Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
Ўзбекистон-Буюк Британия ҳамкорлигини кенгайтириш истиқболлари
2023-01-20 | Иқтисодиёт
Жорий йилнинг 19 январь куни Инвестициялар, саноат ва савдо вазири Лазиз Кудратов Буюк Британия ва Шимолий Ирландия Бирлашган Қироллигининг Ўзбекистон Республикасидаги Фавқулодда ва Мухтор Элчиси Тимоти Торлатонни қабул қилди.
Учрашувда инвестициявий, савдо-иқтисодий соҳаларда қўшма лойиҳа ва келишувларни амалга ошириш, Ўзбекистон-Буюк Британия ҳамкорлигини кенгайтириш истиқболлари муҳокама қилинди.
Ўзаро савдода ижобий динамика қайд этилди. Ўтган йил давомида товар айирбошлаш ҳажми қарийб 15 фоизга ошиб, 203,2 миллион долларни ташкил этди. Кўрсаткичларни, жумладан, Буюк Британияга экспортни диверсификация қилиш ва Буюк Британиянинг Кенгайтирилган умумий имтиёзлар тизими (GSP Enhanced Framework) бенефициарининг барча имкониятларидан фойдаланиш орқали ошириш бўйича келишувга эришилди. Масалан, мазкур тизим доирасида 2022 йилда Ўзбекистон маҳсулотларини Буюк Британияга етказиб бериш 30 фоизга ошган.
Инвестициявий ҳамкорликни янада ривожлантириш масаласи муҳокама қилинди. Сўнгги бир неча йил ичида Ўзбекистонда Британия капитали иштирокидаги корхоналар сони 50 фоиздан ортиқ ўсиб, 331 тага етди. Улар иқтисодиётнинг турли тармоқлари, жумладан, қишлоқ хўжалиги, фармацевтика, озиқ-овқат маҳсулотлари ишлаб чиқариш ва бошқа соҳаларда фаолият юритмоқда.
Томонлар «"Standard Chartered" ва "UK Export Finance"» молиявий институтларини тоғ-кон ва металлургия саноатидаги лойиҳаларни амалга ошириш, шунингдек, темир йўл транспортини ривожлантиришга жалб этиш имкониятларини муҳокама қилдилар.
Учрашувда ўтган йил охирида Тошкент шаҳрида бўлиб ўтган Савдо ва саноат бўйича Ўзбекистон-Буюк Британия кенгаши (UBTIC) йиғилиши якунлари юқори баҳоланди. Унинг доирасида турли соҳа ва йўналишларда, жумладан, банк сектори ва таълим соҳаларида икки томонлама ҳамкорликни кенгайтиришга қаратилган 8 та икки томонлама ҳужжат имзоланди. Шу нуқтаи назардан, томонлар 2023 йилнинг иккинчи ярмида Лондонда UBTIC нинг юқори даражадаги учрашувини ўтказишга тайёргарлик кўришда яқин ҳамкорликни давом эттириш ниятини тасдиқладилар.
Музокаралар якунлари бўйича амалдаги келишувларнинг ижросини таъминлашга кўмаклашиш ва ҳамкорликнинг янги йўналишларини ривожлантириш мақсадида мунтазам учрашувлар амалиётини давом эттириш бўйича келишувга эришилди.
Манба: Ўзбекистон Республикаси инвестициялар, саноат ва савдо вазирлиги