Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
Ёшлар илмий ва инновацион фаолиятга кенг жалб қилинмоқда
2023-03-25 | Ёшлар
Жорий йилнинг 24-март куни Ўзбекистон давлат жисмоний тарбия ва спорт университетида ёшларни илмий ва инновацион фаолиятга кенг жалб қилиш ҳамда уларнинг бу соҳадаги ташаббусларини қўллаб-қувватлаш мақсадида Инновацион ривожланиш агентлиги директори Олимжон Тўйчиев билан учрашув бўлиб ўтди.
Унда университет Илмий ишлар ва инновациялар бўйича проректори Б.Мусаев, Жисмоний тарбия ва спорт илмий тадқиқотлар институти директори М.Миржамалов, профессор-ўқитувчилар, бўлим бошлиқлари, докторантлар, мустақил изланувчилар, магистрантлар ва талабалар иштирок этҳди.
Учрашув давомида О.Тўйчиев томонидан ёшларнинг ижодий, интеллектуал салоҳиятини рўёбга чиқариш, уларни инновацион ғоялар, стартап лойиҳалар ва технологияларни ишлаб чиқаришга кенг жалб қилиш, шунингдек, илмий-тадқиқот йўналишдаги ўзгаришлар ҳамда иқтидорли талабаларнинг илмий фаолиятини қўллаб-қувватлаш учун зарур шарт-шароитлар яратилаётганлиги, бундай муҳим масалалар эса янгиланаётган конституциямизда ҳам ўз ифодасини топаётганлиги тўғрисида фикр-мулоҳазалар билдирилди.
Ўз навбатида, учрашув якунида агентлик директори талабаларнинг мазкур соҳага оид турли саволларига жавоб бериш билан бирга, жорий йилнинг 30 апрель куни бўлиб ўтадиган референдумда фаол иштирок этишларига катта ишонч билдирди.
Манба: Ўзбекистон Республикаси Инновацион ривожланиш агентлиги