Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
Банклар капиталига хорижий инвестициялар жалб этилади
2023-03-29 | Сиёсат
Президент Шавкат Мирзиёев 28 март куни Асакабанк ва Ўзсаноатқурилишбанк капиталига хорижий инвестициялар жалб этиш бўйича тақдимот билан танишди.
Иқтисодиёт ўсишида банк тизимининг аҳамияти катта. Юртимизда бу соҳадаги ислоҳотлар натижасида охирги уч йилда, банкларнинг умумий кредитлари хажми 2 баравар, капитал хажми 1,6 бараварга ошган.
Банкларимиз илк бор нуфузли халқаро кредит рейтингларига эга бўлиб, халқаро капитал бозорларида евробондлар жойлаштирди. Хусусий банклар ҳам кўпайди.
Шунингдек, Венгрия, Қозоғистон, Грузия, Туркиянинг нуфузли банклари Ўзбекистонга кириб келди. Ипотекабанк ислоҳ қилингани натижасида унинг капиталига стратегик хорижий инвестор сармоя киритди.
Бу ишларни давом эттириб, Асакабанк ва Ўзсаноатқурилишбанкка ҳам хорижий инвестициялар жалб этиш режалаштирилган. Шу мақсадда халқаро молия институтлари билан биргаликда бу банкларга 30 нафар малакали халқаро мутахассислар олиб келинди.
2023 йил давомида Ўзсаноатқурилишбанк капиталига 125 миллион доллар, Асакабанкка 100 миллион доллар маблағ жалб қилиниши кўзда тутилмоқда. Банкларнинг операцион фаолиятида замонавий дастурий IT маҳсулотлар ва 100 дан зиёд янги банк хизмат турлари жорий этилади.
Амалга ошириладиган ишлар натижасида 2027 йил натижалари бўйича Ўзсаноатқурилишбанк даромади 1,61 баравар, кредит портфели 1,74 бараварга ошиши кўзда тутилади. Асакабанкда депозитлар 1,71 баравар, банк активларининг ҳажми эса 1,72. Энг муҳими бу ва бошқа Ўзбекистон банкларига халқаро молия бозорларида ишонч ортади ва уларнинг фаолиятида қатнашиш учун хорижий инвестор ва ҳамкорларнинг қизиқиши ортади.
Тақдимотда мазкур жараёнга халқаро консультантларни таклиф этиш, уларнинг капиталини ошириш ва қўшимча инвестициялар жалб қилиш бўйича кўрсатмалар берилди.
Манба: Ўзбекистон Республикаси Президентининг расмий веб-сайти