Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали

Архив
2024
Календарь

Воқеалар

Дш Сш Чш Пш Жм Шн Як
Порталда янгилик
  • Сен –қудрат манбаи, саодат маскани, жонажон Ўзбекистоним! Батафсил>>>
  • Оммавий савдолар орқали сотилиши белгиланган давлат мулки объектлари Батафсил>>>
  • "Давлат органлари ижтимоий тармоқларда" саҳифаси Батафсил>>>
  • Жонажон Ўзбекистоним, мангу бўл омон! Батафсил>>>
  • «Очиқ бюджет» саҳифаси Батафсил>>>

Тараққиётга фақат машаққатли ва жасоратли меҳнат орқали эришилади

2023-01-27 | Иқтисодиёт

Ўзбекистон қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги вазири Ботир Зокировнинг мамлакатимиздаги қурилиш соҳасида олиб борилаётган ишлар ҳақида мақоласи эълон қилинди.

Янги Ўзбекистонни кенг кўламли улкан қурилишларсиз тасаввур қилиб бўлмайди. Бу турар жой бўладими, ижтимоий объектлар, янги инфратузилма бўладими, ҳамма-ҳаммаси, аввало, инсон қадри учун йўналтирилаётган, одамлар узоқ келажакда эмас, бугун ҳам муносиб ва фаровон яшаши йўлида қилинаётган ислоҳотлардир.

Бугун халқимизни узоқ йиллар қийнаб келган уй-жой масаласи ҳақида гапирганда, аввало, комил ишонч билан айтиш жоизки, бу ҳаётбахш сиёсат бундан кейин ҳам давлатимиз эътиборида бўлиб қолаверади.

Негаки, давлатимиз раҳбари 2022 йил 20 декабрь куни Олий Мажлис ва халқимизга йўллаган Мурожаатномасида янги Ўзбекистонни барпо этиш йўлидаги ислоҳотлар ҳақида гапирар экан:

“аҳоли учун янги уй-жойлар қуриш ҳажмини 1,5 баробар ошириб, 90 мингга етказилиши, бу борада икки йил олдин бошланган имтиёзли шартлар асосида ипотека кредитлари бериш давом эттирилиши;

келгуси йилда Тошкент вилоятида “Менинг биринчи уйим” янги ипотека дастури бошланиши, дастур доирасида, биринчи навбатда, турар жойга эҳтиёжи бор ҳамда ёш оилалар учун энг қулай шартлар асосида уй-жойлар барпо этилиши” тўғрисида алоҳида таъкидлаб ўтди.

Халқимизни рози қилиш йўлида давом этаётган бу каби тарихий ва кенг кўламли ишлар, айниқса, бизга жуда катта масъулият юклайди. Айтиш жоизки, бу борада Қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги вазирлиги олдида улкан долзарб вазифалар турибди.

Шу боис, бугун халқимиз олдида ўзимизни ҳисобдор санаб, аҳолини уй-жой билан таъминлаш, улар учун муносиб турмуш шароити яратиш борасида қилинаётган ишлар ҳақида тўхталишни жоиз билдик.

Аввало, соҳадаги масъулият, ижро интизоми, ходимларимизнинг ўз вазифасига фидойилик, ҳалоллик билан виждонан ёндашувини таъминлаш борасида қилинаётган ишлар ҳақида гапириш ўринли бўлади.

Ўзбекистон Президентининг 2021 йил 10 февралдаги “Қонунчилик ҳужжатлари ижросини самарали ташкил этишда давлат бошқаруви органлари ва маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органлари раҳбарларининг шахсий жавобгарлигини кучайтиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги фармони ижроси юзасидан вазирлик тизимида тизимли чора-тадбирлар кўриб келинмоқда.

Жумладан, мазкур фармонда белгиланган вазифаларни амалиётга сўзсиз татбиқ этиш мақсадида ходимлар ўртасида ҳужжат мазмун-моҳияти юзасидан тушунтириш ишлари олиб борилди.

Бунда асосий эътибор ходимларнинг янги шаклланган қонунчилик базасидан хабардорлигини ошириш, ўз хизмат вазифасига виждонан ва алоҳида масъулият билан ёндашиш, ҳар бир ишда шахсий жавобгарликни кучайтиришга қаратилди.

Пировардида ўтган йиллар мобайнида ўз хизмат вазифасига сидқидилдан ёндашадиган, фидоий кадрлар жамоаси шаклланди. Бугун улар билан биргаликда юқорида айтганимиз кенг кўламли вазифаларни бажаришга киришганмиз.

Вазирлик ва унинг қуйи ташкилотларида ижро интизомига риоя этилишини таъминлаш юзасидан тизимли ишлар ташкил этилган.

Хусусан, ҳар душанба куни ҳафта давомида амалга ошириш белгиланган устувор вазифалар вазир раҳбарлигида мутасаддилар иштирокида атрофлича муҳокама этилади.

Бунда ҳудудларда юзага чиқиши кутилаётган, республика даражасида ҳал этиладиган муаммолар кун тартибининг биринчи масаласи сифатида кўриб чиқилади ҳамда ҳал этиш юзасидан кечиктириб бўлмайдиган чоралар кўрилади.

Муҳокама натижалари бўйича вазирлик даражасида ўз ечимини топмаган муаммоли масалалар тегишли вазирлик ва идоралар мутасаддилари иштирокида кўриб чиқилади ва масалани ижобий ҳал этиш юзасидан зарур тадбирлар белгиланади.

2022 йил давомида “ijro.gov.uz” электрон тизимида вазирликда назоратга олинган 195 та топшириқ ижроси таъминланди. Хусусан, бу давр мобайнида вазирлик томонидан 58 та меъёрий ҳужжат ишлаб чиқилди. Ўз навбатида, ижро интизомига риоя этишда тизимли равишда камчиликларга йўл қўйган 25 нафар мутасаддига нисбатан таъсирчан чоралар кўрилди.

Бугунги кунда қурилиш соҳаси иқтисодиётнинг жадал суръатлар билан ривожланиб бораётган тармоқларидан бирига айланди. Қурилиш кўлами йил сайин ортиб бормоқда, шунга монанд янги иш ўринлари ташкил этилиб, одамларимиз фаровонлиги ҳам юксалмоқда.

Жумладан, республика бўйича жами қурилиш ишлари ҳажми 2020 йилда 88,1 триллион сўмни, 2021 йил 107,5 триллион сўмни ташкил этган бўлса, 2022 йилда 130,7 триллион сўмга етди.

Қурилиш соҳасининг жадал суръатларда ўсиб бориши замон талаблари асосида чуқур ислоҳотларни амалга оширишни талаб этмоқда. Шу боис, сўнгги йилларда Президентимизнинг қурилиш соҳасини ислоҳ қилиш бўйича 27 та фармон ва қарори, ҳукуматнинг 24 та қарори қабул қилинди.

Шунингдек Шаҳарсозлик кодекси янги таҳрирда ишлаб чиқилиб, амалиётга йўналтирилди. Қурилиш тармоғини модернизация қилиш, жадал ва инновацион ривожлантиришнинг 2021–2025 йилларга мўлжалланган стратегияси ва уни амалга ошириш бўйича “йўл харитаси” тасдиқланди.

Бу каби муҳим ҳужжатлар фаолиятимизнинг ҳуқуқий асосини ташкил қилиб, бугунги кунда муайян натижаларга эришиб келинмоқда.

Хусусан, 5 йил мобайнида шаҳар, шаҳарчалар ва қишлоқ аҳоли пунктлари бўйича жами 1277 та шаҳарсозлик ҳужжати, жумладан, 190 та бош режа, 1087 та қишлоқ (овуллар), маҳалла фуқаролар йиғинининг бош режаси лойиҳалари билан бир вақтда батафсил режалаштириш лойиҳалари ишлаб чиқилди. Биргина 2022 йилда 140 та аҳоли пунктининг меъморий ҳужжати тайёрланди.

2023-2027 йилларга мўлжалланган бош режаларни ишлаб чиқиш бўйича дастур тайёрланди. Энди мазкур дастур асосида 19 та шаҳар ва 222 та шаҳарча бош режаси, 184 та ҳудуднинг мастер режаси ҳамда 504 та қишлоқнинг бош режасини ишлаб чиқишни мақсад қилганмиз.

Президентимизнинг фармон ва қарорлари, улар асосида Вазирлар Маҳкамаси томонидан қабул қилинган меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатлар ижросини таъминлар эканмиз, айтиш жоизки, соҳага бир қатор инновацион ғояларни татбиқ эта бошладик.

Улардан бири – бугунги кунда шаҳарсозлик тизимида ҳажмий-фазовий кўринишдаги (3D) лойиҳаларни ривожлантириш ишлари жадал бажарилмоқда. Мазкур соҳадаги ишлар шаҳарсозлик ҳужжатларини ишлаб чиқишда, асосан, сурат, анимация, видеоролик ва макетлар ёрдамида шакллантириладиган лойиҳаларни ривожлантириш имконини беради.

“Обод қишлоқ” ва “Обод маҳалла” дастурлари доирасида ҳудудларни ривожлантиришга ҳам алоҳида эътибор қаратилмоқда. Ўз навбатида, биз ҳам бу борадаги фармон ва қарорлар ижросини таъминлаш мақсадида катта режаларни белгилаб олганмиз.

Биргина 2022 йилги “Обод қишлоқ” ва “Обод маҳалла” дастурлари доирасида 413 та маҳалланинг бош режаси хусусий лойиҳа ташкилотларини жалб этган ҳолда ишлаб чиқилди. 

Ушбу дастур доирасида маҳалла ва қишлоқларда жами 543 та ижтимоий соҳа, 376 та ичимлик сув объекти фойдаланишга топширилди.

Бу борада вазирлик ҳузуридаги Қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги соҳасида назорат инспекцияси томонидан қурилиш ишлари сифатли ва ўз вақтида топширилиши юзасидан доимий назорат чора-тадбирлари амалга оширилмоқда.

Мана шу янгиланишлар билан уйғун кечаётган яна бир катта ислоҳот бор. Бу – маҳаллалар инфратузилмасини яхшилаш.

Шу мақсадда Президентимизнинг 2022 йил 25 октябрдаги “2022-2023 йилларда маҳаллалар инфратузилмасини янада яхшилаш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори қабул қилинди.

Қарорга таянилиб, ҳудудларни обод қилиш, қишлоқ ва маҳаллаларда инфратузилма билан боғлиқ энг долзарб масалаларни тизимли ҳал этиш, хусусан, жойларда ички йўллар, ичимлик сув, электр энергияси ва табиий газ таъминотини, таълим, соғлиқни сақлаш, маданият, спорт ва бошқа инфратузилма объектларини яхшилаш, шу асосда аҳоли учун муносиб турмуш шароитларини яратишга киришилди.

Шу мақсадда жами 5284 та маҳалладаги 6 мингта ижтимоий соҳа ва инфратузилма объектида қурилиш-таъмирлаш ишларини бажаришни режалаштирганмиз.

Бугунги кунга қадар 1058 та объектга ер ажратиш бўйича белгиланган тартибда тегишли қарорлар чиқарилди, 1941 та объектга архитектура-режалаштириш топшириғи ишлаб чиқилди, 5957 та объект учун лойиҳа ташкилотлари аниқланиб, лойиҳа-смета ҳужжатлари ишлаб чиқилди, 5949 та объектга давлат экспертизаси хулосалари олинди, 5685 та объект учун тендер эълон қилиниб, пудратчилар аниқланди. Айни кунларда бу ҳудудларда қурилиш-монтаж ишлари бошлаб юборилган.

Шу ўринда “Обод қишлоқ” ва “Обод маҳалла” ҳамда маҳаллалар инфратузилмасини яхшилаш дастурлари доирасидаги кенг кўламли ишларнинг халқимиз ҳаётини ўзгартириб юбораётган қудратли шукуҳи ҳақида ҳам тўхталиш адолатдан бўлади. Гап шундаки, Президентимиз ташаббуси билан бошланган бу ҳаётий ислоҳот минглаб юртдошларимизнинг ҳаётдан рози бўлиб яшашига туртки бўлди. Бугун обод маҳалла ва қишлоқларда янги ҳаёт нафаси уфуриб, одамларни яхшиликлар сари ундамоқда.

Ҳаётни ўзгартириб юборувчи ислоҳотлар ва ташаббуслар бўлади. Шулардан бири Президентимизнинг 2021 йил 9 декабрдаги “Янги Ўзбекистон” массивларини қуриш ва ҳудудларнинг ижтимоий-иқтисодий ривожланишини таъминлаш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармонидир.

Агар қурилиши жадал бошланган “Янги Ўзбекистон” массивлари инфратузилмасига, шаклу шамойилига эътибор берадиган бўлсак, бу ерда инсон манфаати, унинг қадри ҳар нарсадан устун экани намоён бўлади. Шу маънода, Президентимизнинг мазкур фармони соҳадаги ишларни янги босқичга олиб чиққан ҳужжатлар сирасидан.

Юртдошларимизни “Янги Ўзбекистон” массивларини бунёд этиш борасидаги ишлар қандай давом этаётгани ҳам қизиқтириши табиий.

Айтиш мумкинки, 30 та “Янги Ўзбекистон” массивида 636 та кўп қаватли замонавий уй ва 57 та ижтимоий соҳа объектини инфратузилма ва муҳандислик-коммуникация объектлари билан бирга комплекс барпо этиш бўйича кенг кўламли ишлар олиб борилмоқда.

Президентимиз “Янги Ўзбекистон” массивларини қуриш ташаббусини илгари сурганидаёқ, биринчи навбатда, бу жойда аҳоли учун барча шароитларни яратиш бўйича аниқ кўрсатмалар берган эди. Шу боис, янги массивларда жами 57 та ижтимоий соҳа объекти қурилиши режалаштирилган. Бугунги кунда қурилиши давом этаётган янги массивларда 18 та мактаб, 24 та боғча, 15 та тиббиёт муассасаси бунёд этилмоқда.

Мазкур фармон ижроси доирасидаги ишлар ҳозир ҳам жадал давом этмоқда.

Бунда кўп қаватли уй-жойларнинг қурилиш ости ер участкалари тадбиркорлик субъектларига электрон онлайн аукцион орқали ижара ҳуқуқи асосида реализация қилинади. Уларга туташ ер участкалари уй-жой қуриб битказилганидан кейин маҳаллий ижроия ҳокимлик органининг тегишли қарори билан кўп қаватли уй-жой мулкдорларига доимий фойдаланиш ҳуқуқи асосида ажратиб берилади.

Массивларда ташкил этиладиган ишлаб чиқариш, савдо ва хизмат кўрсатиш объектларини қуриш учун ер участкалари ҳам тадбиркорлик субъектларига белгиланган тартибда электрон онлайн аукцион орқали мулк ва ижара ҳуқуқлари асосида реализация қилинади.

Демак, “Янги Ўзбекистон” массивларида яшовчи аҳоли учун бирламчи зарур инфратузилмалар шу ернинг ўзида муҳайё этилади.

Қурилиш соҳасидаги ижро интизоми билан боғлиқ яна бир катта ислоҳотни ҳам айтиш жоиз. Бу – сифат ва хавфсизлик масаласи.

Бу борада қилинган ишлар ҳам салмоқлидир. Жумладан, Президентимизнинг 2022 йил 17 ноябрдаги “Қурилиш лойиҳаларини амалга оширишда назорат механизмларини такомиллаштириш, жараённинг очиқлиги ва шаффофлигини янада ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори билан қурилиш объектларида сифат назоратини ҳамда объектлар белгиланган мудатларда топширилишини тартибга солиш мақсадида қурилиш объектларида техник назоратни амалга ошириш учун хусусий секторни жалб қилишга рухсат берилди.

Қурилишни лойиҳалаштириш ҳамда лойиҳа ҳужжатлари экспертизаси жараёнлари қайта кўриб чиқилиб, шаффоф электрон тизимга ўтказилди. Мазкур ишлар вазирлик ҳузуридаги “Шаҳарсозлик ҳужжатлари экспертиза” ДУК томонидан амалга оширилиб келинмоқда.

Экспертиза органларига қоғоз ҳужжатлар тўпламини тақдим этиш амалиётидан тўлиқ воз кечилди. Натижада экспертизага лойиҳа-смета ҳужжатлари онлайн топшириляпти. Яъни ўтган йил якунига қадар жами 45 мингга яқин объект лойиҳаси ушбу тизим орқали экспертизадан ўтказилиши туфайли улар бўйича 11 триллион сўмдан ортиқ маблағ тежаб қолинди. Экспертиза йўналишида фаолият кўрсатувчи юридик шахсларга гувоҳнома бериш орқали тизимда рақобат муҳити яратилди.

Объектларнинг мураккаблик тоифасидан келиб чиқиб экспертиза хулосаси бериш тизими табақалаштирилди. Табақалашган тоифадаги лойиҳаларга хулоса бериш учун экспертиза ташкилотлари электрон рейтинги йўлга қўйилди. Экспертни аттестациядан ўтказиш ва мураккаблик тоифаси бўйича лойиҳаларга табақалашган ҳолда хулосалар бериш механизми яратилди.

Қурилиш нормалари ва қоидалари, идоравий қурилиш нормаларини қайта кўриб чиқиш натижасида:

биринчидан, 2017-2021 йилларда қурилиш соҳасига оид 388 та техник норматив ҳужжат ишлаб чиқилди ва эскилари янгиланди. 2022 йилнинг ўзида 51 та шаҳарсозлик нормаси, 46 та давлат стандарти ва 15 та иқтисодий тўплам ишлаб чиқилди;

иккинчидан, замонавий нормалар ва технологияларни татбиқ этиш мақсадида илғор хорижий давлатлар билан ҳам ҳамкорлик йўлга қўйилди. Бунда асосий эътибор сейсмик ва ёнғин хавфсизлигига оид норматив ҳужжатларни такомиллаштиришга қаратилди;

учинчидан, бино-иншоотларнинг энергия тежамкорлиги, санузеллар, велойўлаклар ва йўл чорраҳалари бўйича намунавий лойиҳалари ва норматив талаблари замон талабларига мослаштирилди.

Давлатимиз раҳбари қайта-қайта таъкидлаб келаётганидек, одамларни рози қилиш бош мақсадимизга айланган. Бу қурилиш ва коммунал хизмат кўрсатиш соҳасида ҳам ўз аксини топмоқда.

Навбатдаги яна бир муҳим масала – соҳага малакали кадрларни жалб қилиш. Янги Ўзбекистонда қурилиш-бунёдкорлик ишлари авж олмоқда. Бу, табиийки, билимли, тажрибали лойиҳачилар, архитекторларни талаб этадиган жараён.

Шу боис, мутахассисларимиз Туркия, Япония, Жанубий Корея каби ривожланган давлатлардаги ҳамкасблари билан тажриба алмашиб, қурилиш соҳасига доир илғор технологияларни ўзлаштириб келмоқда.

Умуман олганда, бугун мамлакатимизда қурилиш соҳасининг янги авлоди ва замонавий услублари шаклланмоқда.

Президентимиз Мурожаатномада “Тараққиётга фақат машаққатли ва жасоратли меҳнат орқали эришилади”, деб таъкидлади. Бугун биз ҳам ўз фаолиятимизни, келгуси режа ва мақсадларимизни мана шу ҳақиқат талабларидан келиб чиқиб белгилаб олдик.

Албатта, халқимизни рози қилиш йўлида ҳали қиладиган ишларимиз кўп. Бунинг учун, аввало, Президентимизнинг фармон ва қарорларида белгиланган вазифалар ижросини оғишмасдан, сўзсиз таъминлаш талаб қилинади. Шундай экан, биз ўзимизга билдирилган ишончни оқлаш учун бор имкониятимизни ишга соламиз.

Манба: «Янги Ўзбекистон»

Поделиться