Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
Фарғона вилояти ва Лоздь воеводлиги ўртасидаги алоқаларни янада жадаллаштириш истиқболлари муҳокама қилинмоқда
2023-02-09 | Сиёсат
Мамлакатимизнинг Варшавадаги элчиси Баҳром Бобоев Ўзбекистон ва Польша ҳудудлари ўртасидаги ҳамкорлик истиқболларини муҳокама қилиш мақсадида Лодзь воеводлигида амалий ташриф билан бўлди

Лодзь воеводлиги Польшанинг тўқимачилик саноати ва қишлоқ хўжалиги соҳалари ривожланган етакчи ҳудудларидан бири ҳисобланади. Ўзбекистондан Польшага экспорт қилинадиган енгил саноат маҳсулотларининг асосий қисми ушбу вилоятга тўғри келади. Ҳозирги кунда воеводликда Ўзбекистон компанияларининг 4 та савдо уйлари фаолият юритмоқда.
Лодзь воеводи (губернатори) Тобиас Боченски билан музокаралар чоғида Фарғона вилояти ва Лоздь воеводлиги ўртасидаги алоқаларни янада жадаллаштиришга алоҳида эътибор қартилди. Томонлар икки ҳудуд ўртасида биродарлик алоқаларини ўрнатиш, тўқимачилик, агросаноат, фармацевтика, транспорт-логистика, электроэнергетика, машинасозлик, ахборот технологиялари, туризм ва маданий-гуманитар соҳаларда шерикликни ривожлантириш бўйича келишувга эришди.
Бундан ташқари, жорий йил май-июнь ойларида Тошкентда ўтказилиши режалаштирилган Иқтисодий ҳамкорлик бўйича ҳукуматлараро комиссиянинг 8-йиғилиши доирасидаги бизнес-форумда Фарғона ва Лодзь вилоятлари ишбилармон доира вакилларининг музокараларини ташкил қилишга оид масалалар муҳокама қилинди.
“Лодзь” махсус иқтисодий зонаси ва “Фарғона” эркин иқтисодий зонаси ўртасида ҳамкорлик алоқалари ўрнатиш истиқболлари ҳам кўриб чиқилди.
Манба: Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги