Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
Корея Бутунжаҳон сайёҳлик ярмаркаси ташкилотчилари билан ҳамкорлик масалалари муҳокама қилинди
2023-03-09 | Туризм
Ўзбекистон элчихонасида Корея Республикасининг халқаро сайёҳлик кўргазмасини ташкил этувчи – Корея Бутунжаҳон сайёҳлик ярмаркаси (The Korea World Travel Fair- KOTFA) вакиллари билан учрашув бўлиб ўтди

Музокаралар чоғида сўнгги йилларда мамлакатимизда сайёҳлик саноатини ривожлантириш бўйича амалга оширилаётган туб ислоҳотлар тўғрисида атрофлича маълумот берилди. Бундан ташқари, Буюк Ипак йўли бўйлаб буддизмнинг дастлабки ривожланиши ва тарқалиши тарихи билан боғлиқ кўплаб тарихий ёдгорликлар мавжуд бўлган Сурхондарё вилоятининг сайёҳлик салоҳияти, хусусан Қоратепа, Фаёзтепа, Далварзинтепа каби қадимий буддавий ёдгорликлари сақланиб қолган ҳудудлар ҳақида айтиб ўтилди.
Жанубий Корея томони мамлакатимизнинг улкан сайёҳлик салоҳияти ва қадимий тарий ёдгорликларини Корея Республикасида кенг тарғиб қилиш мақсадида жорий йилнинг 4-7 май кунлари Сеул шаҳрида бўлиб ўтадиган «KOTFA-2023» туристик кўргазмасида миллий стенд билан иштирок этишни таклиф этди.
Учрашув якунлари бўйича Ўзбекистон ва Жанубий Корея сайёҳлик соҳасида фаолият олиб бораётган тадбиркорлик субъектларини жалб этган ҳолда мазкур тадбир доирасида B2B форматида учрашувлар ташкил этиш, юртимизнинг туризм салоҳиятини кенг тарғиб қилишга қаратилган маълумотларни «KOTFA» томонидан ёритилишини йўлга қўйиш бўйича дастлабки келишувларга эришилди.
Маълумот ўрнида қайд этиш керакки, 35 йиллик тарихга эга «KOTFA» Жанубий Кореядаги энг йирик халқаро сайёҳлик кўргазмаси ҳисобланади. Унда 70 га яқин мамлакат ўзининг туризм имкониятлари ва маданиятини намойиш этиб келмоқда.
Манба: “Дунё” ахборот агентлиги