Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
Хотин-қизлар ва болаларга нисбатан тазйиқ ва зўравонлик учун жавобгарлик кучайтирилди
2023-01-19 | Жамият
Сенат ҳузуридаги Хотин-қизларнинг жамиятдаги ролини ошириш, гендер тенглик ва оила масалалари бўйича республика комиссияси томонидан хотин-қизлар ва болалар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, шунингдек, вояга етмаганларга нисбатан ножўя ҳаракатларни содир этганлик учун жавобгарликни янада кучайтириш масалаларига алоҳида эътибор қаратилиб, хотин-қизлар ва вояга етмаганларга нисбатан содир этилаётган зўравонлик ва шилқимлик ҳаракатлари ҳамда бошқа салбий ҳолатлари қонунан кескин бартараф этиш зарурлиги ташаббуси илгари сурилди.
Шу мақсадда Сенатнинг 2022 йил 5 майдаги “Хотин-қизлар ва болаларнинг ҳуқуқларини ишончли ҳимоя қилиш, уларга нисбатан содир этилаётган зўравонликларга оид масалалар ҳақида”ги КҚ-345–IV-сонли Қарори билан Хотин-қизлар ва болаларнинг ҳуқуқлари, эркинликлари ҳамда қонуний манфаатларини ишончли ҳимоя қилишга қаратилган қонунчиликни такомиллаштириш масалалари юзасидан махсус ишчи гуруҳи тузилиб, унинг олдига қатор вазифалар белгилаб берилди.
Ишчи гуруҳ таркибида Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Бола ҳуқуқлари бўйича вакили, Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси, Олий суд, Ички ишлар вазирлиги, Адлия вазирлиги, “ЮНИСЕФ” халқаро ташкилоти вакиллари, “САБР” Республика ижтимоий-иқтисодий ривожланиш маркази, Фуқаролик ташаббусларини қўллаб-қувватлаш маркази, Республика “Istiqbolli Avlod” ижтимоий-ахборот маркази, “ISTIQLOL AVLODI” ижтимоий-иқтисодий, ҳуқуқий қўллаб-қувватлаш маркази, “Nihol” ташаббусларни қўллаб-қувватлаш ва ривожлантириш маркази, ҳуқуқшунос олимлар, ҳамда жамоатчилик фаоллари шунингдек, Nemolchi.uz сайти вакиллари фаол иштирок этди.
Сенат ишчи гуруҳи томонидан парламент назорати доирасида хотин-қизлар ва болаларнинг ҳуқуқлари, эркинликлари ҳамда қонуний манфаатларини ҳимоя қилишга қаратилган қонунчиликни такомиллаштириш масалалари ўрганилиб, мазкур масалага оид норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар хатловдан ўтказилди, кўплаб давлатлар хорижий тажрибаси таҳлил қилинди.
Хусусан, АҚШ, Буюк Британия, Германия, Швеция, Болгария, Австралия, Хитой, Россия, Беларусь, Украина, Грузия, Арманистон, Озарбайжон ҳамда Марказий Осиё давлатларининг қонунчилиги ўрганиб чиқилди.
Ишчи гуруҳи 2022 йилнинг май-декабрь ойлари давомида фаолият олиб бориб, бунинг натижасида қатор қонунларга ўзгартириш ва қўшимчаларни кўзда тутувчи комплекс қонун лойиҳаси ишлаб чиқилди. Сенатнинг қонунчилик ташаббуси мавжуд эмаслиги нуқтаи назаридан ушбу қонун лойиҳаси тегишли тартибда Ҳукуматга тақдим этилди (ҳозирда қонун лойиҳаси regulation.gov.uz да жойлаштирилган).
Мазкур қонун лойиҳасини ишлаб чиқишда фаол иштирок этган барча давлат ва нодавлат ташкилотлари вакилларига, шунингдек, олимлар, жамоатчилик фаолларига Сенат раҳбарияти томонидан миннатдорлик билдирилади. Шу билан биргаликда, Сенат ҳузуридаги ишчи гуруҳ мазкур қонун лойиҳаси қабул қилиниши, унинг амалиётга тадбиқ этилиши ҳамда самарали таъминланиши бўйича ўз фаолиятини изчил давом эттиради.
Манба: Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати