Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
Жаҳон банкининг Европа ва Марказий Осиё бўйича Вице-президенти Анна Берде Ўзбекистондаги ислоҳотларга юқори баҳо берди
2023-03-09 | Иқтисодиёт
Жаҳон банкининг Европа ва Марказий Осиё бўйича Вице-президенти Анна Берде бошчилигидаги делегация вакиллари билан учрашув бўлиб ўтди.
Учрашувда Ўзбекистон томонидан Бош вазир ўринбосари Жамшид Қўчқоров, Иқтисодиёт ва молия вазири Шерзод Кудбиев, Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Стратегик ислоҳотлар агентлиги Бош директори Шухрат Вафаев, Давлат активларини бошқариш агентлиги директори Акмалхон Ортиқов, Қишлоқ хўжалиги вазири ўринбосари Ахадбек Хайдаров ва Марказий банк раиси ўринбосари Беҳзод Ҳамроевлар иштирок этишди.
Даставвал, томонлар Жаҳон банки билан ҳамкорликда инсон капиталини ривожлантириш, гендер тенглик масалалари, шунингдек, иқлим ўзгаришига қарши кураш каби муҳим йўналишлар бўйича ислоҳотлар юзасидан фикр алмашдилар. Жаҳон банкининг минтақадаги стратегик, таҳлилий, ахборот ва операцион ишлари юзасидан амалга оширилган лойиҳаларга тўхталиб ўтилди.
Учрашув давомида Жаҳон банки билан бевосита ҳамкорликда хусусий секторни ривожлантириш, инвесторларга шароит яратиш ва хусусийлаштириш, капитал бозорини ривожлантириш, яшил иқтисодиётга ўтишни жадаллаштириш, энергетика бозорини ривожлантириш ва энергосамарадорликни ошириш, қишлоқ хўжалиги ва озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш юзасидан амалга оширилган лойиҳаларнинг жорий ҳолати ва истиқболлари юзасидан фикр алмашилди.
Ўз навбатида Анна Берде хоним мамлакатимизда давлат хизматлари ва функцияларига хусусий секторни жалб қилиш, давлат корхоналари акцияларини маҳаллий фонд бозорида IPO қилиш (корхона акцияларининг фонд бозорида бирламчи жойлаштирилиши) ҳамда аҳолини ижтимоий ҳимоясига қаратилган кенг кўламли ислоҳотларга юқори баҳо берди.
Мулоқот якунида Жаҳон банки билан ҳамкорликдаги лойиҳалар юзасидан ўзаро алоқаларни янада кучайтиришга келишиб олинди.
Манба: Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт ва молия вазирлиги