Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
Жиддада Ўзбекистон делегацияси аъзолари Саудия Арабистони Ҳаж ва умра ишлари вазирлиги раҳбарияти билан учрашдилар
2023-01-09 | Жамият
Жидда шаҳрида Ўзбекистон делегацияси ҳамда Саудия Арабистонининг Ҳаж ва умра ишлари вазирлиги раҳбарияти ўртасида учрашув бўлиб ўтди

Мулоқот чоғида Саудия Арабистони ҳаж ва умра ишлари вазири Тавфиқ бин Фавзон ар-Рабиа ҳамда Ўзбекистон Президентининг маслаҳатчиси Музаффар Комилов, Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Нуриддин домла Холиқназаров ва Дин ишлари бўйича қўмита раиси Содиқжон Тошбоев иштирокида ўзаро алоқаларнинг истиқболлари ҳамда 2023 йилги ҳаж мавсумини юқори даражада ташкил этиш масалалари муҳокама қилинди.
Учрашувда Президент маслаҳатчиси Музаффар Комилов Ўзбекистон ва Саудия Арабистони Подшоҳлиги ўртасидаги ҳамкорлик босқичлари, ҳаж ва умра тадбирларини ташкил этиш ривожланиб бораётгани, сўнгги йилларда икки мамлакат ўртасидаги алоқалар тараққий этаётгани, Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёевнинг 2022 йил август ойида икки Муқаддас масжид ходими, Подшоҳ Салмон бин Абдулазиз Ол Сауд таклифига биноан, давлат ташрифи билан Саудия Арабистонига бориши ҳамкорлик муносабатларини янада юксак даражага кўтаришга хизмат қилаётганини алоҳида қайд этди.
Шунингдек, Музаффар Комилов Ҳаж ва умра ишлари вазири Тавфиқ бин Фавзон ар-Рабиага нуфузли анжуманга таклиф этгани ва самимий қабул учун миннатдорлик билдирар экан, мазкур ташрифдан кўзланган асосий мақсад ўзаро ҳамкорлик муносабатларини янада такомиллаштириш билан изоҳланишини маълум қилди.
Саудия Арабистони Ҳаж ва умра ишлари вазири Тавфиқ бин Фавзон ар-Рабиа сўнгги йилларда Саудия Арабистони ва Ўзбекистон ўртасидаги ҳамкорлик алоқалари ривожланиб бораётгани, Президент Шавкат Мирзиёевнинг Саудия Арабистонига буюрган давлат ташрифи ўзаро алоқаларни янги босқичга олиб чиққанини эътироф этди.
Шунингдек, вазир Саудия Арабистони фуқаролари учун Ўзбекистонга сафар қилишда визасиз тизим жорий этилгани жуда катта енгиллик эканини таъкидлаши баробарида ушбу имкониятларни Саудия Арабистонида кенг тарғиб этиш яхши натижа беришини билдирди.
Учрашувда Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Нуриддин домла Холиқназаров ва Дин ишлари бўйича қўмита раиси Содиқжон Тошбоев ҳаж ва умра зиёратчиларига хизмат кўрсатиш сифатини янада ошириш борасидаги ўз фикр-мулоҳазаларини билдирдилар.
Музокараларда Мадина шаҳридаги Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам сийратларига оид инновацион музей каби Самарқанд вилоятидаги Имом Бухорий мажмуасида ҳам мазкур буюк муҳаддис ҳаёти ва ижодига бағишланган музей барпо этиш ишлари жадал давом эттирилаётгани маълум қилинди.
Ўз навбатида, Саудия томони ушбу музейнинг очилиш маросимига бориш ниятида эканини билдирди.
Манба: Ўзбекистон мусулмонлари идораси