Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали

Архив
2024
Календарь

Воқеалар

Дш Сш Чш Пш Жм Шн Як
Порталда янгилик
  • Сен –қудрат манбаи, саодат маскани, жонажон Ўзбекистоним! Батафсил>>>
  • Оммавий савдолар орқали сотилиши белгиланган давлат мулки объектлари Батафсил>>>
  • "Давлат органлари ижтимоий тармоқларда" саҳифаси Батафсил>>>
  • Жонажон Ўзбекистоним, мангу бўл омон! Батафсил>>>
  • «Очиқ бюджет» саҳифаси Батафсил>>>

Ўзбекистон-Тожикистон ректорларининг биринчи форуми натижалари

2023-03-17 | Таълим

Жорий йил 14 март куни Душанбе шаҳридаги Тожикистон миллий университетида «Ўзбекистон Республикаси ва Тожикистон Республикаси олий таълим, фан ва инновациялар соҳасидаги икки томонлама алоқалар миллий иқтисодиётни ривожлантириш асоси» мавзусида икки мамлакат ректорларнинг биринчи форуми бўлиб ўтди.

Унда Ўзбекистон Республикаси Олий таълим, фан ва инновациялар вазири И.Абдураҳмонов бошчилигидаги 20 га яқин олий таълим муассасасидан ректор ва проректорлардан иборат делегация иштирок этди. Ушбу тадбир Ўзбекистон ва Тожикистон Президентларининг икки томонлама алоқаларни янада ривожлантиришдаги ўзаро саъй-ҳаракатлари ҳамда стратегик шерикликнинг яна бир мисолидир. Анжуманда Тожикистоннинг 40 дан ортиқ олий ўқув юрти ректорлари, ва илмий доира вакиллари, жами 300 дан зиёд иштирокчи қатнашди.

Форумни Тожикистон Республикаси Таълим ва фан вазири Р. Саидзода ва Ўзбекистон Олий таълим, фан ва инновациялар вазири И. Абдураҳмонов кириш сўзи билан очди. Вазирлар форумни икки давлат зиёлилари ўртасида мулоқот ўрнатиш учун яратилган имкониятларнинг самараси сифатида баҳолаб, эндиги навбат икки давлат олимлари ва профессор-ўқитувчилари ўртасида дўстликни мустаҳкамлаш эканини таъкидладилар.

– Ўзбекистон-Тожикистон ректорларнинг биринчи форуми узоқ кутилган тадбирлардан бири ва у университетлар ўртасида янги лойиҳаларни амалга оширишга хизмат қилади, –деди Р.Саидзода.

Шунингдек, Тожикистон миллий университети ректори Қ. Ҳушвақтзода сўнгги йилларда ўзаро алоқаларда ижобий динамика кузатилаётганини, бунда давлатларимиз раҳбарларининг узоқни кўзлаб олиб бораётган сиёсатлари, ўзаро ишончга асосланган очиқ мулоқотлари ҳамда ушбу учрашувлар чоғида эришилган келишувлар муҳим аҳамият касб этаётганини таъкидлади.

Шу билан бирга, расмий очилишда Тожикистон миллий университети ректори Қ. Хушвақтзода Ўзбекистон Президентининг икки томонлама муносабатларда мавжуд бўлган барча масалаларни ечиш бўйича амалга оширган саъй-ҳаракатлари Тожикистонда юксак қадрланишини, икки мамлакат ўртасидаги чегаралар очилиб, транспорт тизимлари тикланиб, фуқароларнинг эркин борди-келди қилишлари учун имкониятлар яратилгани, бугунги кунда Тожикистон миллий университетидаги ўзбек талабаларнинг сони ошганлигидан кўриш мумкинлигини айтди.

Иштирокчилар форумнинг «Олий таълим соҳасида икки томонлама ҳамкорлик: устувор вазифалар ва ривожланиш йўналишлари» ҳамда Илмий ва инновацион ҳамкорлик янги иқтисодиётни ривожлантиришнинг асоси» мавзулардаги шўбаларда ўз маърузалари билан иштирок этдилар. Икки мамлакат ОТМ раҳбарлари чиқишида Ўзбекистон олий таълим тизимининг жаҳон таълим маконига интеграциялашуви, Тожикистон университетлари билан ҳамкорлик стратегияси, биргаликда қўшма лойиҳаларни йўлга қўйиш ва уларнинг муваффақиятлари юзасидан алоқаларнинг муҳим жиҳатлари қайд этилди.

Музокаралар натижасида 28 та англашув меморандуми, битим ва «Йўл хариталари» имзоланди. Анжуман доирасида U-2-U (университет-университет) форматида ректорлар учрашуви ўтказилиб, уларда ҳам қатор ҳужжатлар имзоланди.

Шунингдек, томонлар икки давлат таълим муассасалари ўртасида қўшма таълим дастурларини кўпайтириш, ўзбек-тожик қўшма университетини ташкил этиш масаласини ўрганиб чиқиш, ректорларнинг иккинчи форумини Тошкентда ташкил қилишга келишди.

Тожикистон миллий университети ректори Қ. Хушвақтзода билан бўлиб ўтган учрашув давомида мазкур университет ҳамда Мирзо Улуғбек номидаги Ўзбекистон миллий университети билан қўшма таълим дастурини йўлга қўйиш ҳамда Тожикистон фуқароларининг Ўзбекистон олий таълим муассасаларида таълим олишлари учун грантлар ажратиш, шунингдек, мазкур университет ходимлари учун қисқа муддатли ўқув курсларини ташкил этиш масаласи муҳокама этилди. Тожикистон миллий университетида Тожикистон ОТМда таҳсил олаётган 300 нафардан ортиқ ўзбекистонлик ёшлар иштирокида очиқ мулоқот ташкил этилди.

Тадбир чоғида ўзбекистонлик талабалар мамлакатимизда олий таълим тизимида амалга оширилаётган ислоҳотлар ва унинг самарадорлигини янада ошириш бўйича ўз таклиф ва мулоҳазаларини билдирдилар.

Манба: Ўзбекистон Республикаси Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги

Поделиться