ҳажмларида ҳам ўсиш кузатилди.

2. Ўзбекистоннинг Жаҳон савдо ташкилотига аъзо бўлиши бўйича Ишчи гуруҳнинг навбатдаги йиғилишини ўтказиш мақсадида ЖСТ Котибияти билан фаол мулоқот олиб борилмоқда, жумладан:

Жорий йил 7 июль куни Ўзбекистоннинг ЖСТ га қўшилиши бўйича Ишчи гуруҳнинг навбатдаги 5-йиғилиши бўлиб ўтди ва мазкур тадбирда ЖСТ Котибияти, БМТТД, ЮНКТАД/ЖСТ Халқаро савдо маркази, ЮСАИД, Корея халқаро иқтисодий сиёсат институти (КХИСИ), Германия халқаро ҳамкорлик жамияти (GIZ), Туркия Ҳамкорлик ва мувофиқлаштириш агентлиги (TIKA), Япония Халқаро ҳамкорлик агентлиги (JICA) ҳамда хорижий давлатларнинг Ўзбекистондаги дипломатик ваколатхоналари раҳбарлари ва ходимлари иштирок этди.

Ишчи гуруҳнинг 6-йиғилишини 2023 йилнинг 13-14 март кунлари ўтказилди.

Бугунги кунда ўтказилган музокаралар жараёнининг натижаларидан бири сифатида Ўзбекистоннинг Европа Иттифоқи Умумлаштирилган имтиёзлар тизимидан “GSP+” бенефициар мақомини олганлиги деб аташ мумкин. Бунинг натижасида ўзбек ишлаб чиқарувчиларининг мато, кийим-кечак ва пластмассадан тайёрланган буюмлар каби 6 200 дан ортиқ турдаги маҳсулотларни Европа мамлакатлари бозорларига экспорт қилишлари мумкин бўлди.

Ўзбекистоннинг “GSP+” дастурига қўшилиши натижасида Европа Иттифоқи мамлакатларига экспорт ҳажми ҳозирги 87 млн доллардан 3 млрд долларгача оширилиши режалаштирилган, шу жумладан тайёр кийим ва трикотаж маҳсулотларини экспорт қилиш кўрсаткичи 42 млн доллардан 1,2 млрд долларгача, мева ва сабзавотлар экспорти - 20 млн доллардан 900 млн долларгача, чарм ва поябзал экспорти эса - 5 млн доллардан 200 млн долларгача ва бошқа тайёр маҳсулотлар экспорти - 20 млн доллардан 700 млн долларгача ошиши кутилмоқда.

Мазкур давлатларга минерал ўғитлар аралашмаси, тайёр тикувчилик маҳсулотлари, металл буюмлар, бўёлган трикотаж мато каби 10 турдаги маҳсулотлар экспорти ўзлаштирилди.

Бундан ташқари, “Ўзбекистон Аккредитация маркази” ДУК “Лабораториялар Аккредитацияси бўйича ҳамкорлик” (ILAC) ташкилотига, 28 сентябрь куни эса “Халқаро Аккредитация Форуми” халқаро ташкилотига (IAF) тўлақонли аъзо сифатида қабул қилинди.

Мазкур имкониятлардан самарали фойдаланган ҳолда Европа Иттифоқи давлатларига экспорт ҳажмларини кескин ошириш юзасидан қуйидаги чора-тадбирлар амалга оширилади:

- халқаро тан олинган стандарт ва сертификатлар жорий этилган корхоналар сони 1 400 тага етказилади;

- республикада ишлаб чиқарилаётган маҳсулотларни Европа Иттифоқи давлатлари талаби ва стандартига мослаштириш ишларини жадаллаштириш мақсадида сертификация ва мувофиқликни баҳоловчи органлар фаолияти самарадорлиги оширилади.

Бунинг натижасида йил якуни билан Европа Иттифоқи давлатларига амалга ошириладиган экспорт ҳажмлари 800 млн долларга етказилиб, ўтган йилга нисбатан 2 бараварга ўсиши таъминланади.

Шу билан бирга, Экспортни рағбатлантириш агентлиги томонидан 2022 йилда жами 39 та халқаро кўргазма-ярмарка тадбирларида 739 та маҳаллий экспорт қилувчи ташкилотларнинг иштирок этишини таъминлаш мақсадида 41,6 млрд сўм миқдорида молиявий ва ташкилий ёрдам кўрсатилди, натижада хорижий йирик импортёр корхоналар билан ўзаро 441,8 млн долларлик экспорт шартномаларини имзоланишига эришилди.

Бундан ташқари, 586 та экспортчи корхоналарга ташиш харажатларининг бир қисмини қоплаб бериш бўйича 310 млрд. сўмлик компенсация қилиб берилди;

314 та экспортчи корхоналарга суғурта хизматларидан фойдаланганда 44,7 млрд сўмлик суғурта мукофоти харажатлари қоплаб берилди;

294 та экспортчи корхоналарга халқаро стандарт ва сертификатни жорий қилиш бўйича 41,3 млрд сўмлик молиявий ёрдам кўрсатилди;

473 та экспортчи корхоналарга халқаро кўргазма-ярмарка тадбирларини ташкил этиш бўйича 41,8 млрд сўмлик, шунингдек, ўзбек брендлари ва маҳсулотларини хорижда тарғиб қилиш бўйича “Made in Uzbekistan” дастурини амалга ошириш учун 39 млрд. сўмлик молиявий ёрдам кўрсатилди;

73 та экспортчи корхоналарга даврий нашрларга обуна бўлиш, тақдимотлар ва реклама компанияларини ўтказиш бўйича 4,7 млрд. сўмлик молиявий ёрдам кўрсатилди;

маҳаллий ва хорижий компанияларни, мутахассисларни жалб қилган ҳолда бизнес-семинарлар, тренинглар, савдо миссиялари ва бизнес-форумлар ташкил этиш учун 74 та экспорт қилувчи корхоналарга 511,0 млн сўмлик молиявий ёрдам кўрсатилди;

ваколатли органларнинг мева-сабзавотлар, тўқимачилик маҳсулотлари ва буюмларини экспорт қилиш учун зарур сертификатларни расмийлаштириш билан боғлиқ 34,8 млрд сўмлик харажатлар қоплаб берилди

2023 йилда инвестициялар ва ташқи савдо масалалари бўйича амалга ошириладиган чора-тадбирлар борасида тўхталиб ўтадиган бўлсам:

1. Инвестициялар бўйича:

а) 2023 йилда 13,2 млрд доллар миқдорида хорижий инвестициялар ўзлаштирилиши режалаштирилган (ўсиш 112 фоиз), хусусан:

– тўғридан-тўғри хорижий инвестициялар ва кредитлар 10,9 млрд долларни (ўсиш 110 фоиз);

– халқаро молия институтлари ва хорижий ҳукумат молия ташкилотлари маблағлари 2,2 млрд долларни (ўсиш 123 фоиз) ташкил қилади.

б) Жорий йилда инвестиция дастурлари доирасида 6,2 млрд долларлик 304 та йирик ва аҳамиятли лойиҳалар ҳамда 8,9 млрд долларлик 9 465 та ўрта ва кичик лойиҳалар ишга туширилиши ҳисобига 318,1 мингта янги иш ўринлари яратилади.

в) Жорий йилда ишга тушириладиган барча лойиҳаларга тегишли вазирликлар, идоралар, тижорат банклари ва маҳаллий ҳокимликлардан масъуллар бириктирилган ҳолда ушбу йўналишдаги “лойиҳабай” ишлар тизимли давом эттирилмоқда ҳамда натижаси ҳар ойда икки марта Ҳукумат комиссияси йиғилишларида танқидий муҳокама қилиб борилмоқда.

Шу билан бирга, жорий йил апрель ойи якунида “II Тошкент халқаро инвестиция форуми”нинг ўтказилиши режалаштирилган бўлиб, бугунги кунда ушбу тадбирни юқори даражада ўтказиш учун барча ташкилий ишлар қизқин олиб борилмоқда.

2. Экспорт масаласида эса

а) Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2022 йил 24 декабрдаги махсус қарорига мувофиқ 2023 йилда жами 17,7 млрд доллар, шундан январь-март ойлари учун 2,7 млрд доллар экспорт прогнози белгилаб берилди.

б) Экспорт ҳажмларини тўлақонли таъминлаш мақсадида Инвестициялар, саноат ва савдо вазирлиги томонидан аниқ йўналишлар кесимида зарур чора-тадбирлар белгилаб олинди. Хусусан:

иқтисодиёт тармоқлари, тижорат банклари ва маҳаллий ҳокимлик органларининг масъул 76 та раҳбарларига республиканинг 1 450 та йирик экспортчи корхоналар бириктирилди;

- улар томонидан жорий йилда 13,7 млрд долларлик маҳсулотларни ташқи бозорларга етказиб берилиши таъминланиб, мазкур раҳбарлар томонидан амалга оширилаётган ишлари бўйича таъсирчан назорат ўрнатилади.

Ҳар бир экспорт кўрсаткичлари бажарилиши бўйича кунлик назорат ўрнатилиб, натижаси ҳар ҳафтада Инвестициялар, саноат ва савдо вазирининг тегишли ўринбосарлари даражасида муҳокама қилиб борилади.

в) Экспортни рағбатлантириш агентлиги томонидан экспортчи корхоналарни қўллаб-қувватлаш мақсадида уларга молиявий ёрдам кўрсатиш тизими фаол давом эттирилади. Жумладан:

350 та корхонага экспортолди молиялаштириш учун жами 250 млн доллар (1-чоракда 80 та корхона, 60 млн доллар) молиявий ресурслар ажратилади;

- 500 та корхонанинг экспорт қилишда ташиш билан боғлиқ 418 млрд сўмлик (110 та, 90 млрд сўм) харажатлари қоплаб берилади;

500 та корхонага халқаро кўргазма ва ярмаркаларда иштирок этиш харажатлари учун 67,8 млрд (100 та, 18,4 млрд сўм) сўмлик молявий ёрдам кўрсатилади;

260 та корхона фаолиятига халқаро стандарт ва сертификатни жорий қилиш учун 45 млрд сўм (70 та, 12 млрд сўм) маблағлар тўлаб берилади.

г) “Тадбиркордан – экспортёргача” тамойили асосида ишлаб чиқилган чора-тадбирлар дастурига мувофиқ республика ҳудудларидан жами 1 426 та маҳаллий корхоналарнинг муаммоли масалаларини ҳал этиш орқали уларни ташқи бозорларга чиқиши учун йўл очиб берилади;

д) республиканинг барча туман ва шаҳарларининг экспорт бўйича масъул раҳбарлари учун янги корхоналарни экспорт фаолиятига жалб қилиш, янги турдаги маҳсулотлар экспортини йўлга қўйиш ва янги бозорларни ўзлаштириш каби мезонлар асосида фаолият самарадорлигини баҳолаш (KPI) тизими жорий этилади;

е) Янги Ўзбекистон – рақобатбардош маҳсулотлар юрти” дастури фаол давом эттирилиб, дастур доирасида экспортчи корхоналар сони 200 тага етказилади ҳамда уларни қўшимча қўллаб-қувватлаш ва уларни рағбатлантириш чораларини кўрилади.

Манба: Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги

Поделиться