Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
Тошкентдаги Халқаро Вестминстер университетида Ўзбекистон-Буюк Британия таълим форуми бўлиб ўтмоқда
2023-03-03 | Таълим
Жорий йилнинг 2 март куни Ўзбекистон Республикаси Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги, Британия Кенгашининг Ўзбекистондаги ваколатхонаси, Вестминстер университети ва Тошкентдаги Халқаро Вестминстер университети (ТХВУ) ҳамкорлигида Ўзбекистон-Буюк Британия таълим форуми бошланди.

Икки кун давом этиши режалаштирилган халқаро тадбир икки давлат расмийлари, маҳаллий ва хорижий университетлардан таклиф этилган делегатлар, хусусий сектор, халқаро агентлик ҳамда таҳлил марказлари вакиллари иштирокида ўзаро ҳамкорликни ривожлантириш бўйича фикр, билим ва тажриба алмашиш учун платформа вазифасини бажармоқда.
Тадбирнинг биринчи кунида Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлигининг Ўзбекистондаги таълим соҳасида амалга ошираётган ишлари юзасидан тақдимот қилиниб, «Буюк Британия ва Ўзбекистон олий таълим контекстида сифат кафолати» мавзусида амалий семинар ташкил этилди.
Анжуман давомида Ўзбекистон-Буюк Британия трансмиллий таълим (TNE) соҳасидаги ҳамкорликни кучайтириш, устувор вазифаларни белгилаш, олий таълим сифати ва брендини янада мустаҳкамлаш учун илғор тажрибалардан фойдаланиш, сифатни таъминлаш, ўз-ўзини баҳолаш ёндашувлари, шунингдек, илмий, амалий тадқиқотлар олиб боришда университет ёки технологиялар трансфери бўйича Буюк Британия тажрибасини ўрганиш каби долзарб масалалар муҳокама қилинди.
Форум ўз ишини 3 март куни ҳам давом эттиради. Унда «инклюзив олий таълим» ва «иш берувчи, бизнес, саноат ва битирувчиларни жалб қилиш» бўйича илғор тажрибалар муҳокама қилинади.
Манба: Ўзбекистон Республикаси Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги