Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
Японияда “Ўзбекистон билан танишинг” деб номланган тадбир бўлиб ўтди
2023-01-20 | Туризм
Мамлакатимизнинг Токиодаги элчихонаси томонидан Япониянинг “Zion Investment Trust” компанияси билан ўзаро ҳамкорликда “Ўзбекистон билан танишинг” деб номланган тадбир ташкил этилди.
Уни уюштиришдан кўзланган мақсад Япониянинг сармоя, савдо ва туризм йўналишида фаолият олиб бораётган етакчи компаниялари ва ОАВ вакилларига Ўзбекистонда амалга оширилаётган ислоҳотлар, мамлакатимизнинг инвестиция жозибадорлиги ҳамда туризм салоҳияти ҳақида тақдимотлар ўтказиш билан изоҳланади.
Тадбирда Япониянинг етакчи компаниялари, ташкилот ва уюшмаларининг 50 нафардан ортиқ вакиллари, шунингдек, ушбу тадбирни Япония ОАВларида кенг ёритиш мақсадида “Asahi TV”, “TBS”, “Fuji TV” каби етакчи телерадиокомпаниялар, “Yomiuri shimbun”, “Jiji tsushin”, “Daily”, “Oricon news” каби оммавий ахборот воситаларининг 20 нафардан ортиқ журналистлари ҳозир бўлишди.
адбир аввалида Ўзбекистоннинг Япониядаги Фавқулодда ва Мухтор элчиси М.Абдураҳмонов томонидан сўнгги йилларда Ўзбекистонда амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар самараси сифатида япон ишбилармон доиралари вакилларининг мамлакатимизга бўлган қизиқиши тобора ортиб бораётгани таъкидланди.
“Zion Investment Trust” компаниясининг бош ижрочи директори К.Ямамото Ўзбекистоннинг сармоявий ва сайёҳлик салоҳияти, хорижий инвесторларга яратилган қулайликлар, давлат мулкларини хусусийлаштириш ҳамда хусусий мулк дахлсизлигини таъминлаш бўйича сўнгги йилларда амалга оширилаётган ислоҳотлар ҳақидаги фикр-мулоҳазаларини ўртоқлашди. К.Ямамото япон компаниялари Ўзбекистонда тўқимачилик, қурилиш, кўчмас мулк, ахборот технологиялари ва хизмат кўрсатиш соҳаларида фаолликни янада оширишга даъват этди.
Шунингдек, тадбирда Япониянинг машҳур телебошловчиси Хидеюки Накаяма ҳамда Youtube видеохостингида салкам 1 миллион кузатувчисига эга бўлган блогер Нео Ўзбекистоннинг тарихий шаҳарлари, қадимий обидалари, урф-одат ва анъаналари ҳамда иқтисодий салоҳияти ҳақида викторина ўтказди. Бу тадбир иштирокчиларида катта қизиқиш уйғотди.
Манба: “Дунё” ахборот агентлиги