Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
Ўзбекистон ва Тожикистон ўртасида янги таълим технологияларини жорий этиш бўйича тажриба алмашилади
2023-03-14 | Таълим
Айни кунларда Душанбе шаҳрида Ўзбекистон ва Тожикистон давлатлари олий таълим муассасалари ректорларининг биринчи форуми бўлиб ўтмоқда.
Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги матбуот хизматининг маълум қилишича, форум доирасида икки давлат ҳамкорлигида ўқув жараёнини самарали ташкил этиш, янги таълим технологияларини жорий этиш бўйича тажриба алмашиш режалаштирилган.
Шунингдек, Ўзбекистон ва Тожикистон давлатлари талабалари ўртасида илмий олимпиадалар ўтказиш, академик алмашинувлар сонини кўпайтириш бўйича келишувга эришилади.
Форум доирасида мамлакатимиз олий таълим, фан ва инновациялар вазири И.Абдураҳмонов бошчилигидаги делегация «Миллат етакчиси» музейи ҳамда «Миллат етакчиси» илмий-тадқиқот институтида бўлди.
Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги томонидан мезбон томонга форумнинг амалий бошланиши сифатида тўлдирилган реаллик технологияси асосида ишлайдиган AR-gid тақдим қилинди. «Миллат етакчиси» музейида мазкур дўстона туҳфанинг тақдимоти бўлиб ўтди.
Тақдимот давомида музейларнинг виртуал версиясини ишлаб чиқиш таклифи илгари сурилди ва Самарқанддаги Садриддин Айний музейи мисолида намойиш этилди.
Маълумот ўрнида таъкидлаш лозимки, Ўзбекистонда 5 та педагог кадрлар тайёрлайдиган олий таълим муассасасида тожик тилида ўқитиш йўлга қўйилган. Шунингдек, Самарқанд давлат университетида тожик тили ва адабиёти, Термиз давлат университетида тожик филологияси ва шарқ тиллари кафедралари мавжуд.
Манба: ЎзА