Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
Иқтисодий ҳамкорлик ташкилоти Ташқи ишлар вазирлари Кенгашининг бўлажак йиғилиши тўғрисида
2023-01-11 | Сиёсат
2023 йил 23-24 январь кунлари Тошкент шаҳрида Ўзбекистон Республикаси раислигида Иқтисодий ҳамкорлик ташкилоти (ИҲТ) Ташқи ишлар вазирлари кенгашининг йиғилиши бўлиб ўтади.
Ўзбекистоннинг мазкур тузилмага раислиги доирасида ўтказилаётган тадбирда ташқи ишлар вазирлари бошчилигидаги ИҲТга аъзо давлатлар делегациялари, шунингдек, Ташкилот Бош котиби Х.Нозирий иштирок этади.
Йиғилишни ёритиш истагини билдирган миллий ва хорижий оммавий ахборот воситалари вакиллари Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлигига қуйидаги ҳужжатларни тақдим этишлари керак:
1) мухбирни аккредитация қилиш тўғрисидаги ОАВ раҳбарияти мурожаати;
2) ОАВ тўғрисидаги маълумот;
3) аккредитациядан ўтадиган шахсларнинг таржимайи ҳоли (резюме / CВ), паспорт нусхаси ва фотосурати (3х4 ўлчамда, камида 240х320 пиксел , кўпи билан 600х800 пиксел, тўлиқ юз кўринган ҳолда, оқ фонда);
5) тўлдирилган анкета
Оммавий ахборот воситаларидан аризалар 2023 йил 20 январь Тошкент вақти билан соат 18:00 гача Ўзбекистон Республикасининг хориждаги дипломатик ваколатхоналари орқали ёки бевосита Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлигига, жумладан eco-press@mfa.uz электрон манзили орқали қабул қилинади.
Белгиланган муддатдан кейин келиб тушган аризалар, шунингдек зарур маълумотлар ва тўлдирилган анкета илова қилинмаган мурожаатлар кўриб чиқиш учун қабул қилинмайди.
Шу билан бирга, саммитни ёритишда иштрок этиш учун хорижий ОАВнинг топширган аризалари Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги томонидан уларнинг аккредитация қилинганлиги тўғрисидаги тасдиқномасиз Ўзбекистонга ташриф буюриш ва журналистик фаолияти билан шуғулланиш учун асос бўла олмайди.
Манба: Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги