Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
Ички ишлар вазири генерал-лейтенант Пўлат Бобожонов бошчилигидаги идоралараро ишчи гуруҳ ўрганишлар давомида Жиззах вилояти Ички ишлар бошқармаси жамоат хавфсизлиги хизмати фаолияти билан танишди
2023-03-10 | Жамият
Хусусан, вилоят Йўл ҳаракати хавфсизлиги бошқармасининг янги маъмурий биноси ўтган йилнинг декабрь ойида ишга топширилган бўлиб, ходимларнинг хизмат фаолияти учун барча шароитлар яратилган.
Бошқармада ташкил этилган Ситуацион марказга вилоят ҳудудидаги 16 та кўчаларга ўрнатилган тезликни аниқловчи фоторадарлар, 13 та чорраҳа ва 6 та йўл кесишмаларида қоидабузарликларни аниқловчи, жами 100 дона видеокузатув камералари интеграция қилинган. Бундан ташқари JPS қурилмаси билан жиҳозланган хизмат автомашиналари ҳаракатини бевосита кузатиш йўлга қўйилган. Йил якунига кўра вилоятнинг ҳудудларида ўрнатиладиган қўшимча 326 та видеокузатув камераларини интеграция қилиш режалаштирилган.
Ўрганиш жараёнида Ички ишлар вазири томонидан республика жамоат хавфсизлиги концепцияси билан белгиланган вазифаларнинг ижроси танқид қилиниб, йўлларда инсон хавфсизлиги учун муносиб шароитларни яратиш, йўлларнинг инфратузилмасини такомиллаштириш, қоидабузарликларни қайд этишнинг замонавий рақамли технологияларидан фойдаланишни такомиллаштириш бўйича аниқ вазифалар белгилаб берилди.
Ишчи гуруҳ томонидан маҳаллаларда хавфсиз муҳитни яратиш, жиноятчиликни маҳаллабай жиловлаш дастурларининг ижроси ҳамда уларни барвақт олдини олиш борасида вилоят Ҳуқуқбузарликларни профилактикаси бошқармаси фаолияти билан танишилди.
Соҳа мутасаддилари томонидан «Шаҳар ва қишлоқ инспектори» модели бўйича профилактика инспектори лавозимига янги тайинланган ходимларга дарс машғулоти ўтиш тартиби, профилактика хизмати ходимларининг иш фаолиятининг рейтинг тизими ҳамда хизматда юритилиши мўлжалланган электрон дастурлар тақдимоти ўтказилди.
Ишчи гуруҳ Жиззах вилояти ички ишлар бошқармаси тарихи музейида ҳам бўлди. Музейда юртимиз, хусусан Жиззах вилояти тарихи, шунингдек улуғ сиймоларга оид маълумот ва экспонатлар жой олган. Айни кунда музейда соҳа тарихига оид 5 мингдан ортиқ экспонат, фотосурат ва буюмлар кўрсатилган. Шу билан бирга ашё ва экспонатлар тўғрисидаги маълумотларни замонавий ахборот технологиялари орқали олиш имконияти яратилган.
Ишчи гуруҳнинг Жиззах вилоятидаги ўрганиш ишлари давом этмоқда.
Манба: Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги