Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
Элчи Хуршид Мирзоҳидов: Ўзбекистон ва Қирғизистон ўзаро муносабатларда юксак натижаларни қўлга киритди
2023-01-26 | Сиёсат
Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Қирғизистонга давлат ташрифи арафасида “Дунё” АА мухбири мамлакатимиз элчиси Хуршид Мирзоҳидов билан мамлакатларимиз ўртасидаги ўзаро муносабатларнинг ривожланиши ва унинг истиқболлари ҳақида суҳбатлашди.
- Ўзбекистон ва Қирғизистон ўртасидаги ҳамкорликнинг замонавий ҳолати ҳақида сўзлаб беришингизни сўраймиз...
- Ўзбекистон-Қирғизистон муносабатлари ҳақида гапирар эканман, икки давлат ўртасидаги серқирра ришталарнинг мустаҳкам пойдевори ва асосий тамойилларини яратган умумий тарих, кўп асрлик ўзаро ҳурмат ва яхши қўшничилик анъаналарини эслашни истар эдим.
Икки давлатнинг замонавий алоқалари қисқа давр ичида сезиларли даражада мустаҳкамланди ва кенгайди. Олий ва юқори даражалардаги, шу жумладан, йирик халқаро ва минтақавий ташкилотлар – БМТ, МДҲ, Шанхай ҳамкорлик ташкилоти, Туркий давлатлар ташкилоти ва бошқа тузилмалар доирасидаги мунтазам учрашувлар икки томонлама ҳамкорликнинг юқори даражада эканлигининг яққол тасдиғи бўлиб хизмат қилмоқда.
Икки мамлакат раҳбарлари Шавкат Мирзиёев ва Садир Жапаровнинг 2021 йилдаги самарали учрашуви барча соҳалардаги муносабатлар ривожида янги босқични бошлаб берганига барчамиз гувоҳ бўлиб турибмиз.
Шунингдек, 2022 йили Ўзбекистон Президентининг Марказий Осиё давлатлари раҳбарларининг маслаҳат учрашуви ишида иштироки доирасида Қирғизистонга, Қирғизистон Президентининг Шанхай ҳамкорлик ташкилоти ва Туркий давлатлар ташкилоти саммитлари доирасида Ўзбекистонга амалий ташрифлари бўлиб ўтди. Бундан ташқари, мамлакатимиз делегацияларининг Қирғизистонга қатор юқори даражадаги ташрифлари ташкил этилди.
Ўзбекистон ва Қирғизистон етакчиларининг сиёсий иродаси ҳамда икки томонлама ҳукуматлараро комиссиянинг машаққатли меҳнати самарасида мамлакатларимиз ўртасидаги давлат чегарасини делимитация қилиш бўйича энг мураккаб масалалар ҳал этилди. Ва бу, мен айтмоқчиманки, бизнинг ўзаро муносабатларимиздаги жуда улкан натижалардир!
Ҳамкорликдаги саъй-ҳаракатлар туфайли мамлакатларимиз ўртасидаги товар айланишида барқарор ўсиш кузатилмоқда. Сўнгги 6 йил мобайнида ўзаро товар айланмаси ҳажми 7 баробардан кўп ўсди ва 2022 йили унинг ҳажми 1,26 миллиард долларга етди, саноат ва инвестиция кооперацияси соҳасидаги ҳамкорлик равнақ топмоқда.
- Бўлажак давлат ташрифидан нималар кутилмоқда ва икки давлат раҳбарлари томонидан ўзаро муносабатларни янада ривожлантириш учун қандай устувор йўналишлар белгиланади?
- Ўзбекистон Президентининг ушбу давлат ташрифи мамлакатларимиз ўртасидаги стратегик шерикликни янада ривожлантириш учун улкан аҳамият касб этади.
Буни ташриф давомида имзолаш учун тайёрланган ҳужжатлар тўплами ҳам тасдиқлайди.
Қирғизистонда автомобиль ва тижорат техникаларини ишлаб чиқаришни ташкил этиш тўғрисидаги ҳукуматлараро битим, Ўзбекистон Республикаси Инвестициялар, саноат ва савдо вазирлиги ва Қирғизистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Инвестициялар бўйича Миллий агентлик ўртасидаги меморандум, Ўзбекистон Республикаси Инвестициялар, саноат ва савдо вазирлиги ҳамда Қирғизистон Республикаси Иқтисодиёт ва савдо вазирлиги ўртасида саноатнинг устувор йўналишларини ривожлантириш тўғрисидаги меморандум, 2023-2025 йилларга мўлжалланган, аниқ қўшма лойиҳаларни ўз ичига олган савдо-иқтисодий ҳамкорлик комплекс дастури, сиёсий, маданий-гуманитар соҳалардаги бошқа қатор меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатлар шулар жумласидандир.
Мамлакатларимиз ўртасидаги ҳудудлараро ҳамкорликни кенгайтириш муҳим ўрин тутишини таъкидлаш лозим. Чегарадош вилоятлар, жумладан, Наманган ва Жалолобод, Андижон ва Ўш, Фарғона ва Боткен вилоятлари ўртасида савдо-иқтисодий ҳамкорлик бўйича комплекс дастурлар ишлаб чиқилмоқда.
Қирғизистонга олий даражадаги ташриф арафасида, 26 январь куни Бишкек шаҳрида икки давлат вилоят ҳокимликлари раҳбарлари ва тадбиркорларини кенг жалб этган ҳолда бизнес-форум бўлиб ўтди. Икки давлатнинг ваколатли давлат органлари ва тадбиркорлари 1,5 миллиард долларлик янги инвестиция шартномалари ва савдо шартномаларини имзолашга тайёрлаб қўйган.
Гидроэнергетика ва транспорт соҳаларидаги ҳамкорлик жуда муҳим йўналиш ҳисобланади.
– Кейинги йилларда Ўзбекистонда амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар Қирғизистон аҳолиси, айниқса, ижтимоий-сиёсий, ишбилармон доиралар, фан ва маданият вакилларида қандай қизиқиш уйғотмоқда?
– Қардош Қирғизистонда кенг жамоатчилик, ижтимоий-сиёсий, ишбилармон ва илмий доиралар вакиллари Ўзбекистонда амалга оширилаётган ислоҳотларни тобора ортиб бораётган қизиқиш билан кузатиб, ижобий муносабатда бўлмоқда. Мамлакатимиз янгиликлари энг оммабоп босма ва электрон оммавий ахборот воситалари, блогерлар томонидан мунтазам равишда ёритиб борилмоқда.
Қирғизистон экспертлари кўпинча валюта курсларини унификация қилиш, валюта бозорини либераллаштириш, жорий амалиётлар учун конвертацияни таъминлаш, товарлар ва одамларнинг трансчегаравий ҳаракатидаги қатор маъмурий тўсиқларни бартараф этиш, божхона тўловларини камайтириш, банк сектори ва пул муомаласини ислоҳ қилиш, солиқ соҳасидаги туб ўзгаришлар, қатор маъмурий чекловлар ва бизнес юритиш харажатларини қисқартиришдаги муваффақиятли натижаларни мунтазам қайд этади.
Маъмурий ислоҳотлар, аграр соҳадаги ўзгаришлар, давлат корхоналарини таркибий ўзгартириш ва хусусийлаштириш каби бошқа қатор муҳим йўналишларда ҳам қирғиз экспертлари, сиёсатчилари, иқтисодчилари ва ишбилармон доиралари вакиллари томонидан ижобий фикрлар билдирилмоқда.
– Ўзбекистон кейинги йилларда хорижлик сайёҳлар учун жозибадор йўналишга айланди. Мамлакатларимиз ўртасидаги бу борадаги ҳамкорлик истиқболлари қандай?
– Мамлакатларимиз ўртасида туризм соҳасидаги ҳамкорлик фаол ривожланмоқда. Авваламбор, биз яқин қўшнилармиз, Ўзбекистонда кўплаб қирғизларнинг қариндош-уруғлари, дўстлари бор ва аксинча.
Оилавий мулоқотдан ташқари, Ўзбекистоннинг бой тарихий ва маданий мероси ҳам катта қизиқиш уйғотади. Мамлакатимиз Марказий Осиёда туризм соҳасида улкан салоҳиятга эга. Президентимиз Шавкат Мирзиёев ташаббуслари билан туризм инфратузилмаси тубдан янгиланиб, бу соҳага давлат томонидан кўмак берилаётгани Қирғизистон экспертлари томонидан алоҳида таъкидлаб ўтилмоқда.
Жаҳон илм-фани ва маданияти тарихида ўчмас из қолдирган буюк инсонлар яшаб, ижод қилган қадимий шаҳарлар, меъморий обидалар билан танишиш истагида бўлган қирғизистонлик сайёҳлар сони ортмоқда. Мавжуд маълумотларга кўра, 2022 йилда Ўзбекистонга Қирғизистондан 1 миллион 300 минг нафардан ортиқ, ўз навбатида, Қирғизистонга қарийб 2,5 миллон нафар фуқаролар ташриф буюрган. Қулай жуғрофий жойлашув, тўғридан-тўғри ҳаво ва автобус қатновларининг мавжудлиги мамлакатларимиз ўртасида туризмни ривожлантириш учун жуда қулай шароит яратмоқда.
Манба: “Дунё” ахборот агентлиги