Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали

Архив
2024
Календарь

Воқеалар

Дш Сш Чш Пш Жм Шн Як
Порталда янгилик
  • Сен –қудрат манбаи, саодат маскани, жонажон Ўзбекистоним! Батафсил>>>
  • Оммавий савдолар орқали сотилиши белгиланган давлат мулки объектлари Батафсил>>>
  • "Давлат органлари ижтимоий тармоқларда" саҳифаси Батафсил>>>
  • Жонажон Ўзбекистоним, мангу бўл омон! Батафсил>>>
  • «Очиқ бюджет» саҳифаси Батафсил>>>

Энергетика вазирлигида «Huawei» компанияси билан ҳамкорликни янада ривожлантириш масалалари муҳокама қилинди

2023-03-28 | Иқтисодиёт

Ўзбекистон Республикаси Энергетика вазирлигида вазир Жўрабек Мирзамаҳмудов ва «Huawei Digital Power» компаниясининг Яқин Шарқ ва Марказий Осиё бўйича вице-президенти жаноб Яо Цзин ўртасида жорий йилнинг февраль ойида Хитойнинг Шенжен шаҳрида жойлашган «Huawei» бош қароргоҳига ташриф чоғида эришилган келишувлар ва яшил энергетикани ривожлантириш бўйича келгусидаги ҳамкорлик масалалари муҳокама қилинди.

Учрашувда томонлар уй хўжаликлари, давлат идоралари ва ижтимоий соҳа объектларидан тортиб йирик қуёш фотоэлектр станцияларигача бўлган ҳажмлардаги қуёш тизимлари учун рақамли технологияларни жорий этиш орқали Ўзбекистонда қайта тикланувчи энергетика соҳасини янада ривожлантириш масалаларига тўхталиб ўтдилар.

Ўзбекистонда қуёш қурилмалари учун инверторлар ва электромобиллар учун зарядловчи қурилмалар ишлаб чиқаришни маҳаллийлаштириш имкониятларини кўриб чиқиш, қуёш энергияси бўйича ечимларни амалиётга татбиқ этишда муваффақият қозонган бошқа мамлакатларнинг қайта тикланувчи энергия масалалари бўйича вакиллари билан ҳамкорлик алоқаларини ўрнатиш ва бу борада кадрлар тайёрлашга алоҳида эътибор қаратилди.

Жаноб Яо Цзин Ўзбекистоннинг яшил ривожланиш стратегияси доирасида амалга оширилаётган чора-тадбирларни юқори баҳолади ва бу борадаги ислоҳотларни қўллаб-қувватлашини билдирди: «Мамлакат раҳбарияти жамиятни тоза ва арзон энергия билан таъминлаш ва келажакда углерод нейтраллигига эришиш учун қайта тикланувчи энергетика соҳасидаги лойиҳаларни амалга ошириш орқали энергетика тизимининг салоҳиятини жадаллик билан ривожлантириш режаларини белгилаб берди. Ўзбекистон аллақачон бу борадаги режаларни амалга оширишга улгурди. «Яшил стратегия» доирасида қуёш фотоэлектр станцияларини ишга тушириш бўйича қатор йирик лойиҳалар иккинчи йилдирки яхши натижаларни кўрсатмоқда», – деди Яо Цзин.

Музокаралар чоғида энергетика вазири Хитойдаги «Huawei» компаниянинг кўргазма зали ва инверторлар ҳамда аккумуляторлар ишлаб чиқариш қувватлари билан батафсил танишганини алоҳида таъкидлади.

Маълумот учун: «Huawei Digital Power» тоза энергия ишлаб чиқариш, транспортни электрлаштириш ва яшил АКТ инфратузилмаси каби соҳаларга эътибор қаратади. 2022 йил охирига келиб «Huawei» ўз мижозларига 695,1 миллиард кВт⋅соатдан ортиқ яшил энергия ишлаб чиқаришга ва энергия сарфини 19,5 миллиард кВт⋅соатга камайтиришга ёрдам берди, бу деярли 340 миллион тонна CО2 зарарли газлар чиқишининг олдини олишга тенг демакдир.

Манба: Ўзбекистон Республикаси Энергетика вазирлиги

Поделиться